Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Етти йўлбошчи, саккиз раҳнамо бугунги кунда кимларни англатади?

Етти йўлбошчи, саккиз раҳнамо бугунги кунда кимларни англатади?

Биз уларга қарши етти йўлбошчини танлаймиз, ҳатто саккиз раҳнамони тайинлаймиз. МИХО 5:5

1. Нима учун Сурия ва Исроилнинг бирлашган қўшини муваффақиятсизликка учраши тайин эди?

МИЛОДДАН АВВАЛГИ 762–759- йилларда Исроил ва Сурия шоҳлари тил бириктириб, Яҳудо шоҳлигига қарши жанг эълон қилишган. Нима мақсадда? Улар Қуддусга бостириб кириб, шоҳ Охозни тахтдан ағдаришмоқчи эди. Унинг ўрнига эса бошқасини, эҳтимол шоҳ Довуднинг наслидан бўлмаган кишини тайинламоқчи бўлишган (Ишаё 7:5, 6). Аммо уларнинг режаси муваффақиятсиз бўлиши тайин эди. Зеро Яҳова, Довуднинг насли Унинг тахтида абадий туришини эълон қилганди. Худонинг сўзлари эса доимо амалга ошган (Ёшуа 23:14; 2 Шоҳ. 7:16).

2–4. Ишаё 7:14–16 даги башорат а) мил. авв. саккизинчи асрда, б) мил. биринчи асрда қандай амалга ошганини тушунтиринг.

2 Бошида Сурия ва Исроил бирлашган қўшинининг қўли баланд келаётгандек туюлганди. Биринчи тўқнашувдаёқ шоҳ Охознинг 120 000 та баҳодир жангчиси ҳалок бўлган! «Шоҳнинг ўғли» Масиёни эса ўлдириб кетишган (2 Сол. 28:6, 7). Аммо Яҳова буни кузатиб турган. У Довудга берган ваъдасини унутмаган. Шу сабабли У Ишаё пайғамбар орқали далдали бир хабар айтган.

3 Ишаё шундай деган: «Ана, ёш аёл ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил қўяди. Ўша бола ёмонни рад этиб, яхшини танлашни биладиган... вақт келмасдан олдин, сизларни ваҳимага солаётган иккала шоҳнинг [Сурия ва Исроил] ерлари ташландиқ бўлади» (Ишаё 7:14–16). Ушбу башоратнинг биринчи қисми кўпинча Масиҳнинг туғилиш вақтига қўлланилади ва бундай қўлланилиши тўғри (Мат. 1:23). Лекин «иккала шоҳ», яъни Сурия ва Исроил шоҳлари Исо туғилган даврда Яҳудога таҳдид солмагани сабабли, Иммануил ҳақидаги башоратнинг биринчи қисми Ишаёнинг даврида амалга ошган.

 4 Пайғамбар бу муҳим эълонни айтганидан кўп ўтмай, унинг хотини ҳомиладор бўлиб, ўғил туққан ва унинг исмини Мохиршалолхошбоз деб қўйишган. Бу бола эҳтимол Ишаё айтиб ўтган «Иммануил» бўлиши мумкин *. Муқаддас Китоб даврида, янги туғилган чақалоққа бирон муҳим воқеани хотирлаш учун битта исм беришган бўлса-да, ота-онаси ва қариндошлари уни умуман бошқа исм билан чақиришарди (2 Шоҳ. 12:24, 25). Аммо Исо қачондир бу исм билан аталганига ҳеч қандай далил йўқ (Ишаё 7:14; 8:3, 4).

5. Шоҳ Охоз қандай аҳмоқона қарор чиқарган?

5 Исроил билан Сурия бутун эътиборини Яҳудога қаратган пайтда, бошқа бир халқ бу юртга қарши ҳарбий кучларини бошлаб келмоқчи бўлган. Бу — эндигина кучга тўлаётган Оссурия империяси эди. Ишаё 8:3, 4 га биноан, Оссурия жанубий Яҳудо шоҳлигига ҳужум қилишдан аввал «Дамашқнинг бойликларини олиб кетади». Охоз, Худонинг Ишаё орқали айтган сўзларига ишонмай, Оссурия билан битим тузган эди. Бироқ бу битимнинг оқибати ҳалокатли бўлиб, Яҳудо халқи оссурияликлардан жабр-зулм кўрган (4 Шоҳ. 16:7–10). Ҳа, Охоз Яҳудо халқига яхши йўлбошчилик қила олмаган. Биз ҳам ўзимиздан: «Муҳим қарорлар чиқараётганимда Худога таянаманми ёки одамларгами?» — деб сўрасак яхши бўлади (Ҳик. 3:5, 6).

