Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилишини Худо билармиди?

Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилишини Худо билармиди?

Одамато билан Момоҳаво гуноҳ қилишини Худо билармиди?

УШБУ савол кўпчиликни қизиқтиради. Чунки, Худонинг ёвузликка нега йўл қўйгани ҳақида гап бошланиши билан, Адан боғидаги илк жуфтликнинг гуноҳи эсга олинади. Масалан, баъзиларнинг фикрича Аллоҳ ҳамма нарсани билгани учун, Одамато ва Момоҳавонинг исён кўтаришини ҳам олдиндан кўра билган.

Агар Худо биринчи жуфтлик гуноҳ қилишини олдиндан билган бўлса, бу нимани англатишини бир ўйлаб кўринг. Бундай шубҳалар, Худо ҳақда ёмон фикрга боришга ундайди. Масалан, Аллоҳ шафқатсиз, адолатсиз ва иккиюзламачи бўлиб кўринади. Айримлар эса, Худованд илк жуфтлик гуноҳ қилишини билган ва шунинг учун Уни ёвуз Худо деб аташади. Шундай қилиб улар, тарих давомидаги барча ёвузлик ва азоб-уқубатларда ҳам Худони айбдор қилишмоқда. Наҳотки Яратувчимиз ёлғончи бўлса?!

Хўш, Худонинг Каломида ҳам Аллоҳ ёмонлаб тасвирланганми? Бу саволга жавоб олишдан аввал, келинг, Муқаддас Китобда Яҳованинг қудратли ишлари ва шахсияти ҳақида нима дейилганини кўриб чиқайлик.

«Жуда ажойиб»

Худонинг ижодлари, шу жумладан биринчи жуфтлик ҳақида Ибтидо китобида шундай сўзларни ўқиймиз: «Худо Ўзи яратган ҳамма нарсага назар солди. Булар жуда ажойиб эди» (Ибтидо 1:31). Одамато билан Момоҳаво мукаммал бўлиб, улар учун барча шароитлар яратилган эди. Уларнинг яратилишида ҳеч бир нуқсони бўлмаган. Улар, Худонинг «жуда ажойиб» ижодлари бўлиб, яхши хулқ-атворни намоён қила олишарди. Зеро Аллоҳ уларни «Ўз суратидай» яратган эди (Ибтидо 1:27). Шу тариқа улар, донолик, севги, адолат ва хайрихоҳлик каби Худога хос фазилатларни кўрсата олишарди. Ушбу фазилатлар орқали улар Яратувчига маъқул қарорлар чиқариб, Унинг қалбини хурсанд қилишлари мумкин эди.

Яҳова Таоло, бу мукаммал жуфтликка ирода эркинлигини туҳфа қилган. Демак Аллоҳ, инсонларни онгсиз роботлар каби яратмаган. Бир ўйлаб кўринг: сиз чин юракдан берилган совғани кўпроқ қадрлармидингиз ёки қарздорлик юзасидан берилганиними? Жавоби аён. Шу каби Худованд, Одамато билан Момоҳаводан Унга ихтиёрий равишда, чин қалбдан итоат қилишларини кутарди ва илк жуфтлик буни қилиши мумкин эди (Амрлар 30:19, 20).

Солиҳ, адолатли ва ҳимматли

Муқаддас Китобда Яҳованинг ажойиб фазилатлари очиб берилган. Бундай фазилатлар Эгасининг ишларида биронта камчилик йўқ. Зеро Забурнинг 32- сано, 5- оятида шундай дейилган: «Солиҳлик ва адолатни Худованд севар». Инжилда эса шундай ёзилган: «Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди» (Ёқуб 1:13). Худованд, Одаматога ғамхўрлик қилишни хоҳлагани учун, шундай огоҳлантириш берди: «Сен боғдаги ҳамма дарахтнинг мевасидан бемалол тановул қилавер. Лекин яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емайсан, ундан ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан» (Ибтидо 2:16, 17). Ҳа, илк жуфтликка абадий ҳаёт ва ўлимни танлаш эркинлиги берилган эди. Аллоҳ, гуноҳнинг оқибати аянчли бўлишини билгани учун илк жуфтликни огоҳлантирган. Ахир, «солиҳлик ва адолатни севувчи» Яҳова, йўқ нарсани танлашга берармиди?

