Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Ким Яҳова тарафда»?

«Ким Яҳова тарафда»?

Худойингиз Яҳовадан қўрқинглар, Унгагина хизмат қилинглар, Унга содиқ бўлиб қолинглар. ҚОНУН. 10:20

ҚЎШИҚЛАР: 27, 48

1, 2. а) Нима учун Тангри Яҳованинг тарафида бўлиш оқилонадир? б) Ушбу мақолада нимани кўриб чиқамиз?

ТАНГРИ ЯҲОВАНИНГ тарафида бўлиш оқилонадир. Ундан қудратлироқ, донороқ ва кўпроқ севадиган Шахс йўқ. Ким Унинг тарафида бўлишни хоҳламайди, дейсиз? (Заб. 96:4–6) Афсуски, Худонинг баъзи хизматчилари Унинг тарафини эгаллаши керак бўлганда сусткашлик қилган.

2 Ушбу мақолада, ўзини Яҳованинг тарафида деб билган, лекин шу билан бирга Уни ранжитадиган ишларни қилган кишиларнинг мисолларини кўриб чиқамиз. Ушбу мисоллардан Яҳовага мутлақ садоқатли қолишимизга ёрдам берадиган муҳим сабоқлар олишимиз мумкин.

ЯҲОВА ҚАЛБНИ ТЕКШИРАДИ

3. Нега Яҳова Қобилга ёрдам бермоқчи бўлган ва унга нима деган?

3 Қобилнинг мисолига эътибор берайлик. У сохта худоларга эмас, балки Яҳовага топинган. Аммо унинг топиниши Худога маъқул келмаган. Зеро, унинг қалбида ёвузлик уруғлари ниш отганди. (1 Юҳан. 3:12) Яҳова Қобилни огоҳлантириб, қуйидагича деди: «Агар яхшилик қилсанг, сендан мамнун бўлмасмидим? Лекин яхшилик қилмасанг, остонада гуноҳ пойлаб ётибди. У сени бошқаришни истайди. Бироқ сен ундан устун кела оласанми?» (Ибт. 4:6, 7) Бошқача қилиб айтганда, Яҳова Қобилга: «Тавба қилиб, Мен тарафда қатъий турсанг, Мен ҳам сен тарафда бўламан»,— деган.

4. Яҳованинг тарафини эгаллаш имкони берилганда, Қобил қандай йўл тутди?

4 Қобил фикрлаш тарзини ўзгартиргандагина, Яҳова унга марҳаматини кўрсатган бўлар эди. Лекин Қобил маслаҳатга қулоқ солмади. Нотўғри фикр ва худбинлик дастидан у ёмон ишларга қўл урди. (Ёқб. 1:14, 15) Эҳтимол, ёшроқ бўлганида Қобил Яҳовага қарши чиқишни хаёлига ҳам келтирмагандир. Аммо вақт ўтиб, у кутилмаган иш қилди: Яҳовага қарши исён кўтариб, ўз укасини ўлдирди!

5. Қандай фикрлаш тарзи Яҳованинг марҳаматини йўқотишимизга сабаб бўлиши мумкин?

5 Бугунги кунда ҳам масиҳий Қобил сингари Яҳовага топиниш билан бирга нотўғри йўл тутиши ҳам мумкин. (Яҳд. 11) Масалан, киши ахлоқсиз хаёллар суриши, имондошига ҳасад қилиши ёки ундан нафратланиши ҳеч гап эмас. (1 Юҳан. 2:15–17; 3:15) Бундай фикрлар гуноҳга етаклаши турган гап. Инсон хизматда фаол бўлиб, йиғилишларни ҳам қолдирмаслиги мумкин. Бошқалар фикрларимизу хулқимиздан бехабардир, лекин Яҳова барчасини кўриб турибди ва Унинг тарафини сидқидилдан эгалламаётганимизни билади. (Еремиё 17:9, 10 ни ўқинг.)

