Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Жиддий касалликка чалинганда

Жиддий касалликка чалинганда

Ўпка ва йўғон ичак саратонига чалинганимни билганимда «Бўлди, куним битди» деган фикр келди. Лекин шифокор қабулидан уйга қайтганимда «Бундай бўлишини кутмагандим, аммо бу билан курашиш йўлини излашим керак» деб ўйладим. Линда, 71 ёш.

Мен юзнинг чап томонидаги асаб толаларига таъсир қиладиган жуда оғриқли касалликка чалинганман. Баъзан кучли оғриқ сабабли тушкунликка тушардим. Кўпинча ўзимни ёлғиз ҳис этардим, ҳатто жонимга қасд қилмоқчи бўлганман. Элиза, 49 ёш.

АГАР сиз ёки яқинингиз ҳаёт учун хавфли касалликка чалинган бўлсангиз, бу қанчалик тушкунликка туширишини яхши биласиз. Касалликдан ташқари салбий ҳис-туйғулар билан курашишингиз керак. Оғир кечадиган тиббий муолажалар, даволаниш турини топиш ёки тўлов билан боғлиқ қийинчиликлар ҳамда дори воситаларининг ножўя таъсири қўрқув ва безовталикни орттириши мумкин. Боз устига жиддий касаллик туфайли юзага келадиган руҳий изтироб одамни довдиратиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Қаердан ёрдам изласак бўлади? Аксарият одамлар Худога ибодат қилиш ва Муқаддас Китобдаги таскин бахш этувчи парчаларни ўқиш чинакамига тасалли беришини пайқашди. Шунингдек, оила ва дўстлар намоён этаётган севги ҳамда уларнинг қўллаб-қувватлаши катта ёрдам беради.

БУ ВАЗИЯТДА АЙРИМЛАРГА НИМА ЁРДАМ БЕРГАН?

Ёши 58 да бўлган Роберт шундай маслаҳат берди: «Худога ишонинг, У касалликка дош беришингизга кўмаклашади. Тангри Яҳовага ибодат қилинг. Қалбингиздаги борини Унга тўкиб солинг. Ундан куч сўранг. Ижобий нуқтаи назарни сақлаш, оилангизга далда бўлиш ва касаллик билан курашаётиб хотиржам қолишингиз учун Ундан ёрдам сўранг.

Оилангиз сизни ҳиссий томондан қўллаб-қувватлаши ва ёнингизда бўлиши катта аҳамиятга эга. Ҳар куни менга бир ёки икки киши қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрайди. Турли жойларда яшайдиган дўстларим далда бериб туришади. Бу туфайли ўзимни анча яхшироқ ҳис қиламан ва таслим бўлмайман».

Агар касал кишини йўқлашга борсангиз, Линданинг мана бу сўзларини ёдда тутинг: «Бетоб бўлган киши одатий ҳаёт тарзига қайтишни хоҳлайди ва у доим ҳам касаллиги ҳақида гапиришни истамаслиги мумкин. Шунинг учун у билан одатий нарсалар ҳақида суҳбатлашинг».

Худонинг мадади, таскин берадиган оятлар, шунингдек, оила ва дўстларнинг қўллаб-қувватлаши орқали шунга амин бўлишимиз мумкинки, жиддий касалликка чалинганимизда ҳам ҳаёт яшашга арзийди.