Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Худога хизмат қилиш унинг дардига дармон!

Худога хизмат қилиш унинг дардига дармон!

Кенияда иккита кашшофни бир уйга таклиф қилишганда, улар тўшакда ётган митти одамни кўриб ҳайрон қолишибди. Бу одамнинг танаси кичкина, қўллари эса калта эди. Кашшофлар унга: «Чўлоқ ҳам оҳудай сакрайди»,— деган Худонинг ваъдасини айтиб беришганда, у роса хурсанд бўлибди (Ишаё 35:6).

Кашшофлар, ҳозир ёши қирққа бориб қолган Онесмуснинг «остеопсатироз», яъни туғма мўрт суяк касаллигидан азоб чекаётганини билиб олишибди. Унинг суяклари шунчалик нозик эдики, кимдир сўрашаман деб қўлини силтаса, синиб кетиши мумкин эди. Бу касалликнинг самарали давоси бўлмагани учун Онесмус бир умр ногиронлар аравачасига михланиб қийналиб ўтаман, деб ўйлаган.

Онесмус Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлибди. Аммо онаси, йиғилишларга қатнаш ўғлига жароҳат етказиши ва қўшимча азоб келтириши мумкинлигидан қўрқиб, қарши чиқибди. Шунда биродарлар йиғилишларнинг аудио ёзувларини олиб келишар, Онесмус эса уйда тинглаб ётарди. Беш ой тадқиқ қилгандан сўнг, Онесмус соғлиғи учун хавфли бўлишига қарамай, йиғилишларга қатнашга қарор қилибди.

Йиғилишларга қатнаш Онесмусга қўшимча азоб келтирганмикин? Аксинча. «Йиғилиш пайтида менинг оғриқларим камаярди»,— деб эслайди Онесмус. Унинг ўйлашича, у янги умидга эга бўлгани туфайли ўзини яхши ҳис қила бошлаган. Онесмуснинг онаси ўғлида ижобий ўзгаришлар юз берганини кўриб хурсанд бўлганидан, ўзи ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга рози бўлибди. «Худога хизмат қилиш ўғлимнинг дардига дармон бўлди»,— деб айтарди у.

Орадан кўп вақт ўтмай, Онесмус сувга чўммаган ваъзгўй бўлибди. Кейинчалик эса у сувга чўмиб, ҳозир жамоат хизматкори бўлиб хизмат қиляпти. Гарчи у оёқлари ва битта қўлини ишлата олмаса-да, бор кучи билан Яҳовага хизмат қилишни жуда хоҳлайди. Онесмус кўмакчи кашшоф бўлгиси келарди-ю, ариза тўлдиришдан тортинарди. Нега? Чунки кимдир унинг аравасини етаклаб юриши кераклигини у биларди. Онесмус ўз ташвишларини имондошларига айтганда, улар уни қўллаб-қувватлашга ваъда беришибди. Сўнг, улар гапида туриб, Онесмусга кўмакчи кашшоф бўлишга ёрдамлашишибди.

Онесмуснинг доимий кашшоф бўлиб хизмат қилиш орзуси ҳам рўёбга чиқибди. Бир куни у кунлик оятдан айни керакли вақтда далда олибди. У ўқиган оят — Забур 33:9 да: «Татиб кўр, биласан, Эгамиз яхшидир»,— деб ёзилганди. Бу оят устида фикр юритиб, Онесмус доимий кашшоф бўлишга қарор қилибди. Ҳозир у ҳафтасига тўрт кун ваъз этиб, бир неча киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказяпти. У билан тадқиқ ўтаётганлар эса маънан ўсиб боришяпти. 2010- йилда Онесмус Доимий кашшофлар мактабида таълим олибди. Бу мактабда, илк бор уникига келган биродарлардан бири унга таълим берганидан Онесмус жуда хурсанд бўлибди!

Ҳозир Онесмуснинг ота-онаси оламдан ўтиб кетган, аммо жамоатдаги биродару опа-сингиллар унинг кундалик эҳтиёжларига ғамхўрлик кўрсатишяпти. Онесмус бундай қут-баракаларга эга бўлганидан жуда миннатдор ва у «ҳеч кимса, “мен хастаман”, демайдиган» кун келишини интизорлик билан кутяпти (Ишаё 33:24).