6. Гуноҳли истакларимиздан «устун келишимиз» учун Яҳова бизга қандай ёрдам беради?

6 Гарчи хатолар қилсак-да, Яҳова биздан шу заҳоти воз кечмайди. Хавфли йўналиш бўйлаб кетаётган бўлсак, Яҳова: «Менга қайтинглар ва Мен ҳам сизларга қайтаман»,— деб айтмоқда. (Мал. 3:7) Айниқса заифликларимиз билан курашганимизда, Яҳова ёмонликка қарши туришимизни истайди. (Ишаё 55:7) Агар шундай қилсак, Яҳова гуноҳли истакларимиздан «устун келишимиз» учун бизга маънавий, ҳиссий ва жисмоний жиҳатдан куч ато этиб, биз тарафда эканини кўрсатади. (Ибт. 4:7)

«АДАШМАНГЛАР»

7. Қай йўсин Сулаймон Яҳова билан бўлган дўстлигини йўқотди?

7 Шоҳ Сулаймоннинг мисолидан ҳам кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. У ёш бўлганида Яҳовадан йўл-йўриқ излаган. Худо унга ўзгача донолик берди ва Қуддусда ҳашаматли маъбадни қуришни ишониб топширди. Аммо Сулаймон Яҳова билан дўстлигини йўқотди. (3 Шоҳ. 3:12; 11:1, 2) Тавротга кўра, шоҳнинг «қалби тўғри йўлдан оғиб кетмаслиги учун у кўп хотин» олмаслиги керак эди. (Қонун. 17:17) Сулаймон охир-оқибат 700 та аёлга уйланиб итоатсизлик қилди. Устига-устак, унинг 300 та канизаги бор эди. (3 Шоҳ. 11:3) Унинг кўпгина хотинлари Исроил халқидан бўлмаган ва сохта худоларга сиғинган. Сулаймон бегона халқлардан бўлган аёлларга уйланиб ҳам, Худонинг қонунига қарши чиқди. (Қонун. 7:3, 4)

8. Қандай қилиб Сулаймон Яҳовани ранжитди?

8 Сулаймон Яҳованинг талабларидан аста-секин узоқлашиб, охири оғир гуноҳга қўл урди. Сулаймон Аштарет маъбудасига, сохта худо Хамўшга атаб қурбонгоҳлар қурди. Хотинларига қўшилиб бутларга сажда қилди. У бу қурбонгоҳларни Қуддус рўпарасидаги тоғда қурди. Яҳованинг маъбадини ҳам шу ерда барпо этган эди. (3 Шоҳ. 11:5–8; 4 Шоҳ. 23:13) Балки Сулаймон маъбадда қурбонликлар келтиришда давом этгани учун, Яҳова бундай итоатсизлигига кўз юмади, деб ўзини алдагандир.

9. Сулаймон Худонинг огоҳлантиришларига қулоқ солмаганининг оқибати қандай бўлди?

9 Лекин Яҳова гуноҳга ҳеч қачон кўз юммайди. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Сулаймоннинг қалби... Яҳовадан узоқлашгани учун Яҳова ундан қаттиқ ғазабланди. Аллоҳ унга икки марта зоҳир бўлиб, бошқа худоларга сажда қилмаслик ҳақида огоҳлантирган эди. Аммо у Яҳованинг берган амрига бўйсунмади». Оқибатда, Сулаймон Аллоҳнинг марҳаматию мададини йўқотди. Унинг меросхўрлари бутун Исроил устидан ҳукмронлик қила олмади ва кейинги авлодлари жиддий муаммоларга дуч келди. (3 Шоҳ. 11:9–13)

10. Яҳова билан бўлган дўстлигимизга нима хавф туғдириши мумкин?

