Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худони шарафлайдиган қарорлар қабул қилинг

Худони шарафлайдиган қарорлар қабул қилинг

Худони шарафлайдиган қарорлар қабул қилинг

Ақлли қадамини ўйлаб босади. ҲИК. 14:15

1, 2. а) Қандай қарор чиқармайлик, асосий мақсадимиз нимадан иборат бўлиши керак? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

 ЭҲТИМОЛ ҳар куни кўплаб қарорлар қабул қилармиз. Улардан баъзилари вақтинчалик аҳамиятга эга. Айримлари эса бутун ҳаётимизга таъсир қилади. Лекин қарорларимиз муҳим ёки унчалик аҳамиятсиз бўлишига қарамай, асосий мақсадимиз Аллоҳни шарафлашдир (1 Коринфликларга 10:31 ўқинг).

2 Сиз учун қарорлар қабул қилиш осонми ёки қийинми? Агар етуклик сари интилаётган бўлсак, яхшини ёмондан ажратишни ўрганиб, бошқанинг эмас, ўз эътиқодимизни акс эттирувчи қарорлар қабул қилишимиз лозим (Рим. 12:1, 2; Иброн. 5:14). Яхши қарор қабул қилишни ўрганиш кераклигининг айрим муҳим сабаблари нимадан иборат? Нега баъзан қарор чиқариш қийин? Худони шарафлайдиган қарор чиқарганимизда амин бўлишга қандай қадамлар ёрдам беради?

Қарорлар чиқаришдан мақсад

3. Қарорларимизга нима таъсир қилишига йўл қўймаслигимиз лозим?

3 Муқаддас Китоб қонун-қоидаларига нисбатан қатъиятли бўлмасак, мактабдошлар ёки ҳамкорларимиз биз ҳақимизда динига маҳкам эмас ва таъсирга берилувчан деган хулосага келишади. Улар бизни алдаши, қаллоблик ёки ўғрилик қилишда бошқаларга қўшилишга ёки уларнинг қилмишини яширишга ундаши мумкин (Чиқ. 23:2). Агар киши Тангрини шарафлайдиган қарорлар чиқаришга ўрганган бўлса, қўрқув ёки одамларга ёқиш истаги Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонига таъсир қилишига йўл қўймайди (Рим. 13:5).

4. Нега баъзилар биз учун қарор чиқармоқчи бўлишади?

4 Биз учун қарор қабул қилмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси ҳам бизга зарар етказмоқчи бўлмайди. Дўстларимиз бизга ёрдам бериш ниятида, ўз маслаҳатларини бизга ўтказишга ҳаракат қилишади. Масалан, алоҳида яшаётган бўлсак ҳам, яқинларимиз манфаатимизни кўзлаб, ҳаётимизда муҳим қарорлар қабул қилишда ўзларини бурчли деб билишади. Келинг, тиббий масалани кўриб чиқайлик. Муқаддас Китоб қонни суиистеъмол қилишни жиддий қоралайди (Ҳавор. 15:28, 29). Лекин соғликка тегишли аниқ белгиланмаган ва муайян муолажани қабул қилиш ёки рад этишга нисбатан шахсий қарор қабул қилишни талаб этадиган нарсаларни инсоннинг ўзи ҳал қилиши даркор *. Яқинларимиз бундай масалада айтганларида туриб олишлари мумкин. Аммо бу борада қарор чиқараётиб, ҳар бир сувга чўмган масиҳий «ўз аравасини ўзи тортиши лозим» (Галат. 6:4, 5). Асосий мақсадимиз — одамларнинг кўнглини топиш эмас, Худонинг олдида пок виждонга эга бўлишдир (1 Тим. 1:5).

5. Қай йўсин имонимизни қайиқ каби ҳалокатга учрашидан сақласак бўлади?

