Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Имонда маҳкам туринглар»

«Имонда маҳкам туринглар»

Имонда маҳкам туринглар... кучли бўлинглар. 1 КОР. 16:13

ҚЎШИҚЛАР: 23, 34

1. а) Жалила денгизида кучли шамол бўлаётган бир тунда, Бутрус нималарни бошдан кечирди? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қ.) б) Нима сабабли Бутрус чўка бошлаган?

ЖАЛИЛА ДЕНГИЗИДА кучли шамол бўлаётган бир тунда, ҳаворий Бутрус ва бошқа шогирдлар эшкак эшиб, қайиқда сузиб кетишаётганди. Ногаҳон, улар Исо сувнинг устида юриб келаётганини кўришди. Шунда, Бутрус Исодан у ҳам сув устида юриб ёнига боришини сўради. Исо бунга рози бўлгач, Бутрус қайиқдан тушди-да, тўлқинланаётган денгиз суви устида мўъжизавий тарзда юриб, у томон интилди. Аммо бироз вақт ўтгач, Бутрус чўка бошлади. Нима учун? Сабаби, у қаттиқ шамолни кўриб, қўрқиб кетди. Бутрус ёрдам сўраб бақирган эди-ки, Исо шу ондаёқ уни ушлаб олди-да: «Эҳ, имони суст, нега шубҳаландинг?» — деб айтди (Мат. 14:24–32).

2. Ушбу мақолада нимани муҳокама қиламиз?

2 Бутрус бошдан кечирган ушбу воқеа имон билан боғлиқ. Келинг, бу борада учта саволни муҳокама қилайлик: 1) Бутрус бошида Худонинг қўллаб-қувватлашига таянганини қандай кўрсатган? 2) Нега Бутруснинг имони сустлаша бошлаган? 3) Унга имонини қайтадан мустаҳкамлашига нима кўмаклашган? Буларни кўриб чиқиш орқали, қай йўсин «имонда маҳкам туришимиз» мумкинлигини билиб оламиз (1 Кор. 16:13).

ХУДОНИНГ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШИГА ИШОНИНГ

3. Нега Бутрус қайиқдан тушган ва қайси маънода биз ҳам шундай йўл тутганмиз?

3 Бутрус қайиқдан тушиб, сув устида юра бошлаганида, имонга эга эканини кўрсатган. Нега деганда, Исо Бутрусни чақирганида, устозини қўллаб-қувватлаган Худо уни ҳам ташлаб қўймаслигига ишонган. Шу сингари, биз ҳам ўзимизни Яҳовага бағишлаб, сувга чўмганимизда, буни айнан имон туфайли қилганмиз. Исонинг издоши бўлишимиз учун, у бизни ҳам изидан юришга таклиф этган. Шунинг учун, ҳам Исога, ҳам Аллоҳга ишониб, Улар бизни қўллаб-қувватлашига таянамиз (Юҳан. 14:1; 1 Бутрус 2:21 ни ўқинг).

4, 5. Нима учун имонни бебаҳо ҳадя деса бўлади?

4 Имон чиндан ҳам бебаҳо ҳадядир. Бутрус имони туфайли сув устида юрганидай, биз ҳам инсон нуқтаи назарида имконсиздай бўлган нарсаларни айнан имонга эга бўлганимиз боис қила оламиз (Мат. 21:21, 22). Масалан, аксариятимизнинг нуқтаи назари ва юриш-туриши тубдан ўзгаргани учун, ҳатто авваллари биз билан таниш бўлганлар ҳам бизни танимай қолишлари ҳеч гап эмас. Шу каби ўзгаришларни Яҳовага ишонганимиз сабабли қиляпмиз ва У бизни бунда қўллаб-қувватламоқда (Колосаликларга 3:5–10 ни ўқинг). Қачондир ҳаётимизни Яҳовага бағишлаб, Унинг дўстларига айланганмиз ва бунга бизни имон ундаган. Бундай қадамларни ўз кучимиз билан сира қила олмаган бўлардик (Эфес. 2:8).

