Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4- САБОҚ

Масъулиятли бўлишни ўргатинг

Масъулиятли бўлишни ўргатинг

МАСЪУЛИЯТЛИ БЎЛИШГА НИМА КИРАДИ?

Масъулиятли инсонлар ишончли бўлишади. Улар топширилган вазифани яхши ва ўз вақтида бажаришади.

Имкониятлари чегараланганига қарамай, кичик ёшдаги болалар ҳам масъулиятли бўлишни ўргана олади. Бир китобда шундай дейилади: «Ўн беш ойлик бўлганда болаларда ҳамкорлик қилиш қобилияти уйғонади, ўн саккиз ойлик бўлганида эса ота-онаси қилаётган ишларни такрорлаш истаги пайдо бўлади. Кўплаб маданиятларда ота-оналар беш-етти ёш оралиғидаги болаларига уй ишларида қандай ёрдам бериш мумкинлигини кўрсата бошлашади. Кичкина бўлишларига қарамай, болалар анчагина уй юмушларини яхши бажара олишади». («Parenting Without Borders»)

НЕГА МАСЪУЛИЯТЛИ БЎЛИШ МУҲИМ?

Кўплаб ёшлар балоғатга етиб мустақил ҳаётга қадам қўйгач, муаммоларни ҳал қила олмайди. Кўп ҳолларда бу уларга пулни тўғри сарфлаш, рўзғор юритиш ва кундалик ишларни масъулият ила бажаришни ўргатишмагани учун содир бўлади.

Шу сабабли болангизни ҳозирданоқ масъулиятли бўлишга ўргатсангиз, у катта бўлганида ҳам тўғри йўл тута олади. Фарзанд тарбиясига бағишланган яна бир китобда шундай дейилган: «Болангиз ўн саккизга тўлгунига қадар у учун масъулиятни тўлиқ зиммангизга олиб, кейин уни бирданига реал ҳаётга қўйиб юборишни истамайсиз-ку». («How to Raise an Adult»)

МАСЪУЛИЯТЛИ БЎЛИШНИ ҚАНДАЙ ЎРГАТСА БЎЛАДИ?

Айрим уй юмушларини топширинг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ҳар қандай меҳнатнинг фойдаси бор». (Ҳикматлар 14:23)

Ота-оналар нима иш қилмасин, кичкина болалар доим уларга ёрдам бермоқчи бўлишади. Уларнинг бундай табиий истагидан фойдаланиб, болангизга баъзи уй юмушларини топширишингиз мумкин.

Айрим ота-оналар бундай қилишни исташмайди. Уларнинг фикрича, мактаб ёшидаги болаларининг шундоқ ҳам дарслари кўп, қўшимча иш топширилса улар қийналиб қолишади.

Аслида уй юмушларини бажарадиган болалар дарсларни ҳам яхши ўзлаштиришади, чунки улар ҳар қандай ишни бошлагач, охирига етказишни ўрганишган. Қолаверса, юқорида тилга олинган китобда айтилишича, «агар кичиклигидаёқ боланинг ёрдам бериш истагини сўндирсак, у “Менинг ёрдамим муҳим эмас экан” деб ўйлай бошлайди. Шунингдек, барча ишларни унинг ўрнига бошқалар қилиб қўйишига ўрганиб қолади». («Parenting Without Borders»)

Уй ишларини бажаришга одатланган болалар, худбин бўлмай, бошқаларга ёрдам беришни ўрганади. Уй ишларини бажариш болаларга оилада уларнинг муҳим ўрни борлигини ва уларга муайян масъулият юкланганини тушунишга ёрдам беради.

Хатолари учун жавобгарликни бўйнига олишни ўргатинг.

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Келажакда доно бўлишинг учун, маслаҳатга қулоқ солиб, тарбияни қабул қил». (Ҳикматлар 19:20)

Агар фарзандингиз — ўғлингиз ёки қизингиз бировнинг нарсасини билмасдан бузиб қўйса, вазиятни босди-босди қилишга шошилманг. Бола қилган ишининг оқибати учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, яъни бу вазиятда у кечирим сўраши ва ҳатто зарарни қоплаши мумкин.

Хато ва камчиликларини тан олиб болангиз қуйидагиларга ўрганади:

  • ростгўй бўлишга

  • бошқаларни айбламасликка

  • ўзини оқламасликка

  • ўринли бўлганда кечирим сўрашга