Ўқувчиларнинг саволлари
Ўқувчиларнинг саволлари
Яҳованинг Шоҳидлари қоннинг майда моддаларини, яъни фракцияларни қабул қиладими?
Қуйидаги жавоб «Қўриқчи минораси»нинг 2000 йил 15 июнь сонидан олинган.
Яҳованинг Шоҳидлари қон қуйдирмаслиги асосий жавобдир. Одамлар қандай фикр билдирмасин, Худонинг қон борасидаги қонуни ўзгармаслигига мутлақ аминмиз. Аммо ҳозир қон тўртта асосий қисмга ажратилгани ва ўша қисмлардан турли майда моддалар, яъни фракциялар олингани туфайли бошқа масалалар кўтарилмоқда. Бу борада қарор чиқаришдан аввал масиҳий тиббий фойда ёки зарар ҳақида ўйлашдан кўпроғини қилади. У, шунингдек, Муқаддас Китобда нима дейилгани ва чиқарадиган қарори Қодир Тангри билан муносабатларига қандай таъсир қилиши тўғрисида ўйлайди.
Асосий масалалар оддий. Нега бундай эканини билиш учун, келинг, Муқаддас Китобга асосланган тарихий ва тиббий маълумотларни кўриб чиқамиз.
Тангри Яҳова бобокалонимиз Нуҳга қонни муқаддас деб билишни айтган. (Ибтидо 9:3, 4) Исроилликларга берилган Худонинг қонунида қоннинг муқаддаслиги қуйидагича акс этган: «Исроил хонадонидан бўлган бирор киши ёки ораларингизда яшаётган мусофир қандайдир қонни истеъмол қилса, Мен ўша инсондан юз ўгираман». (Левилар 17:10) Худонинг қонунини рад этган одам бошқаларга маънан зарар етказиши мумкин эди. Шу боис Худо: «Уни ўз халқи орасидан йўқ қиламан»,— деб қўшиб қўйган. Кейинчалик Қуддусда бўлган учрашувда ҳаворийлар ва оқсоқоллар қондан сақланишимиз кераклиги борасида қарор чиқаришган. Қондан сақланиш жинсий ахлоқсизлик ва бутпарастликдан қочиш каби муҳимдир. (Ҳаворийлар 15:28, 29)
Ўша пайтлари қондан сақланиш нимани англатган? Масиҳийлар қонни — у хоҳ янги, хоҳ қуйилтирилган бўлсин — ва қони чиқарилмаган ҳайвон гўштини истеъмол қилишмаган. Бундан ташқари, қон қўшилган овқатни масалан, қонли колбасаларни ейиш ман этилган. Бу йўллар орқали қонни истеъмол қилиш Худонинг қонунига зид бўлган. (1 Шоҳлар 14:32, 33)
Тертулианнинг мил. II, III асрларга оид ёзувларидан шуни кўришимиз мумкинки, қонни истеъмол қилиш масаласи қадимда аксарият одамларни ташвишга солмаган. Қонни истеъмол қилишда масиҳийларга қўйилган ноҳақ айбловларга жавобан, Тертулиан келишувларни қон билан муҳрлаган қабилалар ҳақида айтиб ўтган. Қолаверса, у «ареналардаги жангларда баъзилар қон эпилепсиянинг давоси деб ўйлаб, мағлуб бўлган тарафнинг қонини ичганига» эътибор қаратган.
Бундай одатлар, римликлар буни соғлик йўлида қилишган бўлса ҳам, масиҳийларга тўғри келмасди. Тертулиан: «Биз ҳатто ҳайвоннинг қонини озиқ-овқатимизга қўшмаймиз»,— деб ёзган. Римликлар қон қўшилган овқат ёрдамида Исонинг чинакам издошларининг бенуқсонлигини синашган. Тертулиан шундай ёзган: «Ҳайвоннинг қонини истеъмол қилмаган масиҳийлар одамнинг қонини истеъмол қилади, деб ўйлайсизми?»
Бугунги кунда шифокорлар қон қуйдириш керак деса, камдан-кам одам бу Худонинг қонуни билан боғлиқ экани ҳақда ўйлайди. Яҳованинг Шоҳидлари яшашни исташади, лекин қон масаласида Яҳованинг қонунига итоатли бўлиш улар учун муҳимроқдир. Хўш, тиббиётга келганда, бу нимани англатади?