5 Имонимиз бизга куч ато этиб келмоқда. Қолаверса, у қудратли душманимиз, яъни Иблиснинг ҳужумларига қарши курашишимизга ёрдам беради (Эфес. 6:16). Бунинг устига, Яҳовага таянаётганимиз қийин дамларда ортиқ даражада ташвишланмасликка кўмаклашади. Яҳованинг айтганларига биноан, имонимиз сабаб Шоҳлик манфаатларини биринчи ўринга қўйсак, У моддий эҳтиёжларимизни қондиради (Мат. 6:30–34). Энг асосийси, имонимиз туфайли, ҳеч бир инсон ўз ҳаракатлари билан эриша олмайдиган — абадий ҳаёт инъомига эга бўламиз (Юҳан. 3:16).

ДИҚҚАТНИ ЙЎҚОТИШ, ИМОННИ ЙЎҚОТИШГА ЕТАКЛАЙДИ

6, 7. а) Бутруснинг атрофидаги шамол ва тўлқинларни нима билан солиштирса бўлади? б) Нега имонимиз заифлашиши мумкинлигига жиддий қарашимиз лозим?

6 Бутрус сув устида юрганда, атрофидаги шамол ва тўлқинларни, ҳаётимизда дуч келаётган қийинчилик ҳамда васвасалар билан солиштирса бўлади. Улар ҳатто оғир бўлганда ҳам, Яҳованинг кўмаги билан маҳкам тура оламиз. Ёдимизда бўлса, Бутрус қаттиқ шамол ёки улкан тўлқин туфайли эмас, балки уни «кўриб, қўрққанидан чўка бошлади» (Мат. 14:30). Бутрус эътиборини Исога эмас, довулга қаратди дегунча, унинг имони бўшашди. Шу сингари, ташвишларга эътиборимизни қаратсак, Яҳова бизни қўллаб-қувватлашга қодир эканида шубҳаланишимиз ва чўка бошлашимиз ҳеч гап эмас.

7 Имонимиз заифлашиши мумкинлигига жиддий ёндашишимиз лозим. Негаки, Муқаддас Китобда ёзилганидай, «бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳ» туфайли имонимиз ё бўшашади ё умуман йўқолади (Иброн. 12:1). Бутрус билан юз берган воқеадан шуни кўряпмизки, агар диққатимизни нотўғри нарсаларга қаратсак, имонимиз дарров сусайиши мумкин. Қизиқ, имонимиз хавф остида эканини қандай аниқласак бўлади? Қуйидаги айрим саволлар ёрдамида ўзимизни текшира оламиз.

8. Худонинг ваъдалари нималар туфайли хомхаёлдай туюлиши мумкин?

8 Худонинг ваъдалари хомхаёл эмаслигига ҳозир ҳам илгаригидай ишоняпманми? Мисол учун, Аллоҳ Шайтоннинг дунёсини яксон этишни ваъда қилмоқда. Бу дунёдаги чалғитадиган турли-туман ўйин-кулгилар Тангрининг ваъдасига нисбатан имонимизни сусайтиришига йўл қўйяпмизми? Ушбу замонанинг охири чиндан ҳам яқин эканлиги борасида шубҳалар пайдо бўлиши мумкин (Хаб. 2:3). Яна бир мисол. Худо тўлов асосида бизни кечиришга ваъда берган. Бироқ ўтмишда қилган хатоларимиз дастидан ортиқ даражада сиқилаётган бўлсак, Яҳова ҳақиқатан ҳам барча гуноҳларимизни ювишида гумонлар туғилиши мумкин (Ҳавор. 3:19). Оқибатда, муқаддас хизматда қувончимизни йўқотиб, фаолиятсиз бўлиб қоламиз.

9. Шахсий мақсадлар кетидан қувсак, нима содир бўлиши мумкин?