ЯНГИ ЙЎЛБОШЧИ БОШҚАЧА ЙЎЛ ТУТАДИ

6. Ҳизқиё билан Охознинг бошқаруви ўртасидаги фарқни айтиб беринг.

6 Охоз мил. авв. 746- йилда вафот этганда, унинг ўғли Ҳизқиёга моддий ва маънавий томонлама инқирозга учраган Яҳудо шоҳлиги мерос бўлиб ўтган. Ёшгина тахт вориси биринчи навбатда нима қилган? Яҳудо юртининг иқтисодиётини кўтаришга киришганми? Йўқ. Ҳизқиё маънан етук инсон бўлиб, ўз халқига яхши йўлбошчилик қилган. У биринчи навбатда ҳақ топинишни тиклашга ва исёнкор халқнинг Яҳова билан барбод бўлган муносабатларини мустаҳкамлашга киришган. Ҳизқиё, Худо ундан нимани кутаётганини тушунгач, қатъият ила ҳаракат қилган. Бу биз учун нақадар яхши ўрнак! (2 Сол. 29:1–19).

7. Нега янги шоҳ левиларни қўллаб-қувватлашига ишонтириши улар учун муҳим эди?

7 Ҳақ топиниш тикланаётган пайтда Левилар муҳим вазифани бажаришган. Шу сабабли Ҳизқиё улар билан учрашиб, уларни қўллаб-қувватлашига ишонтирган. Ўша учрашувда шоҳ уларга: «Эгамиз сизларни Унинг ҳузурида хизмат қилишингиз учун... танлаб олган»,— деганида, садоқатли левиларнинг юзидан қувонч кўз ёшлари оққанини бир тасаввур қилинг (2 Сол. 29:11). Ҳа, левиларга ҳақ топинишни олға суриш борасида аниқ кўрсатма берилганди!

8. Халқнинг маънавийлигини мустаҳкамлаш учун Ҳизқиё яна нима қилган ва бу қандай натижа берган?

8 Ҳизқиё бутун Яҳудо ва Исроил халқларини улуғ Фисиҳ байрамини нишонлашга таклиф қилган эди. Фисиҳ зиёфатидан сўнг халқ етти кун давом этадиган Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлаган. Аммо халқ шунчалик хурсанд эдики, бу байрамнинг нишонланиши яна етти кунга чўзилган. Муқаддас Китобда айтилишича: «Қуддусда катта хурсандчилик ҳукм сурарди. Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймон замонидан бери Қуддусда бундай воқеа юз бермаган эди» (2 Сол. 30:25, 26). Ҳа, бу маънавий зиёфат халққа роса далда берган бўлса керак! 2 Солномалар 31:1 да шундай ёзилган: «Байрам тугагандан кейин, ўша ердаги бутун халойиқ... бутсимон тошларни парчалаб ташладилар, Ашеранинг устунларини кесдилар, cаждагоҳлар ва қурбонгоҳларни вайрон қилдилар». Кўриниб турганидек, ўшанда халқ Яҳовага қайтган. Ушбу маънавий покланиш туфайли улар бўлажак қийинчиликларни қарши олишга тайёр бўлишган.

 ШОҲ ЯҲОВАГА ТАЯНАДИ

9. а) Исроилликларнинг режаси қандай қилиб пучга чиққан? б) Санхарив Яҳудода қандай муваффақият қозонган?

9 Худди Ишаё айтганидек, оссурияликлар шимолий Исроил шоҳлигини босиб олиб, аҳолисини ҳайдаб чиқарган. Оқибатда, исроилликларнинг Яҳудо халқи учун Довуд наслидан бўлмаган кишини шоҳ қилиб тайинлаш режаси пучга чиққан. Хўш, оссурияликларнинг режаси амалга ошганми? Энди улар эътиборини Яҳудога қаратишганди. «Ҳизқиё шоҳлигининг ўн тўртинчи йилида, Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудонинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларига ҳужум қилиб, босиб олди». Хабарларга кўра, Санхарив яҳудийларнинг 46 та шаҳрини забт этган экан. Фараз қилинг, агар сиз ўша вақтда Қуддусда яшаганингизда, ўзингизни қандай ҳис қилган бўлардингиз? Яҳудо шаҳарлари Оссурия қўшинининг ҳужумига дош бера олмай, бирин-кетин вайрон бўлганди (4 Шоҳ. 18:13).