Иккинчи жаҳон урушидан кейин тўлиқ қонни қуйиш оммалашди. Яҳованинг Шоҳидлари бу Худонинг қонунига зид эканини тушунишди ва улар ҳанузгача шундай фикрда. Лекин тиббиёт бир жойда турмайди. Ҳозирда тўлиқ қонни эмас, балки унинг тўртта асосий таркибий қисмини эритроцитлар, лейкоцитлар, тромбоцитлар ва плазмани қуйишади. Беморнинг аҳволига қараб, шифокор қизил қон таначалари, оқ қон таначалари, тромбоцит ёки плазмани тавсия қилиши мумкин. Қоннинг асосий таркибий қисмларини қуйиш туфайли битта қон йиғиш халтачасини бир нечта беморга ишлатиш мумкин. Яҳованинг Шоҳидлари шуни тушунишадики, тўлиқ қонни ёки унинг тўртта таркибий қисмини қуйиш Худонинг қонунига тўғри келмайди. Шуниси эътиборлики, Муқаддас Китобга асосланган бундай нуқтаи назар ёрдамида улар ўзларини кўпгина хавфлардан, жумладан, қон орқали юқадиган гепатит ва ОИТС каби касалликлардан ҳимоялашади.
Аммо қондан нафақат тўртта асосий таркибий қисмни, балки майда моддалар ёки фракцияларни ҳам ажратиб олиш мумкин бўлгани учун, қуйидаги саволлар юзага келади: қоннинг фракцияларидан қай мақсадда фойдаланишади ва масиҳий бундай фракцияларга рози ё рози эмаслигини ҳал қилаётиб, нималарни инобатга олиши керак?
Қон мураккабдир. 90 фоизи сувдан иборат бўлган плазманинг ўзи кўпгина гормонларни, ноорганик тузларни, ферментларни ва фойдали моддаларни, жумладан, минераллар ҳамда глюкозани ўз ичига олади. Қолаверса, плазмада альбумин ва қон ивишига ёрдам берадиган оқсиллар ҳамда касалликлар билан курашадиган антижисмлар мавжуд. Лаборантлар қондан кўпгина оқсилларни ажратиб олиб, улардан фойдаланишади. Масалан, гемофилия, яъни қон кетишига чалинган беморларга қон ивишига ёрдам берадиган оқсил берилади. Ёки одам муайян касалликка чалинганида, шифокорлар ўша касаллик билан оғриган одам қонининг плазмасидан олинган гамма-глобулин оқсилини бериши мумкин. Қондаги бошқа плазмалар ҳам тиббиётда қўлланилади. Юқорида тилга олинганлардан қоннинг таркибий қисми бўлмиш плазмадан майда моддалар олиш мумкинлигини кўрса бўлади. a
Плазмадан турли майда моддалар олингани каби, қоннинг бошқа асосий таркибий қисмларидан: қизил қон таначаларидан, оқ қон таначаларидан ва тромбоцитлардан ҳам фракциялар олиниши мумкин. Масалан, оқ қон таначаларидан интерферон ва интерлейкинлар олинади. Вирусли касалликлар ва саратонни даволашда мазкур фракциялардан фойдаланилади. Яра битишига ёрдам берадиган фракциялар эса, тромбоцитлардан олиниши мумкин. Таркибида майда қон таначаларини ўз ичига олувчи (ҳеч бўлмаганда яхшироқ ечим топилмагунча) бошқа тиббий препаратлар ҳам пайдо бўлмоқда. Бу каби муолажалар қоннинг асосий қисмларини қуйишни англатмайди. Одатда бундай муолажаларда қоннинг асосий қисмларидан олинган фракциялардан фойдаланилади. Хўш, масиҳий бундай тиббий муолажаларни қабул қилиши керакми? Бу борада ҳеч нарса айтолмаймиз. Масиҳий вирусли касалликлар ва саратондан даволанаётиб, Худонинг олдидаги виждонига асосланиб, ўзи қарор чиқариши керак.
Баъзилар қондан олинган ҳар қандай моддани ҳатто сустлашган иммунитетни кўтаришга мўлжалланган фракцияларни рад этади. Улар Худонинг «ўзингизни қондан сақланглар» деган амри бу вазиятга ҳам тегишли, деб билишади. Қолаверса, улар Исроил халқига берилган қонунга кўра, ҳайвоннинг қони тўкиб ташланиши кераклигини таъкидлашади. (Қонунлар 12:22–24) Нега бу принцип ўринли? Гамма-глобулин қон ивишига ёрдам берадиган фракциялар ва бошқа майда моддаларни олиш учун қонни йиғиш ҳамда юқорида тилга олинганларни қондан ажратиб олиш керак. Шу боис айрим масиҳийлар тўлиқ қон ёки унинг тўртта асосий қисмини рад этганидай, қондан олинган майда моддаларни ўз ичига олувчи муолажаларни ҳам қабул қилмайди. Уларнинг қарорини ҳурмат қилишимиз керак.
Айрим масиҳийлар эса бошқача қарор чиқаришлари мумкин. Мисол учун, қайсидир масиҳий уни даволаётган шифокорга қоннинг асосий таркибий қисмларидан олинган фракциялардан фойдаланишга рухсат бериши мумкин. Ҳатто бу каби вазиятларда ҳам уларнинг қарори бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Масиҳий гамма-глобулинни қабул қилишга рози бўлар, лекин у қизил ёки оқ қон таначаларидан олинган бошқа фракцияларни қабул қилиши ёки қилмаслиги мумкин. Умуман олганда, нима учун айрим масиҳийлар қон фракцияларини қабул қилишга қарор қилишади?