9 Худога аввалгидай, жон-жаҳдим билан хизмат қиляпманми? Ҳаворий Павлус таъкидлаганидай, Яҳовага сидқидилдан хизмат қилиш, умидимиз рўёбга чиқишига охиригача қаттиқ ишонишимизга етаклайди. Даромадли, лекин Яҳовага топинишга халақит берадиган бирон иш қидириш каби шахсий мақсадлар кетидан қувишга тушсак-чи? Шунда имонимиз сусайиб, «ялқов» бўлиб қоламиз ва ҳатто шароитимиз йўл қўйса-да, Яҳовага камроқ хизмат қилишимиз мумкин (Иброн. 6:10–12).

10. Кечиримли бўлсак, Яҳовага ишонаётганимизни қандай кўрсатамиз?

10 Кечириш мен учун қийинми? Мабодо кимдир бизни хафа қилса, ҳис-туйғуларимизга берилиб, кейинчалик унга нисбатан ҳатто заҳримизни сочиш ёки умуман гаплашмаслик васвасасига дуч келишимиз мумкин. Аммо кечиримли бўлсак, Яҳовага ишонаётганимизни кўрсатамиз. Қандай қилиб? Гап шундаки, гуноҳга қўл урганимизда, Яҳовага қарздор бўлиб қоламиз. Кимдир бизга қарши гуноҳ қилса, у рамзий маънода биздан қарздор бўлиб қолади (Луқо 11:4, изоҳ). Бошқаларни кечирганимизда, Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлиш, қарзини қайта талаб қилишдан кўра, анча муҳимроқ эканига ишонаётганимизни намоён этамиз. Исонинг шогирдлари, бошқаларни кечириш учун имонга эга бўлиш кераклигини тушунишган. Исо, ҳатто уларга нисбатан кўп маротаба гуноҳ қилаётганларни ҳам кечириш кераклигини айтганида, бунга жавобан шогирдлар: «Имонимизга имон қўшинг»,— деб сўрашган (Луқо 17:1–5).

11. Нега маслаҳатдан фойда олиш имконини қўлдан бой бериш мумкин?

11 Муқаддас Китобга асосланган маслаҳат беришганда, аччиқланаманми? Маслаҳатни қай йўсин амалга ошириш йўллари борасида ўйлашнинг ўрнига, унинг ўзидан ёки уни берган кишидан бирон айб излашимиз мумкин (Ҳик. 19:20). Шу тариқа, Тангрининг фикрлаш тарзига эргашиш имконини қўлдан бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас.

12. Агар кимдир Яҳова фойдаланаётган кишилардан ҳамиша нолийверса, бу ниманинг белгиси?

12 Жамоатда тайинланган биродарларга қарши минғирлаб нолияпманми? Қадимда, исроилликлар садоқатсиз ўнта айғоқчининг ёмон хабарига берилиб, Мусо билан Ҳорунга қарши минғирлаб нолишган. Ўшанда, Яҳова Таоло Мусога улар ҳақида: «Қачонгача Менга ишонмай юради?!» — деб айтган (Саҳ. 14:2–4, 11). Дарҳақиқат, исроилликлар Мусо билан Ҳорундан норози бўлиб, аслида уларни тайинлаган Худога ишонмаётганини кўрсатишган. Шу сингари, Тангри Ўз халқини етаклаш мақсадида фойдаланаётган кишилардан ҳамиша нолийверсак, бу, имонимиз сусайганининг белгисидир.

13. Имонимиз заифлашганини пайқасак, нимага руҳимиз тушмаслиги даркор?

13 Хуллас, ўзингизни текширгач, имонингиз заифлашганини пайқасангиз, асло руҳингиз тушмасин. Негаки, Бутрус ҳаворий бўла туриб ҳам, қўрқув ва гумонларга берилган. Гоҳида, Исо Масиҳ ҳаворийларининг «имони суст» бўлгани сабаб, уларнинг барига маслаҳат берган (Мат. 16:8). Ҳа, Бутрус бошдан кечирган воқеадан муҳим сабоқ олишимиз мумкин. Энди, унинг имони бўшашиб, чўка бошлаганидан сўнг нималар юз берганига назар солайлик.

