Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Юзхотирчиликни буткул йўқ қилувчи даво

Юзхотирчиликни буткул йўқ қилувчи даво

Миллионлаб инсонлар олдинги мақолалардаги фикрларни қўллашди ва юзхотирчиликни ўзларидан соқит қилишда катта муваффақиятга эришишди. Аслини олганда, барча турдаги юзхотирчиликни ўз кучимиз билан бутунлай йўқ қила олмаймиз. Ундай бўлса, юзхотирчилик қачондир тамомила бартараф этиладими?

Мукаммал ҳукумат

Инсонлар орасидаги юзхотирчиликни йўқ қилиш ер юзидаги ҳукуматларнинг қўлидан келмади. Аммо бу ҳеч бир ҳукумат бунинг уддасидан чиқа олмаслигини англатадими?

Юзхотирчиликни бартараф этиш учун ҳукуматдан қуйидагилар талаб қилинади:

  1. 1. Инсонларни бошқаларга нисбатан фикрларию туйғуларини ўзгартиришга ундаш

  2. 2. Юзхотирчилик дастидан адолатли муносабат қилишга қийналаётган одамларнинг яраларини битказиш

  3. 3. Юзхотирчиликдан бутунлай холи бўлган раҳбарларга эга бўлиш

  4. 4. Барча халқ вакилларини бирлаштириш

Муқаддас Китоб бизни Худо осмонда шундай ҳукумат ўрнатганига ишонтирмоқда. Бу ҳукумат «Худонинг Шоҳлиги» деб номланади. (Луқо 4:43)

Бу ҳукумат нималарни тақдим этишини ва амалга оширишини кўриб чиқайлик.

1. Аъло таълим

«Ер аҳолиси адолатга ўрганади». (ИШАЁ 26:9)

«Чин адолат тинчлик келтиради, чин адолатнинг ҳосили мангу хотиржамлик, хавфсизлик бўлади». (ИШАЁ 32:17)

Бу нимани англатади? Худонинг Шоҳлиги инсонларга тўғри нарсаларни ўргатади. Одамлар нима тўғрию нима нотўғри, нима адолатлию нима адолатсиз экани борасида ўрганишганида, уларнинг бир-бирига бўлган муносабати ўзгаради. Ўшанда бутун инсоният ҳар хил турдаги одамларга севгини кўрсатиш энг тўғри йўл эканини билиб олади.

2. Адолатсизликка чек қўйиш

«Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». (ВАҲИЙ 21:4)

Бу нимани англатади? Худонинг Шоҳлиги адолатсизлик дастидан одамларнинг бошига тушаётган барча азоб-уқубатларга чек қўяди. Ўшанда қачонлардир адолатсизлик қурбонига айланган инсонларда нафрат ҳиссини туйишга бошқа сабаб қолмайди.

3. Энг яхши бошқарув

«У кўзлари билан кўрганига асосланиб ҳукм қилмайди, қулоғи билан эшитгани бўйича танбеҳ бермайди. Бечораларни у ҳаққоният ила ҳукм қилади, ердаги камтаринлар манфаатини кўзлаб адолат ила танбеҳ беради». (ИШАЁ 11:3, 4)

Бу нимани англатади? Худо Шоҳлигининг Шохи бўлмиш Ҳазрати Исо ер юзи устидан холисона ва адолат ила бошқаради. Исо алайҳиссалом бир халқни бошқасидан устун қўймайди ва барча одамлар унинг адолатли қонунларига амал қилишини таъминлайди.

4. Бирлик

Худонинг Шоҳлиги инсонларга «фикрлаш ва севгида бирликни сақлашни» ва «якдил... бўлишни» ўргатади. (ФИЛИППИЛИКЛАРГА 2:2)

Бу нимани англатади? Худо Шоҳлигининг фуқаролари орасидаги бирлик шунчаки юзаки бўлмайди. Бу одамлар чинакамига «якдил» бўлишади, чунки улар ҳақиқатдан ҳам бир-бирларини севишади.