ТАШКИЛОТИМИЗ АРХИВИДАН
«Уйимни доимо ёнимда олиб юрганман»
1929- йилнинг август–сентябрь ойларида бутун АҚШ бўйлаб қизғин ваъзгўйлик кампанияси бўлиб ўтди ва унда 10 000 дан зиёд киши қатнашди. Улар одамларга чорак миллион нусха китоб ва рисолалар тарқатишди. Ўша ваъзгўйлар орасида бир мингга яқин китоб тарқатувчилар ҳам бор эди. Уларнинг сони нақадар кўпайган эди-я! «Бюллетень»да * хабар берилишича, 1927–1929- йиллар ўртасида кашшофлар сафи уч баробар кўпайганига «ишониш қийин эди».
1929- йилнинг охирларида молиявий инқироз юз берди. Ўша йили октябрь ойининг 29- куни «Қора сешанба» деб аталди, чунки Нью-Йорк фонд биржасида нархларнинг кескин тушиши, жаҳон иқтисодиёт тузумига зарба бериб, «Буюк тушкунлик»ни юзага келтирди. Мингларча банклар касодга учради. Фермалар фаолиятини тўхтатди. Йирик заводларнинг эшиклари ёпилди. Миллионлаб одамлар ишсиз қолди. 1933- йили АҚШда кунига 1 000 киши гаровга қўйган уйини қайтиб олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлаётганди.
Шундай инқироз даврида тўла вақтли ваъзгўйлар қандай кун кечирган экан? Улар ғилдиракли уйлардан фойдаланишган. Ижара ҳақи ва солиқ тўловлари талаб қилинмайдиган, ичида яшаш мумкин бўлган фургон ва автоприцеплар, кўплаб кашшофларга хизматларини иложи борича камроқ харажатлар билан олиб бориш имконини берарди *. Анжуманлар вақтида эса, бундай мобил уйлар текин меҳмонхонага айланарди. 1934- йили «Бюллетень»да, ушбу ихчам ва шинам уйлардан самарали фойдаланиш учун сув таъминоти, овқат пиширадиган плита, йиғиладиган каравот ҳамда совуққа қарши изоляция каби қулайликлар борасида батафсил йўл-йўриқлар берилганди.
Жаҳон бўйлаб топқир ваъзгўйлар ғилдиракли уйлар қуришга тушишган эди. «Нуҳ пайғамбар кема қуриш борасида тажрибага эга бўлмаган,— деб эслайди Виктор Блэкуэлл,— мен ҳам автоприцеп барпо қилиш таржибасига эга эмасдим». Аммо у бунинг уддасидан чиқди.
Авери ва Ловениа Бристоуларнинг автофургони бор эди. Авери шундай дейди: «Мен совутидан айрилмайдиган тошбақа сингари, уйимни доимо ёнимда олиб юрганман». Бристоулар Харви ва Анни Конроулар билан биргаликда кашшоф бўлиб хизмат қилишган. Корноуларнинг мобил уйи бор эди ва унинг деворлари рубероид билан қопланганди. Улар ҳар сафар йўлга чиқишганда, рубероид қоғозлари ажралиб тушарди. «Бунақа автоприцепни ҳали ҳеч ким кўрмаган,— деб эслайди Авери,— бундан кейин ҳам бунақаси учрамаган!» Лекин, Аверининг айтишича Конроулар икки ўғли билан «энг бахтли оила» бўлишган. Харви Конроу шундай деб ёзган эди: «Биз ҳеч қачон бирор нарсага муҳтож бўлмаганмиз ва Яҳовага хизмат қилаётиб, ўзимизни хавфсиз ҳис этардик, чунки У бизга меҳр ила ғамхўрлик қиларди». Кейинчалик Конроуларнинг тўрталаси Гилад мактабига таклиф этилди ва Перуда тўла вақтли махсус ваъзгўй этиб тайинланишди.
Баттаинослар оиласи ҳам кашшоф бўлиб хизмат қилишган. Джиусто ва Винсенца, ота-она бўлишларини билишгач, 1929- йили Форд А русумли юк машиналарини уйга айлантиришган. Илгари ўзлари яшаган чодир билан таққослаганда, бу фургон «яхшигина меҳмонхонага ўхшарди». Жажжи қизалоғи билан улар севимли хизматларини давом эттиришган ва АҚШда яшовчи италиялик кишиларга ваъз этиб юришган.
Хушхабарни кўп одамлар тингларди, бироқ камбағал ва ишсизлар Муқаддас Китобга асосланган адабиёт учун ҳар доим ҳам пул эҳсон қила олмасди. Бунинг ўрнига улар турли хил фойдали нарсаларни беришарди. Иккита кашшоф, қизиқиш кўрсатган кишилардан 64 хил нарса олишганини санаб ўтишган. Улар рўйхатни ўқишганда, гўё «дўконда сотилган молларни санаб ўтгандай бўлишган».
Фред Андерсон бир фермерни учратган эди. Фермер ундан бир нечта китоб сўраб, ўрнига ўз онасининг иккита кўзойнагини берганди. Бошқа фермада эса бир киши адабиётларимизга қизиқиш кўрсатган эди-ю: «Уларни ўқиш учун кўзойнагим йўқ»,— деганди. Аммо у қўшнисининг кўзойнагини тақиб, китобларни осонликча ўқий олганда, ўша китоблар ва кўзойнак учун бажонидил хайр-эҳсон қилган.
Герберт Абботтнинг машинасида, кўтариб юрадиган товуқ катаги бўлган. Ваъзгўйликда унга учта тўртта товуқ беришса, уларни бозорга олиб бориб, сотарди ва бакни ёқилғи билан тўлдирарди. «Маблағимиз тугаб қолса нима қилардик? — деб ёзган эди у.— Ҳа, биз ишимизни тўхтатмасдик. Агар бакимизда ёқилғи бўлса, Яҳовага таяниб, йўлимизда давом этардик».
Бундай машаққатли дамларда Яҳованинг халқи Унга таянгани ва қатъиятли бўлгани туфайли бардош бера олган. Бир куни бўрон кўтарилиб, жала қуяётганида, Максвелл ва Эмми Льюислар машинадан сакраб чиқиб, унинг устига дарахт ағдарилганини ва машинани иккига бўлиб юборганини кўришган. «Бундай воқеалар бизни тўхтатмаган,— деб ёзган эди Максвелл,— биз таслим бўлишни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Ахир, қиладиган ишимиз ҳали кўп эди». Максвелл ва Эмми қўрқувга берилмай, меҳрибон дўстларининг ёрдами билан ғилдиракли уйларини таъмирлаб олишган.
Биз яшаётган оғир вақтларда ҳам миллионлаб Яҳованинг Шоҳидлари худди шундай фидойилик руҳи билан ажралиб турибди. Ўтмишда яшаган ўша кашшофлар сингари, биз ҳам Яҳованинг Ўзи иш битти демагунча, ваъзгўйлик фаолиятини давом эттиришга қароримиз қатъий.