10 Сулаймоннинг мисолидан кўрганимиздай, маънавийликка энг кўп хавф туғдирадиган нарсалардан бири Яҳованинг меъёрларини тушунмайдиган ёки уларни қадрламайдиган инсонлар билан дўстлашишдир. Улар жамоатда бўла туриб, маънан заиф бўлиши мумкин. Ёки улар Яҳовага топинмайдиган қариндош, қўшни, ҳамкасб ё синфдошлардир. Нима бўлганда ҳам, яқин дўстларимиз Яҳованинг меъёрларини юксак қадрламаса, вақт ўтиб У билан бўлган муносабатларимизга путур етказади.

Сиз мулоқот қилаётган кишилар Яҳова билан бўлган муносабатларингизга қандай таъсир қиляпти? (11- хатбошига қаранг.)

11. Дўст танлашда нима ёрдам беради?

11 1 Коринфликларга 15:33 ни ўқинг. Кўп одамларнинг яхши томонлари бор ва Яҳовага топинмайдиган кишилар доим ҳам ёмон ишларни қилмайди. Сизнинг танишларингиз ҳам шундай бўлишса, уларни яхши дўст деса бўладими? Улар Яҳова билан бўлган муносабатларингизга қандай таъсир қиляпти? Унга яқинлашишингизга ёрдам беришяптими? Улар учун нима муҳим? Масалан, улар нуқул мода, пул, компьютер, телефон, ўйин-кулги ёки шу кабилар ҳақида гапирадими? Улар бошқаларни тез-тез танқид қилиб, беҳаё ҳазиллар қиладими? Исо қуйидаги огоҳлантирувни айтган эди: «Одамнинг дилида нима бўлса, тили шуни гапиради-ку». (Матто 12:34) Борди-ю, сиз мулоқот қилаётган кишилар Яҳова билан бўлган муносабатларингизга раҳна солаётган бўлса, улар билан мулоқотни чеклаб ёки ҳатто муносабатларни узиб донолик ила йўл тутинг. (Ҳик. 13:20)

ЯҲОВА МУТЛАҚ САДОҚАТНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

12. а) Исроил халқи Мисрдан чиққанидан кўп ўтмай, Яҳова уларга нима деди? б) Худо садоқатли бўлишни сўраганда Исроил халқи қандай жавоб берди?

12 Исроил халқи Мисрдан озод бўлганидан кўп ўтмай юз берган воқеалардан ҳам сабоқ олсак бўлади. Халқ Синай тоғида йиғилганда, Яҳова уларга ҳайратланарли тарзда зоҳир бўлди. Улар қора булутни, чақмоқнию тутунни кўрди ва момақалдироқ гумбурлаганини ҳамда бурғунинг баланд овозини эшитди. (Чиқ. 19:16–19) Шу йўсин, Яҳова Исроил халқига «мутлақ садоқатни талаб қиладиган Тангри» эканини кўрсатди. Худо халқини Уни севиб, амрларига амал қиладиганларга садоқатли бўлишида ишонтирди. (Чиқиш 20:1–6 ни ўқинг.) Бу сўзлар билан Яҳова халққа: «Мен тарафда эканингизни исботласангиз, Мен ҳам сиз тарафда эканимни кўрсатаман»,— дегандай эди. Тангри Яҳованинг бундай таклифига қандай жавоб берасиз? Исроил халқи каби муносабат билдиришингиз аниқ. Улар: «Бир овоздан: “Яҳованинг ҳамма айтганларини бажарамиз”»,— деб айтган. (Чиқ. 24:3) Аммо бир оз вақт ўтгач, Исроил халқининг садоқати кутилмаган тарзда синалди.

13. Қандай вазият туфайли Исроил халқининг садоқати синалди?

