Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Истагингизни кучайтиринг

Истагингизни кучайтиринг

Истагингизни кучайтиринг

«Чекишни ташлаганларга ёрдам берган энг муҳим омил бу — қатъиятдир». («Stop Smoking Now!»)

БОШҚАЧА қилиб айтганда, чекишни ташлаш учун аввалига кучли истакка эга бўлишингиз лозим. Хўш, бунинг учун нима қила оласиз? Йўлларидан бири чекишни ташлаш сизга қандай фойда келтириши ҳақида ўйлаб кўришдир.

Пулингизни тежайсиз. Кунига бир қути чекиш одати сизга йилига минглаб долларга тушиши мумкин. «Тамаки учун қанчалик кўп пул сарфлаганим ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман». (Гяну, Непал)

Ҳаётдан кўпроқ қувонч топасиз. «Чекишни ташлаганимда янгитдан ҳаёт бошладим ва шундан бери ҳаётим яхши томонга ўзгариб боряпти». (Регина, Жанубий Африка) Инсон чекишдан воз кечганида унинг таъм ҳамда ҳид билиш қобилияти анча яхшиланади ва одатда унинг кучи кўпайиб, ташқи кўриниши яхши томонга ўзгаради.

Соғлигингиз яхшиланади. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларининг маълумотига кўра, «чекишни ташлаш барча ёшдаги эркагу аёлларнинг соғлигига дарҳол катта фойда келтиради».

Ўзингизга нисбатан ишончингиз ортади. «Тамаки маҳсулотларининг қули бўлишни истамаганим учун чекишни ташладим. Танамни ўзим бошқаришни истайман». (Хеннинг, Дания)

Оилангиз ва дўстларингизга фойда келтиради. Америка саратон жамиятининг хабар беришича, «чекиш... атрофингиздагиларнинг соғлигига зарар етказади. [...] Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, чекувчининг олдида туриб, тамаки тутунидан нафас олиш оқибатида ҳар йили минглаб одамлар ўпка саратони ва юрак хуружидан вафот этяпти».

Яратувчингизни мамнун қиласиз. «Азизларим,... тана ва руҳиятимизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни покла[йлик]». (2 Коринфликларга 7:1) «Таналарингизни... муқаддас, Худога маъқул келадиган қурбонлик сифатида бағишланглар». (Римликларга 12:1)

«Танани булғайдиган ҳар қандай нарса Худога номаъқул эканини тушунганимда, чекишни ташлашга қарор қилдим». (Сильвия, Испания)

Одатда кучли истакнинг ўзи етарли эмас. Биз бошқаларнинг, жумладан, оила аъзоларимиз ва дўстларимизнинг ёрдамига муҳтож бўлишимиз мумкин. Улар бизга қандай кўмаклаша олади?