5 Беқарорлик ўта хатарли бўлиши мумкин. Исонинг шогирди Ёқуб беқарор киши «барча тутган йўлида... иккиланадиган одамдир», деб ёзган (Ёқб. 1:8). Тўлқинланаётган денгиздаги рулсиз қайиқ сингари, бундай киши ўзгарувчан инсоний фикрлар таъсири остида гўё чайқалиб юради. Унинг имони қайиқ каби осонгина ҳалокатга учраб, қилмишининг оқибатларида бошқаларни айблайди (1 Тим. 1:19). Бундай оқибатлардан қандай ўзимизни сақлай оламиз? Бунинг учун «имонда барқарор» бўлиш лозим (Колосаликларга 2:6, 7 ўқинг). Барқарорликка эришиш учун, Аллоҳнинг илҳомлантирилган Каломига бўлган ишончимизни акс эттирадиган қарорлар чиқаришимиз керак (2 Тим. 3:14–17). Хўш, тўғри қарор чиқаришга нима тўсқинлик қилиши мумкин?

Нега қарор чиқариш мушкул?

6. Қўрқув бизга қандай таъсир қилиши мумкин?

6 Нотўғри қарор чиқаришдан, муваффақиятсизликка учрашдан ёки бошқаларнинг кўзида нодон бўлиб кўринишдан қўрқиш, одамни карахт қилиб қўйиши мумкин. Бундай ҳолатни тушунса бўлади. Ҳеч ким ёмон қарор чиқариб, ғам чекишни ёки уятда қолишни истамайди. Лекин Аллоҳга ва Унинг Каломига бўлган севги қўрқувни енгишга ёрдам беради. Қандай қилиб дейсизми? Худога бўлган севги муҳим қарор қабул қилишдан олдин, Муқаддас Китоб ва унга асосланган адабиётларни эътиборга олишга ундайди. Шунда кўп хатолардан ўзимизни ҳимоя қиламиз. Сабаби, Муқаддас Китоб «соддаларга идрок, ёшларга билим, фаҳму фаросат беради» (Ҳик. 1:4).

7. Шоҳ Довуднинг мисоли бизга нимани ўргатмоқда?

7 Биз доим тўғри қарор чиқарамизми? Йўқ. Чунки ҳаммамиз хатога йўл қўямиз (Рим. 3:23). Мисол учун, шоҳ Довуд доно ва садоқатли киши бўлган. Аммо у баъзида нотўғри қарор қабул қилиб, оқибатда ўзи ҳам, бошқалар ҳам бундан азоб чеккан (2 Шоҳ. 12:9–12). Шунга қарамай Довуд, қилган хатолари Тангрига маъқул келадиган қарорлар чиқариш қобилиятидан маҳрум этишига йўл қўймаган (3 Шоҳ. 15:4, 5). Агар шоҳ Довуд сингари Яҳова айб ва гуноҳларимизни кечиришини ёдда тутсак, қилган хатоларимизга қарамай қарор чиқаришда журъатли бўламиз. Худо Уни севувчи ва итоаткор кишиларни доим қўллаб-қувватлайди (Заб. 50:3–6, 9–12).

8. Павлуснинг оила қуриш борасидаги сўзларидан нимани ўрганса бўлади?

8 Қарор қабул қилиш борасида ташвишларимизни камайтиришимиз мумкин. Қандай қилиб? Баъзан танлашимиз учун бир неча тўғри йўл борлигини англаб етиш орқали. Келинг, ҳаворий Павлус оила қуриш борасида қандай мулоҳаза юритганини кўриб чиқайлик. Илоҳий илҳом таъсирида у қуйидагиларни ёзган: «Агар кимдир турмуш қурмай нотўғри йўл тутяпман, деб ўйласа, илк ёшлик давридан ўтган ва оила қуришга қарор чиқарган бўлса, истагандай йўл тутсин, гуноҳ қилмайди. Бундайлар турмуш қуришсин. Бироқ кимдир бунда эҳтиёж ҳис қилмай, ўз қарорида қатъий турган ҳамда ўзини ўзи тия олиб, турмуш қурмасликка қалбида аҳд қилган бўлса, у яхши йўл тутган бўлади» (1 Кор. 7:36–38). Павлус турмуш қурмаслик яхшироқ деган, лекин ягона тўғри йўл фақат шу деб айтмаган.

9. Бошқалар чиқарган қароримизга қандай муносабатда бўлишидан ташвишланишимиз керакми? Тушунтиринг.