13 Исроил халқи қора булутни, чақмоқни ва Худодан келган ҳайратга солувчи бошқа белгиларни кўрганда қўрқиб кетган эди. Халқнинг илтимосига кўра, Мусо уларнинг ўрнига Синай тоғида Яҳова билан гаплашишга рози бўлди. (Чиқ. 20:18–21) Мусо узоқ вақт давомида тоғдан тушмади. Исроил халқи саҳрода ишончли йўлбошчисиз қолдими? Афтидан, халқнинг имони Мусони том маънода кўриб туриш билан боғлиқ бўлган. Улар хавотирга тушиб Ҳорунга шундай деди: «Бизни бошлаб юрадиган худо ясаб бер. Чунки бизни Миср юртидан олиб чиққан анави Мусо билан нима юз берганини билмаймиз». (Чиқ. 32:1, 2)

14. Исроил халқи ўзини қандай алдаган ва уларнинг ҳаракатларига Яҳова қандай муносабат билдирган?

14 Халқ шуни билардики, бутпарастлик Яҳовага қарши жиддий гуноҳ эди. (Чиқ. 20:3–5) Аммо кўп ўтмай уларнинг ўзи олтин бузоққа сажда қила бошлади. Шундай очиқ тарзда итоатсизликни намоён эта туриб, Исроил халқи Яҳованинг тарафидамиз деб, ўзларини алдашган. Ҳатто Ҳорун бузоққа сиғинишни «Яҳовага аталган байрам» деб номлаган! Хўш, Яҳова бунга қандай муносабат билдирди? Исроил халқи Унга хиёнат қилган эди. Яҳова Мусога халқ тўғрисида «бузилиб кетди... Мен юришни буюрган йўлдан тезда оғиб кетишди» деб айтди. Яҳова ҳатто «оташин ғазабини сочиб», бутун Исроил халқини қириб ташламоқчи бўлди. (Чиқ. 32:5–10)

15, 16. Қай йўсин Мусо ва Ҳорун қатъийлик ила Яҳованинг тарафини эгаллаганини кўрсатди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

15 Яҳова Исроил халқини йўқ қилмасликка қарор қилди. У раҳм-шафқат кўрсатгани туфайли содиқ хизматчиларида қатъийлик ила Унинг тарафини эгаллаш имкони пайдо бўлди. (Чиқ. 32:14) Мусо халқ бут олдида бақираётганини, куйлаётганини ва рақсга тушаётганини кўргач, олтин бузоқни майдалаб, кукунга айлантирди. Кейин эса: «Ким Яҳова тарафда бўлса, менинг ёнимга келсин!» — деб айтди. Бунга жавобан «Левининг барча ўғиллари унинг атрофига тўпланишди». (Чиқ. 32:17–20, 26)

16 Гарчи Ҳорун бошида бутни ясашда иштирок этган бўлса-да, тавба қилди ва Левининг ўғилларига қўшилиб, Яҳованинг тарафини эгаллади. Бу садоқатли кишилар нафақат Яҳованинг тарафида бўлган, балки гуноҳга қўл урган кишиларга қўшилмаган эди. Бу доно қарор эди, чунки ўша куни минглаб одамлар бутга сажда қилгани учун ҳалок бўлди. Аммо Яҳованинг тарафида бўлганлар омон қолди. Худо уларга барака ёғдиришни ваъда қилди. (Чиқ. 32:27–29)

17. Павлуснинг олтин бузоқ ҳақидаги огоҳлантирувидан қандай сабоқ олсак бўлади?

17 Ҳаворий Павлус олтин бузоқ ҳақидаги воқеага диққат қаратиб, қуйидагича огоҳлантирган: «Бу бизга сабоқ бўлди. Уларнинг баъзиларидек бутпараст бўлманглар». Шу каби воқеалар «замоналарнинг охирида яшаётган бизлар учун огоҳлантириш сифатида ёзилган. Шундай экан, ким тик турибман деб ўйласа, эҳтиёт бўлсин, тағин йиқилиб тушмасин». (1 Кор. 10:6, 7, 11, 12) Павлус таъкидлаб ўтганидек, ҳақ топинувчилар ҳам гуноҳли ишларга қўл уриши мумкин. Васвасага берилганлар Яҳова билан муносабатларимиз яхши деб ўйлаши ҳеч гап эмас. Лекин Яҳованинг дўсти бўлишни исташ ёки Унга садоқатлиман деб айтиш доим ҳам У бизни маъқуллаётганини англатмайди. (1 Кор. 10:1–5)

18. Яҳовадан узоқлашишимизга нима сабаб бўлиши мумкин ва бунинг оқибати қандай?