ИСОГА КЎЗ ТИКИБ, ИМОНИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАНГ

14, 15. а) Бутрус чўка бошлаганида, қандай йўл тутди? б) Исони том маънода кўра олмасак-да, унга қай йўсин кўз тикишимиз мумкин?

14 Бутрус кучли шамолни кўриб, чўка бошлаганида, у ўз кучига таянган ҳолда қайиққа қайтиши мумкин эди. Бутрус яхши сузувчи бўлган ва қайиқ томон осонгина сузиб бора оларди (Юҳан. 21:7). Ўзига ишонишнинг ўрнига, у эътиборини Исога қаратиб, унинг ёрдамини қабул қилди. Борди-ю, имонимиз бўшашганини пайқасак, Бутруснинг мисолига тақлид қилиш яхши бўларди. Бироқ буни қай йўсин уддалаш мумкин?

15 Бутрус эътиборини яна Исога қаратганидай, биз ҳам «имонимизнинг Раҳбари ва уни камолотга етказувчи Исога кўз тикишимиз» лозим (Ибронийларга 12:2, 3 ни ўқинг). Шак-шубҳасизки, Бутрусдан фарқли ўлароқ, Исони том маънода кўра олмаймиз. Лекин унинг таълимотларию ишларини тадқиқ қилиб, изидан оғмай юрсак, унга кўз тиккан бўламиз. Келинг, Исо бизга қолдирган намуна асосида айрим нарсаларни муҳокама қилайлик. Уларга риоя қилсак, имонимиз маҳкам бўлиши учун керакли ёрдамга эга бўламиз.

Исонинг мисолига кўз тикиб, изидан оғмай юрсак, имонимиз мустаҳкам бўлади (15- хатбошига қ.)

16. Имонимизни мустаҳкамлаш ниятида, Муқаддас Китобни қандай тадқиқ қилсак бўлади?

16 Муқаддас Китобга бўлган ишончингизни мустаҳкамланг. Муқаддас Китоб Худонинг Каломи бўлиб, ҳаётда энг аъло йўл-йўриқлар манбаи эканида Исонинг ишончи комил эди (Юҳан. 17:17). Исонинг изидан юриб, биз ҳам кунда Муқаддас Китобни ўқишимиз, уни тадқиқ қилишимиз ва билганларимиз устида мулоҳаза юритишимиз лозим. Бундан ташқари, ўзимизда пайдо бўлаётган саволлар борасида чуқур изланишлар ҳам олиб борсак яхшидир. Масалан, ушбу замона охирлаб бораётганига нисбатан ишончимиз, Муқаддас Китобда ёзилган исботларни батафсил кўриб чиқиш орқали мустаҳкамланиши мумкин. Амалга ошган кўпдан-кўп башоратларни тадқиқ қилиш ёрдамида, келажак тўғрисидаги Худонинг ваъдаларига бўлган имонимиз янада ўсади. Муқаддас Китоб одамларнинг ҳаётини мазмунли қилаётганининг мисолларини кўриб чиқиб, у ростдан ҳам амалий жиҳатдан бебаҳо эканида имонимиз кучаяди * (1 Салон. 2:13).

17. Нега Исо мудҳиш синовлар қаршисида ҳам содиқ бўлиб қолган ва сиз унга қандай тақлид қила оласиз?

17 Яҳова Парвардигор ваъда қилаётган қут-баракаларга кўз тикинг. Исо мудҳиш синовларга қарамай, «олдинда кутаётган шодликка» кўз тиккани учун содиқ бўлиб қолган (Иброн. 12:2). Бу дунё таклиф этаётган бирон нарса уни чалғитишига ҳеч қачон йўл қўймаган (Мат. 4:8–10). Хўш, Исога қандай тақлид қилишимиз мумкин? Мисол учун, Яҳова сизга бераётган ажойиб ваъдалар борасида фикр юритсангиз бўлади. Аллоҳ ушбу қабиҳ дунёга чек қўйганида, нималарга умид қилаётганингизни тасаввур қилиш мақсадида уларни ёзиб ёки чизиб қўйишингиз мумкин. Тирилиш бўлганида, кимларни кўрмоқчи ва улар билан нималар ҳақида суҳбатлашмоқчи эканингизни ҳам ёзиб қўйинг. Худонинг ушбу ваъдалари фақатгина барча одамларга эмас, балки шахсан сиз учун берилганидай қабул қилинг.