9 Бошқалар чиқарган қароримизга қандай муносабатда бўлишидан ташвишланишимиз керакми? Фақат қайсидир жиҳатдан. Бутларга бағишланган дея ҳисобланган егуликни истеъмол қилиш масаласида Павлус нима деганига диққатингизни қаратинг. У, бундай егуликни истеъмол қилишнинг ҳеч ёмон жойи йўқлигини, аммо бу виждони заиф кишига зиён келтиришини англаб етган. Хўш, Павлус қандай қарор чиқарган? У шундай деган: «Агар егулик дастидан биродарим қоқинаётган бўлса, уни қоқинтирмаслик учун мен асло гўшт емайман» (1 Кор. 8:4–13). Биз ҳам қарорларимиз бошқаларнинг виждонига қандай таъсир қилишини эътиборга олишимиз даркор. Асосий мақсадимиз эса, танловимиз Яҳова билан бўлган дўстлигимизга қандай таъсир қилишини инобатга олишдир (Римликларга 14:1–4 ўқинг). Муқаддас Китобдаги қайси қонун-қоидалар Аллоҳга шараф келтирадиган қарорлар қабул қилишга ёрдам беради?

Тўғри қарор чиқаришда олтита қадам

10, 11. а) Қандай қилиб оилада мағрур бўлиб кетишдан сақланишимиз мумкин? б) Жамоатга тегишли қарорлар чиқараётиб, оқсоқоллар нимани ёдда тутишлари лозим?

10 Мағрурликдан қочинг. Бирор танлов қилишдан аввал, ўзимиздан: «Ушбу қарорни чиқаришга ҳаққим борми?» — деб сўрасак яхши бўлади. Шоҳ Сулаймон: «Мағрурлик билан шармандалик келади, донолик эса камтарлар биландир»,— деб ёзган (Ҳик. 11:2).

11 Ота-оналар фарзандларига баъзи қарорларни чиқаришга имкон беришлари мумкин, бироқ болалар бунга ҳаққимиз бор, деган хулосага келмаслиги лозим (Колос. 3:20). Хотинлар ва оналар ҳам оилада муайян ҳуқуққа эгалар, аммо улар эрни бош сифатида тан олишлари керак (Ҳик. 1:8; 31:10–18; Эфес. 5:23). Худди шундай эрлар ҳуқуқлари чегараланган бўлиб, Масиҳга бўйсунушлари даркорлигини эсдан чиқармасликлари муҳим (1 Кор. 11:3). Оқсоқоллар жамоатга тегишли қарорлар чиқаришади. Шундай экан, улар Муқаддас Китобда «ёзилганлардан ташқарига чиқмаганларида» амин бўлишлари керак (1 Кор. 4:6). Шунингдек улар ишончли хизматкорнинг йўл-йўриғига аниқ риоя қилишади (Мат. 24:45–47). Ҳаққимиз бор бўлгандагина, камтаринлик билан қарорлар чиқарсак, ўзимизни ва бошқаларни кўп ташвиш ва қайғудан ҳимоялаймиз.

12. а) Нега изланиш ўтказиш керак? б) Қандай қилиб изланиш ўтказиш мумкинлигини тушунтиринг.

12 Изланиш ўтказинг. Шоҳ Сулаймон: «Меҳнаткашнинг режаси фақат мўл-кўлчилик келтиради, шошқалоқ камбағалликка учрайди»,— деб ёзган (Ҳик. 21:5). Мисол учун, бирор ишга киришиш ниятидамисиз? Ҳис-туйғуларга берилиб кетишдан эҳтиёт бўлинг. Ишга алоқадор барча далилларни кўриб чиқиб, бу масалада маълумотга эга кишилардан маслаҳат олинг. Бундан ташқари, Муқаддас Китобдаги қайси меъёрларни қўллаш мумкинлиги устидан мулоҳаза юритинг (Ҳик. 20:18). Изланиш ўтказиш учун, иккита варақ олиб, биттасига киримларни, иккинчисига чиқимларни батафсил ёзинг. Қарор чиқаришдан олдин «қанча харажат кетишини ҳисоблаб олинг» (Луқо 14:28). Шунингдек, қарорингиз нафақат моддий, балки маънавий фаровонлигингизга қандай таъсир қилишини кўриб чиқинг. Изланиш ўтказиш вақт ва ҳаракат талаб этади. Лекин бундай йўл тутиб, муаммо келтирадиган шошилинч қарор чиқаришдан қочасиз.