18 Мусо Синай тоғидан қайтавермагач, Исроил халқи хавотирлангани сингари, бугунги кундаги масиҳийлар ҳам Яҳованинг ҳукм куни ва янги дунё ҳақидаги ваъдаси амалга ошмаётгандай туюлса, хавотирга берилиши мумкин. Ушбу ваъдалар амалга ошишига ҳали анча бордай ёки эртакдай кўриниши ҳеч гап эмас. Эҳтиёт бўлмасак, бундай фикрлаш тарзи туфайли Яҳованинг иродасини бажармай, тана истакларига берилишимиз турган гап. Вақт ўтиб, Яҳовадан узоқлашишимиз ва илгари маънан соғлом бўлганимизда ҳатто хаёлимизга келтирмаган ишларга қўл уришимиз мумкин.

19. Қайси муҳим ҳақиқатни асло унутмаслигимиз керак ва нега?

19 Шуни асло унутмангки, Яҳова Унга сидқидилдан итоатли бўлишингизни ва мутлақ садоқатни талаб қилади. (Чиқ. 20:5) Ҳақ топинишдан узоқлашиш Шайтоннинг иродасини бажаришни англатади ва бунинг охири ҳалокатлидир. Зеро, Павлус шундай деб огоҳлантирган: «Сизлар ҳам Яҳованинг косасидан, ҳам жинларнинг косасидан ича олмайсизлар; ҳам “Яҳованинг дастурхонидан”, ҳам жинлар дастурхонидан таом ея олмайсизлар». (1 Кор. 10:21)

ЯҲОВАГА СОДИҚ БЎЛИБ ҚОЛИНГ

20. Ҳатто нотўғри йўл тутганимиздан кейин ҳам, Яҳова бизга қандай ёрдам бера олади?

20 Муқаддас Китобдаги Қобил, шоҳ Сулаймон ва Синай тоғидаги Исроил халқи ҳақидаги воқеаларнинг эътиборга лойиқ ўхшаш тарафи бор эди. Улар «тавба қилиб, Худога қайтиши» мумкин эди. (Ҳавор. 3:19) Шуниси аниқки, Яҳова нотўғри йўл тутганлардан шу заҳоти воз кечмайди. Ҳоруннинг мисолидан кўрганимиздай, Яҳова уни кечирди. Бугунги кунда Яҳова Муқаддас Китобдаги воқеалар, унга асосланган адабиётларимиз ёки имондошимиз меҳр ила берган маслаҳат орқали огоҳлантириши мумкин. Огоҳлантирувларга диққатли бўлсак, Яҳова бизга раҳм-шафқат кўрсатишига ишонсак бўлади.

21. Яҳовага бўлган садоқатимиз синалган вазиятларда нима қилишга қароримиз қатъий бўлиши керак?

21 Яҳова иноятини бемақсад кўрсатмаяпти. (2 Кор. 6:1) Бу туфайли «имонсизликни ва дунёвий истакларни рад этиш» имконимиз бор. (Титусга 2:11–14 ни ўқинг.) Ушбу «ҳозирги замонда» яшар эканмиз, Яҳовага бўлган мутлақ садоқатимиз синаладиган вазиятларга дуч келамиз. Илоё, ҳамиша Яҳованинг тарафида туришга қатъий қарор қилинг. «Худойингиз Яҳовадан қўрқинглар, Унгагина хизмат қилинглар, Унга содиқ бўлиб қолинглар»,— деган сўзларни унутманг. (Қонун. 10:20)