18. Ибодатлар имонингиз кучли бўлишига қандай ҳисса қўшиши мумкин?

18 Имонимга имон қўшилсин дея ибодат қилинг. Исо шогирдларини Яҳовадан муқаддас руҳ сўрашга ўргатган (Луқо 11:9, 13). Бундай қилсангиз, имонингиз кучли бўлади. Зеро имон, муқаддас руҳ самараси қаторига киради. Истакларингизни Худога аниқ-равшан билдиринг. Айтайлик, бошқаларни кечириш сиз учун осон эмас. Ундай бўлса, Яҳовага ибодат қилиб, имонда мустаҳкам туришни ва кечиримли бўлишга кўмаклашишини сўранг.

19. Бизга кимлар яқин дўст бўла олади?

19 Кучли имонга эга бўлган дўстларни танланг. Исо яқин дўстларни чертиб-чертиб танлаган. Қадрдон ҳамкорлари, яъни ҳаворийлари ўз имони ва садоқатини Исонинг амрларига бўйсуниш билан исботлашган (Юҳанно 15:14, 15 ни ўқинг). Демак, сиз ҳам дўстлар танлаётганда, Исога итоатли бўлиш билан имонини намоён этаётган кишиларни изласангиз оқилона бўлади. Унутмангки, ҳатто маслаҳат бериш ёки қабул қилиш керак бўлганда ҳам, чин дўстлар бир-бирига нисбатан ростгўй бўлишади (Ҳик. 27:9).

20. Бошқаларга имонини мустаҳкамлашга кўмаклашсак, қандай фойда оламиз?

20 Бошқаларга имонини мустаҳкамлашга кўмаклашинг. Исо сўзда ҳам, амалда ҳам шогирдларининг имонини кучайтирган (Марк 11:20–24). Ундан ўрнак олсак арзийди, боиси ўзгаларга имонини мустаҳкамлашга ёрдам бериб, ўзимизнинг ҳам имонимиз бўшашмайди (Ҳик. 11:25). Ваъзгўйликда ҳамда шогирдларни тайёрлаётганда, Аллоҳ мавжудлиги, У бизга ғамхўрлик қилаётгани ва Муқаддас Китоб Унинг Каломи эканини исботланг. Биродару опа-сингилларимизга ҳам имонини маҳкам қилишга кўмаклашинг. Мабодо кимдир шубҳаланаётганини сезиб қолсангиз, эҳтимол, у тайинланган биродарлардан нолий бошласа, ўзингизни ундан дарров олиб қочманг. Аксинча, имонини тиклашга ёрдам бериш ниятида хушмуомалалик ила ҳаракат қилинг (Яҳд. 22, 23). Агар, мактабингизда эволюция назарияси муҳокама қилинса, яратилишга нисбатан эътиқодингизни жасорат ила исботланг. Ўшанда, сўзларингиз бошқаларга қанчалик таъсир қилганидан лол қоласиз.

21. Имонимиз масаласида Яҳова ҳар биримизни нимада ишонтирмоқда?

21 Бутрус Исо орқали Худонинг ёрдамига эга бўлиб, қўрқув ҳамда шубҳаларини енгиб чиққан ва илк масиҳийлар орасида имон устунига айланган. Шунга ўхшаб, Яҳова барчамизга имонда мустаҳкам бўлишимизга кўмаклашяпти (1 Бутрус 5:9, 10 ни ўқинг). Тўғри, кучли имонга эга бўлиш учун тер тўкиш талаб этилади, аммо Яҳова Таоло ҳаракатларимизга барака бериб, бизни мукофотлайди.

^ 16- х.б. «Қўриқчи минораси»нинг тарқатиш сонидаги «Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади» туркумида келтирилган мақолаларга қ.