10. Михо 5:5, 6 да ёзилган сўзлар нега Ҳизқиёнинг кўнглини кўтарган бўлиши мумкин?

10 Ҳизқиё, яқинлашиб келаётган хавф-хатардан хабардор эди, аммо бутпараст халқдан ёрдам сўраган муртад отаси Охоздан фарқли равишда, у Яҳовага таянган (2 Сол. 28:20, 21). Эҳтимол у ўзининг замондоши, Михо пайғамбар айтган сўзларни эшитгандир. Михо Оссурия тўғрисида шундай башорат қилган эди: «Оссурияликлар юртимизга бостириб келса, ...биз уларга қарши етти йўлбошчини танлаймиз, ҳатто саккиз раҳнамони тайинлаймиз. Улар қилич кўтариб, Оссурияда ҳукмронлик қилишади» (Михо 5:5, 6). Илоҳий илҳом билан ёзилган бу сўзлар Ҳизқиёнинг кўнглини кўтаргани шубҳасиздир. Ахир бу сўзлар, Яҳова Оссурияга қарши ўзгача бир қўшин юборишини кўрсатиб турарди.

11. Етти йўлбошчи ва саккиз раҳнамо ҳақидаги башорат дастлаб қачон амалга ошган?

11 Етти йўлбошчи ва саккиз раҳнамо ҳақидаги башорат дастлаб Исо туғилганидан кейин амалга ошган. Башоратда, Исо Исроил халқининг йўлбошчиси бўлиши ва унинг насаби қадимларга бориб тақалиши тўғрисида айтилган эди (Михо 5:1, 2 ни ўқинг) *.  Бу башорат келажакда ҳам, замонавий «оссурияликлар», яъни душманлар Яҳованинг халқига ҳужум қилишганда амалга ошади. Ўшанда Яҳова, ҳозирда бошқараётган Ўғли орқали, қандай қўшинни душманларга қарши қилиб қўяр экан? Буни вақт кўрсатади. Лекин биз аввало, Оссурия таҳдид солганда Ҳизқиё қандай йўл тутганини билиб олишимиз керак.

ҲИЗҚИЁ ОҚИЛОНА ЙЎЛ ТУТАДИ

12. Худонинг халқини ҳимоялаш учун Ҳизқиё ва унинг ёнидагилар қандай йўл тутишган?

12 Биз муаммони ҳал қила олмаган пайтда, Яҳова доимо ёрдам беришга тайёр бўлади. Аммо У, қўлимиздан келганича муаммони ечишга ҳаракат қилишимизни хоҳлайди. Ҳизқиё айнан шундай йўл тутган. Муқаддас Китобда айтилишича, у «лашкарбошилари ва жангчиларига маслаҳат солди» ва «улар шаҳар ташқарисидаги булоқлар оқимини тўхтатишга қарор қилдилар». Боз устига, «Ҳизқиё қатъият билан ишга киришиб, бузилган деворни қурдирди, девор устига минора ўрнатди. Шаҳар деворининг ташқарисидан яна бир девор кўтартирди». Шунингдек, у «кўплаб қурол-аслаҳа ва қалқонлар ясаттирди» (2 Сол. 32:3–5). Бу вақт мобайнида Яҳова Ўз халқини ҳимоялаш учун Ҳизқиёдан, унинг лашкарбошиларидан ва содиқ пайғамбарларидан фойдаланиб келган.

13. Халқни яқинлашиб келаётган ҳужумга тайёрлаш учун Ҳизқиё қанақа муҳим иш қилган? Тушунтириб беринг.

13 Кейин эса Ҳизқиё булоқларни тўхтатишдан ёки шаҳар деворларини мустаҳкамлашдан ҳам муҳимроқ бир иш қилган. У яхши йўлбошчи бўлгани учун халқни йиғиб, қуйидаги сўзлар билан кўнглини кўтарган: «Қўрқманглар. Оссурия шоҳи ва унинг тўдалари олдида ваҳимага тушманглар, чунки буюк куч биз томонда, улар томонда эмас. Улар томонда инсоний қудрат бўлса, биз томонда Эгамиз Худодир. У бизга ёрдам беради, биз учун жанг қилади». Ҳизқиё халққа, Яҳова улар учун жанг қилиши ҳақида эслатган. Бу сўзлар халққа имон ва жасорат бахш этган. Ҳизқиё, унинг лашкарбошилари ва жангчилари ҳамда Михо ва Ишаё пайғамбарлар яхши йўлбошчилар бўлишганини намоён этишган. Ҳа, Яҳова айнан шундай йўлбошчиларни тайинлашни ваъда қилган эди (2 Сол. 32:7, 8; Михо 5:5, 6 ни ўқинг) *.