13. а) Ёқуб 1:5 да қанақа маслаҳат бор? б) Донолик сўраб ибодат қилиш қандай ёрдам беради?

13 Донолик сўраб ибодат қилинг. Аллоҳни ёрдамга чақирсаккина, чиқарган қарорларимиз Унга шараф келтиради. Исонинг издоши Ёқуб шундай деган: «Агар орангиздаги бирор кишига донолик етишмаётган бўлса, ҳаммага саховат билан, таъна қилмасдан берадиган Худодан сўрасин. Шунда унга берилади» (Ёқб. 1:5). Қарорлар қабул қилишда Тангрининг донолигига муҳтожлигимизни тан олишнинг уятли жойи йўқ (Ҳик. 3:5, 6). Фақат ўз тушунчамизга таянсак, осонгина йўлдан озишимиз ҳеч гап эмас. Донолик сўраб ибодат қилсак ҳамда Аллоҳнинг Каломидаги қонун-қоидалар устидан изланиш олиб борсак, муқаддас руҳ қайси ниятда муайян йўлни танламоқчи эканимизни англаб етишга кўмаклашади (Иброн. 4:12; Ёқуб 1:22–25 ўқинг).

14. Нега сусткаш бўлмаслик керак?

14 Қарор қабул қилинг. Изланиш ўтказмай ва донолик сўраб ибодат қилмай туриб, қарор чиқарманг. Доно киши «қадамини ўйлаб босади» (Ҳик. 14:15). Аммо, сусткашлик ҳам қилманг. Бундай инсон ҳеч қандай чора кўрмасликка баҳона излайди (Ҳик. 22:13). У қарор чиқаришига тўғри келганда ҳам, бошқалар уни ўрнига қарор чиқаришига йўл қўяди.

15, 16. Қарорни рўёбга чиқариш нимани ўз ичига олади?

15 Қарорни рўёбга чиқаринг. Агар қабул қилган қароримизга амал қилмасак, уни чиқариш учун сарфлаган ҳаракатларимиз пучга чиқади. Шоҳ Сулаймон: «Нима қилсангиз ҳам бор кучингиз билан қилинг»,— деган (Воиз 9:10). Мақсадга эришиш, қароримизни рўёбга чиқариш учун керакли нарсаларни ишга солишимизни талаб этади. Масалан, жамоат аъзоси кашшоф бўлиб хизмат қилишга қарор қилди дейлик. У ниятига эриша олармикин? Агар у хизмат учун керакли куч ҳамда вақтини дунёвий ишга ва ҳордиқ чиқаришга ҳаддан ортиқ сарфламаса, бунинг уддасидан чиқа олади.

16 Яхши қарорларни рўёбга чиқариш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Нега десангиз, «бутун дунё ёвуз Шайтоннинг ҳукмидадир» (1 Юҳан. 5:19). Шунингдек, «кўкдаги ёвуз руҳлар, ҳукуматлару ҳокимиятлар ва ушбу қоронғи дунё ҳукмдорлари билан курашяпмиз» (Эфес. 6:12). Ҳаворий Павлус ҳам, Исонинг шогирди Яҳудо ҳам, Худони шарафлашга қарор қилган инсон жонкуярлик билан курашиши кераклигини таъкидлашган (1 Тим. 6:12; Яҳд. 3).

17. Қарорлар қабул қилишга келганда, Яҳова биздан нимани кутади?

