Ўқувчиларнинг саволлари
Қасам ичиш борасида Муқаддас Китобда нима дейилган?
Қасам «кўп ҳолларда Худони шоҳид сифатида тилга олиб жиддий ваъдани бажаришга сўз беришни» англатади. Қасамни оғзаки ёки ёзма тарзда бериш мумкин.
Баъзилар Исо қуйидагиларни айтгани учун қасам ичиш нотўғри, деб ўйлайди. Исо: «Умуман қасам ичманг. [...] “Ҳа” деганингиз “ҳа” бўлсин, “йўқ” деганингиз “йўқ” бўлсин. Бундан ортиғи эса Шайтондандир»,— деган. (Мат. 5:33–37) Албатта, Исо Мусонинг Қонунига кўра, исроилликлар баъзи вазиятларда қасам ичиши кераклигини ва Худонинг содиқ хизматчилари ваъда берганини билган. (Ибт. 14:22, 23; Чиқ. 22:10, 11) У шунингдек, Яҳова ҳам қасам ичганини билган. (Иброн. 6:13–17) Шунинг учун, Исо биз ҳеч қачон қасам ичмаслигимизни назарда тутмаган. Аксинча, у бўлар-бўлмасга қасам ичишдан бизни огоҳлантирган. Сўзимизда туришни муқаддас бурч деб билишимиз керак. Ваъдамизни бажаришимиз лозим.
Кимдир сиздан қасам ичишни сўраса-чи? Аввало, ичмоқчи бўлган қасамингизни бажара олишингизга амин бўлинг. Агар бунга амин бўлмасангиз, қасам ичмаганингиз яхшироқ бўлади. Худонинг Каломида шундай огоҳлантириш ёзилган: «Ваъда бериб, бажармагандан кўра, умуман ваъда бермаганинг яхши». (Воиз 5:5) Сўнг қасам ичишга оид Муқаддас Китобдаги принципларни кўриб чиқиб, тарбияланган виждонингиз асосида йўл тутинг. Ушбу принциплардан баъзилари қандай?
Баъзи қасамлар Худонинг иродасига мос келади. Масалан, Яҳованинг Шоҳидлари оила қуришганида қасам ичади. Келин-куёв Худо ва гувоҳлар олдида бир-бири билан аҳдлашади. Улар турмуш қуришганида бир-бирини севишга, ғамхўрлик қилишга ва ҳурмат қилишга сўз бериб, буни Худо бирлаштирган «никоҳда бир умр қилишга» қасам ичади. (Бошқа жуфтликлар худди шундай сўзларни айтишмаса-да, барибир Худо олдида қасам ичган бўлади). Кейин улар эру хотин деб эълон қилинади ва уларнинг никоҳи умрбод бўлиши кутилади. (Ибт. 2:24; 1 Кор. 7:39) Никоҳ аҳди тўғри, ўринли ва Худонинг иродасига мос келади.
Баъзи қасамлар Худонинг иродасига мос келмайди. Худонинг ҳақиқий хизматчилари қуролни қўлга олиб, ватанини ҳимоялаш ёки имонидан воз кечиш қасамини ичмайди. Бундай қилиш Худонинг амрларига зид. Масиҳийлар бу «дунёга тегишли» бўлмаслиги керак. Шунинг учун, турли можаролар ва баҳс-мунозараларда қатнашмаймиз. (Юҳан. 15:19; Ишаё 2:4; Ёқб. 1:27)
Баъзи қасамларни ичиш виждон масаласи. Айрим пайтларда қасам ичишдан олдин Исонинг: «Подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Аллоҳнинг ҳақини Аллоҳга беринглар»,— деган маслаҳати устида мулоҳаза юритишимиз керак. (Дейлик, масиҳий фуқаролик ёки паспорт олиш учун ариза топширди ва у давлатга содиқлик ҳақидаги қасамёдни ичиши кераклигини билиб олди. Агар бундай қасам Худонинг қонунига зид бўлса, унинг Муқаддас Китоб бўйича тарбияланган виждони бундай қилишга йўл қўймайди. Бироқ ҳукумат, унинг виждонини инобатга олган ҳолда қасамёд матнига ўзгариш киритишга рухсат бериши мумкин.
Матни ўзгартирилган қасамёдни ичиш Римликларга 13:1 даги сўзларга мувофиқ бўлиши мумкин. У ерда: «Ҳар бир инсон ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин»,— деб ёзилган. Шундай экан, масиҳий Худо талаб қилаётган ишни бажаришга қасам ичиш нотўғри эмас, деган хулосага келиши мумкин.
Кимдир бирор нарсадан фойдаланиб ёки имо-ишора қилиб қасам ичишингизни сўраса, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонингизга қулоқ солинг. Қадимги римликлар ва скифлар рост гапираётганини тасдиқлаш учун қилич билан қасам ичарди. Бу улар жанг худосининг рамзидан фойдаланаётганини билдирарди. Юнонлар эса қўлини осмонга кўтариб қасам ичарди. Шу йўсин, улар сўзлару ишларни назорат қиладиган илоҳий куч борлигини ва одамлар унинг олдида жавобгар эканини тан оларди.
Албатта, Яҳованинг хизматчиси байроқ ёки сохта топиниш билан боғлиқ ҳар қандай нарсаларни ўпиб ё сажда қилиб қасам ичмайди. Лекин судда қўлингизни Муқаддас Китобга қўйиб, фақат ростини айтиб қасам ичишингизни сўрашса-чи? Бундай қилишга қарор қиларсиз. Чунки Муқаддас Ёзувларда ҳам Худонинг содиқ хизматчилари имо-ишора билан қасам ичгани айтилган. (Ибт. 24:2, 3, 9; 47:29–31) Аммо шуни ёдда тутинг, бундай қасам ичсангиз, Худонинг олдида фақат рост жавоб бераман, деб қасам ичган бўласиз. Шунингдек, сизга бериладиган ҳар қандай саволга рост жавоб беришга тайёр бўлишингиз керак.
Яҳова билан муносабатларимизни қадрлаётганимиз учун ҳар қандай қасамни ичишдан аввал ибодат қилишимиз ва яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак. Шунингдек, бу виждонимизга ёки Муқаддас Китобдаги принципларга зид бўлмаслиги лозим. Қасам ичишга қарор қилсангиз, уни бажариш кераклигини унутманг. (1 Бутр. 2:12)