Ҳизқиёнинг сўзлари халққа жасорат бахш этган (12, 13- хатбошиларга қ.)

14. Мулозим нима деган ва халқ қандай йўл тутган?

14 Оссурия шоҳи Қуддуснинг жануби-ғарбида жойлашган Лахиш шаҳрида қароргоҳ қурган эди. Ўша ердан у учта элчисини юбориб, шаҳар аҳолисига таслим бўлишни буюрганди. Унинг «мулозим» унвонига эга бўлган бош элчиси Қуддус аҳолисига уларнинг она тилида мурожаат қилган. Шу йўл билан у халқни ўз шоҳига хиёнат қилишга ва Оссурия шоҳига таслим бўлишга ундаган. Мақсадига эришиш учун у, уларни бошқа юртга кўчиришини, ўша ерда уларнинг ҳаёти анча яхши бўлишини ёлғондан ваъда қилган (4 Шоҳлар 18:31, 32 ни ўқинг). Кейин у, бошқа халқларнинг худолари ўз хизматчиларини ҳимоя қила олмаганидек, Яҳова ҳам яҳудийларни оссурияликларнинг қўлидан қутқара олмаслигига ишонтирмоқчи бўлган. Бироқ халқ ақл билан иш тутиб, бу уйдирма гапларга эътибор бермаган. Яҳованинг хизматчилари бугунги кунда ҳам шундай йўл тутишади (4 Шоҳлар 18:35, 36 ни ўқинг).

15. Қуддус аҳолиси нима қилиши керак эди ва Яҳова шаҳарни қай йўсин қутқарган?

15 Ҳизқиё ташвишлангани табиий, аммо у ўзга халқдан ёрдам сўрамаган, аксинча, Ишаё пайғамбарнинг олдига одам юборган.  Ишаё эса унга: «Санхарив бу шаҳарга киролмас, ўқлар отолмас»,— деб айтган (4 Шоҳ. 19:32). Қуддус аҳолиси жасоратга тўлиб таслим бўлмаслиги керак эди. Улар учун Яҳова жанг қиларди. Ҳа, чиндан ҳам шундай бўлган! «Ўша кечаси Эгамизнинг фариштаси Оссурияликларнинг қароргоҳига бориб, 185.000 кишини ўлдирди» (4 Шоҳ. 19:35). Қуддус аҳолиси, Ҳизқиё булоқларни тўхтатгани ёки шаҳар деворларини мустаҳкамлагани туфайли эмас, балки Яҳованинг қудрати билан қутқарилган.

БИЗ УЧУН САБОҚЛАР

16. Бугунги кунда кимларни а) Қуддус аҳолиси, б) «оссурияликлар», в) етти йўлбошчи ва саккиз раҳнамо деб аташ мумкин?

16 Етти йўлбошчи ва саккиз раҳнамо ҳақидаги башорат бугунги кунда ажойиб тарзда амалга ошмоқда. Қадимги Қуддус аҳолисига оссурияликлар ҳужум қилган эди. Келажакда эса Яҳованинг ҳимоясиз бўлиб кўринган халқига замонавий «оссурияликлар» ҳужум қилиб, уларни ер юзидан йўқ қилиб юбормоқчи бўлишади. Муқаддас Китобда бу ҳужум ва шунингдек «Магўг юртидаги... Гўг»нинг ҳужуми, «Сурия шоҳи»нинг ҳужуми ва «ер юзи подшоҳлари»нинг ҳужуми ҳақида айтилган (Ҳиз. 38:2, 10–13; Дон. 11:40, 44, 45; Ваҳ. 17:14; 19:19). Бу ерда бошқа-бошқа ҳужумлар назарда тутилганми? Биз буни билмаймиз. Лекин Муқаддас Китобда ўша-ўша ҳужум ҳар хил тасвирланган бўлиши мумкин. Михонинг башоратига мувофиқ, Яҳова ушбу шафқатсиз душман — «Оссурияга» қарши қандай «сирли қуролни» қўллар экан? Бу қурол — «етти йўлбошчи, саккиз раҳнамо» бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас! (Михо 5:5). Йўлбошчи ва раҳнамо деб аталмиш бу ноёб жангчилар — жамоат оқсоқолларидир (1 Бутр. 5:2). Бугунги кунда Яҳова Ўзининг қимматбаҳо сурувига ғамхўрлик қилиш ва замонавий «Оссуриянинг» ҳужумига тайёрлаш учун маънан етук кишиларни мўл қилиб беряпти *. Михо пайғамбарнинг башоратига кўра, «улар қилич кўтариб, Оссурияда ҳукмронлик қилишади» (Михо 5:5). Ҳа, уларнинг қурол-аслаҳалари орасида «руҳнинг қиличи, яъни Худонинг каломи» бор (2 Кор. 10:4; Эфес. 6:17).