«Қўриқчи минораси»нинг 1990 йил 1 июнь сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»да ҳомиладор аёл қонидаги плазмадаги оқсиллар, яъни фракциялар ҳомиланинг мустақил қон системасига ўтиши ҳақида айтилганди. Шу йўсин иммуно-глобулин онадан болага ўтади. Бу туфайли эса бола яхши иммунитетга эга бўлади. Ҳомиланинг қизил қон таначалари ўз вазифасини мустақил ўтаб бўлгач, яъни кислородни ташиб бўлгач, йўқ бўлиб кетиши керак. Қизил қон таначаларидан айримлари билирубинга айланади ва плацента орқали онага ўтади ва унинг танасида йўқ бўлиб кетади. Айрим масиҳийлар: «Битта одамнинг танасидан бошқасига қон фракциялари шундай табиий йўл орқали ўтар экан, демак қон плазмаси ёки қон таначаларидан олинган фракцияларни қабул қилса бўлади»,— деган хулосага келиши мумкин.
Фикрлар ва виждон асосида чиқарилган қарорлар турли экани бу муҳим масала эмаслигини англатадими? Йўқ, бу жиддий масала. Умуман олганда, бу масаланинг жавоби оддий. Юқоридаги маълумот шуни кўрсатяптики, Яҳованинг Шоҳидлари тўлиқ қон ва унинг асосий таркибий қисмларини қуйишдан бош тортишади. Муқаддас Китобда масиҳийларга ўзларини бутларга бағишланган нарсалардан, қондан ва зинодан сақлаш айтилган. (Ҳаворийлар 15:29) Бундан ташқари, қоннинг асосий таркибий қисмларидан олинадиган фракцияларга келганда, ҳар бир масиҳий яхшилаб ибодат ила мулоҳаза юритгач, виждонига асосланиб қарор чиқариши керак.
Кўплар тезда фойда келтирадиган муолажаларни, ҳатто бу соғлиққа хавф туғдирса ҳам (кўпинча қон билан боғлиқ маҳсулотларда шундай бўлади), қабул қилишга тайёр. Худони хурсанд қилишни истаган масиҳий бу масалага кенгроқ ва мувозанат ила қараб, жисмоний эҳтиёжларидан кўпроқ нарсани инобатга олади. Яҳованинг Шоҳидлари сифатли, тиббий ёрдам олишга интилади ва ҳар қандай муолажанинг хавфли ҳамда фойдали томонларини тарозига солиб кўради. Лекин қондан олинадиган моддаларга келганда, улар ҳаёт манбаи бўлмиш Худо нима деяётгани ҳамда У билан бўлган муносабатлари устида чуқур фикр юритишади. (Забур 36:9)
Масиҳий қуйидаги сўзларни ёзган сано бастакори каби ишончга эга бўлса, бу унга барака келтиради. (Забур 84:11, 12)
[Изоҳ]
a «Қўриқчи минораси»нинг 1978 йил 15 июнь (ингл.) ва 1994 йил 1 октябрь (рус) сонларидаги «Ўқувчиларнинг саволлари» туркумига қаранг. Фармацевтик фирмалар қонни ўз ичига олмаган синтетик дори воситаларини ишлаб чиқишди. Шифокорлар мазкур воситаларни илгари қўлланилган қон фракцияларининг ўрнига тавсия этишлари мумкин.
[31- саҳифадаги рамка]
ШИФОКОРДАН НИМА ҲАҚДА СЎРАСАНГИЗ БЎЛАДИ?
Борди-ю, сизга операция ёки қонни ўз ичига олувчи қандайдир тиббий муолажа қилишмоқчи бўлишса, шифокордан шундай сўранг:
Мени даволаётган барча тиббиёт ходимлари Яҳованинг Шоҳиди эканимни ва ҳар қандай вазиятда ҳам менга қон (тўлиқ қон, қизил қон таначалари, оқ қон таначалари, тромбоцитлар ёки плазма) қуйишларига рози эмаслигимни билишадими?
Шифокор тайинлаган дори воситаси таркибида қон плазмаси, эритроцитлар, лейкоцитлар ёки тромбоцитлар бўлса, шундай сўранг:
Бу дори воситасида қоннинг тўртта таркибий қисмини ташкил этувчи моддалар мавжуд эмасми? Агар мавжуд бўлса, таркибини билмоқчи эдим.
Шифокор қондан олинган мазкур дори воситасини қай миқдорда тайинлайди ва у қай йўсин қабул қилинади?
Агар виждоним ушбу фракция ёрдамида даволанишга йўл қўйса, бу усул билан даволанишнинг қандай хавфли томонлари бор?
Виждоним бундай фракция ёрдамида даволанишга йўл қўймаса, қандай муқобил муолажалар мавжуд?
Бу масалани атрофлича кўриб чиққач, чиқарган қарорим ҳақида сизни қачон хабардор қилсам бўлади?