17 Қарорларни кўриб чиқиб, керак бўлса ўзгариш киритинг. Келажакда нима бўлишини билмаганимиз учун, баъзан қарорларимиз тузган режамиз бўйича амалга ошмайди (Ёқб. 4:13, 14). Шундай бўлса-да Яҳова, кутилмаган қийинчиликларга қарамай, айрим қарорларимизда қатъий туришимизни кутади. Ҳаётни Яҳовага бағишлаш ёки никоҳ қасамини бериш борасидаги қарорлар ўзгармасдир. Аллоҳ ушбу қарорларимизга амал қилишимизни кутади (Забур 14:1, 2, 4 ўқинг). Кўп қарорларимиз унчалик катта аҳамиятга эга эмас. Доно инсон вақти-вақти билан қабул қилган қарорларини кўриб чиқади. У мағрурлик ёки ўжарликка берилиб, қарорни ўзгартирмайди ёки фикридан қайтмайди (Ҳик. 16:18). Унинг асосий мақсади, ҳаёти ҳалиям Худони шарафлашга қаратилганига амин бўлишдир.

Бошқаларга Худони шарафлайдиган қарорлар чиқаришни ўргатинг

18. Қандай қилиб ота-она фарзандига тўғри қарор чиқаришни ўргатиши мумкин?

18 Ота-оналар фарзандларига Аллоҳни шарафлайдиган қарорлар чиқаришни ўргатишга кўп ҳаракат қилишади. Энг яхши намуна, устознинг ўзи кўрсатган ўрнакдир (Луқо 6:40). Тўғри келганда, ота-оналар болаларига ўзлари қандай қилиб қарорлар чиқаришганини тушунтириб беришлари мумкин. Шунингдек улар, баъзи қарорларни чиқаришни фарзандларига қўйиб бериб, тўғри қарор чиқаришганда уларни мақташса арзийди. Борди-ю, бола нотўғри қарор чиқарса-чи? Ота-оналар биринчи навбатда болани оқибатларидан ҳимоя қилмоқчи бўлишади. Лекин бу ҳар доим ҳам уларга фойда келтирмайди. Масалан, ота-она фарзандига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқишга рухсат бериши мумкин. Фарзанди йўл қоидасини бузиб, жарима олди дейлик. Шунда отаси ёки онаси жаримани тўламоқчи бўлади. Бироқ агар унинг ўзи ишлаб жаримани тўласа, қилган ишлари учун жавобгарликни ҳис этишни ўрганади (Рим. 13:4).

19. Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётганларга нимани ўргатишимиз даркор ва буни қандай қилса бўлади?

19 Исо шогирдларига бошқаларга таълим беришни амр этган (Мат. 28:20). Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган кишига ўргатадиган муҳим нарсалардан бири — бу, қарор чиқаришдир. Самарага эришишни истасак, унга қандай йўл тутишни айтиш истагимизга қарши туришимиз даркор. Аксинча, унга Муқаддас Китоб қонун-қоидалари устидан мулоҳаза юритишни ўргатсак яхшироқ бўлади, токи у ўзи қарор чиқарсин. Боз устига, «ҳар биримиз ўзимиз учун Худога ҳисобот берамиз» (Рим. 14:12). Дарҳақиқат барчамизда, Аллоҳни шарафлайдиган қарорлар чиқаришга жиддий сабабимиз бор.

[Изоҳ]

^ «Илоҳий хизматимиз»нинг 2006- йил ноябрь сонидаги 3–6- саҳ. «Қоннинг таркибий қисмларидан олинган майда моддаларга ва ўз қоним билан боғлиқ тиббиёт амалиётларига қандай нуқтаи назардаман?» мақоласига қ.

Марҳамат қилиб, жавоб беринг

• Нима учун қарор чиқаришни ўрганишимиз даркор?

• Қўрқув қандай таъсир қилади ва уни қандай енгса бўлади?

• Худони шарафлайдиган қарор чиқариш учун қандай олтита қадам қўйиш лозим?

[Тадқиқ учун саволлар]

[16- саҳифадаги расм]

Тўғри қарор чиқаришда қадамлар

1 Мағрурликдан қочинг

2 Изланиш ўтказинг

3 Донолик сўраб ибодат қилинг

4 Қарор қабул қилинг

5 Қарорни рўёбга чиқаринг

6 Кўриб чиқиб, ўзгариш киритинг

[15- саҳифадаги расм]

Беқарор киши тўлқинланаётган денгиздаги рулсиз қайиқ сингари