17. Биз кўриб чиққан воқеадан оқсоқоллар қанақа тўртта хулоса чиқаришлари мумкин?

17 Ушбу мақолани ўқиётган оқсоқоллар, биз ҳозир кўриб чиққан воқеадан фойдали хулосалар чиқаришлари мумкин: 1) «оссурияликлар»нинг ҳужумига тайёр бўлиш учун биз Худога бўлган ишончимизни мустаҳкамлаб, имондошларимизга ҳам бунда ёрдамлашишимиз керак. 2) «Оссурияликлар» ҳужум қилишганда, Яҳова бизни халос қилишига оқсоқоллар мутлақо амин бўлишлари лозим. 3) Ўша пайтда Яҳова ташкилоти орқали бераётган нажотбахш кўрсатмалар инсоний нуқтаи назардан фойдасиз бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ бизга берилган кўрсатмалар фойдасиз бўлиб кўринадими ёки йўқми, ҳар биримиз уларга амал қилишга тайёр бўлишимиз зарур. 4) Кимки бу дунёда берилаётган таълимга, моддий нарсаларга ёки одам томонидан яратилган тузумларга умид боғлаган бўлса, ҳозир ўз фикрлаш тарзини тўғрилаб олишнинг айни вақтидир. Имонида иккиланаётган ҳар бир кишига оқсоқоллар ёрдам беришга шай туришлари даркор.

18. Мазкур воқеа устида фикр юритиш келажакда бизга қандай фойда келтиради?

18 Вақти келганда, Худонинг ҳозирги хизматчилари ҳам, худди Ҳизқиё давридаги Қуддус шаҳрида тузоққа олинган яҳудийлар каби ҳимоясиз бўлиб кўринади. Ўшанда эҳтимол биз Ҳизқиё айтган сўзлардан далда топармиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, душманларимиз томонда «инсоний қудрат бўлса, биз томонда Эгамиз Худодир. У бизга ёрдам беради, биз учун жанг қилади» (2 Сол. 32:8).

^ 4- х.б. Ишаё 7:14 да «ёш аёл» деб таржима қилинган ибронийча сўз эрли хотинни ҳам, бокира қизни ҳам англатиши мумкин. Шунинг учун, бу сўз Ишаёнинг хотинига ҳам, Марям исмли яҳудий қизга ҳам бирдек қўлланилган.

^ 11- х.б. Михо 5:1, 2: «Эй Қуддус, йиққин лашкарингни! Ғанимлар бизни қуршовга олди! Улар Исроил ҳукмдорининг бетига таёқ билан уради. Аммо Эгамиз демоқда: “Эй Эфратдаги Байтлаҳм, сен Яҳудонинг митти шаҳри бўлсанг ҳам, Исроилни Мен учун бошқарадиган зот сендан чиқади. Унинг насаби қадимларга бориб тақалади”».

^ 13- х.б. Михо 5:5, 6: «Ўша зот тинчлик ўрнатувчи бўлади. Мабодо Оссурияликлар юртимизга бостириб келса, чегарамизга қадам босишса, ҳукмдоримиз бизни қутқаради. Ҳa, Оссурияликлар юртимизга бостириб келса, қалъаларни улар ёриб ўтса, биз уларга қарши етти йўлбошчини танлаймиз, ҳатто саккиз раҳнамони тайинлаймиз. Улар қилич кўтариб, Оссурияда ҳукмронлик қилишади, қилич ўйнатиб, Нимрўднинг ерида ўз ҳукмини ўтказишади».

^ 16- х.б. Муқаддас Китобда етти рақами тез-тез такрорланиши тўлиқликни билдиради. Саккиз рақами эса (еттидан биттага кўпроқ) баъзида мўл-кўлчиликни англатади.