Тангри Яҳова, шунингдек ҳимматлидир (Забур 30:20). Ҳазрати Исо Аллоҳнинг ҳиммати ҳақида шундай деган: «Қай бирингиз, боласи нон сўраб келса, унга тош беради? Ёки балиқ сўраса, унга илон беради? Шундай экан, агар сизлар гуноҳкор бўлатуриб, болаларингизга яхши ҳадяларни бера билсангиз, самовий Отангиз ҳам Ундан сўраганларга яхши нарсаларни бериши муқаррар!» (Матто 7:9–11). Дарҳақиқат, Худованд Ўз яратганларига «яхши нарсаларни» беради. Одамнинг ажойиб тарзда яратилиши ҳамда уларга яшаш учун жаннатмакон уй туҳфа қилинганидан Худонинг ҳимматли эканини кўрса бўлади. Ахир меҳрибон Яратувчи, бу гўзал уйни кейинчалик одамларнинг қўлидан тортиб олишни режалаштирармиди? Албатта, йўқ. Аммо бизни адолат ҳиссиёти билан яратган Аллоҳ, инсонларнинг исёнига шунчаки кўз юмиб туролмасди.

«Доноликка эга бўлган ягона Аллоҳ»

Муқаддас Китобда, шунингдек, Яҳова Таоло ягона донолик манбаи эканлиги ҳақида айтилган (Римликларга 16:27). Осмондаги фаришталар ҳам, Худонинг чуқур донолигини кузатиб туришарди. Улар Аллоҳнинг ер юзидаги ижодларини томоша қилиб, Унга ҳамду санолар айтишган (Аюб 38:4–7). Шубҳасизки улар, Адан боғида содир бўлган воқеани ҳам катта қизиқиш билан кузатишган. Наҳотки донолик манбаи бўлмиш Аллоҳ, улкан коинотни ҳамда ер юзида ғаройиб ишларни ярата туриб, фаришталарига илк жуфтлик гуноҳ қилишини кўрсатишни ният қилган бўлса? Ахир бу, муваффақиятсизликка учраши тайин бўлган режа-ку!

Аммо баъзилар шундай деб қаршилик билдиришар: «Донолик манбаи бўлган Худонинг назаридан бирон нима четда қолиши мумкинми?» Тўғри, чексиз донолик эгаси Яҳова учун, «охирида нима бўлишини бошидаёқ» билиш ҳеч гап эмас (Ишаё 46:9, 10). Лекин, У улкан қудратидан доимо тўла равишда фойдаланмагандай, бу қобилиятини ҳам ҳар сафар ишга солавермайди. Ҳа, Яҳова келажакни кўра билиш қобилиятидан вазиятга қараб фойдаланади.

Бундай қобилиятни замонавий техника билан солиштирса бўлади. Масалан, кимдир, видеога туширилган спорт ўйини нима билан тугашини билиш учун, аввал якунловчи дақиқаларни томоша қилишни танлаши мумкин. Бироқ у, ўйинни айнан шундай томоша қилишни хоҳламайди. Бошқача қилиб айтганда, у ўйинни бошдан охиригача томоша қилишни танласа, ким ҳам уни танқид қиларди?! Шунга ўхшаб, Худо ҳам ҳамма нарса нима билан тугашини олдиндан билишни хоҳламайди. Аксинча У, воқеалар қандай давом этишини сабр билан кутиб, Унинг бандалари қандай йўл тутишларини ўзларига қўйиб беради.

Юқорида айтилганидек, чексиз донолик Эгаси Яҳова, биринчи одамларни роботлар каби яратмаган эди. Аксинча Аллоҳ, севги ила уларга ирода эркинлигини совға қилган. Тўғри йўлни танлаш билан улар, Худога нисбатан севги, миннатдорлик ва итоаткорликни намоён қила олишарди ва шу йўсин бахтли ҳаёт кечириб, Яратувчиси бўлмиш Яҳованинг қалбини қувонтиришарди (Ҳикматлар 27:11; Ишаё 48:18).

Муқаддас Ёзувлардан Худонинг ҳар доим ҳам келажакни кўра билиш қобилиятидан фойдаланмаслигини кўрса бўлади. Масалан, Иброҳим Халилуллоҳ, Аллоҳнинг амри билан, суюкли ўғлини қурбонликка келтиришга тайёр бўлиб турганида, Тангри Яҳова уни тўхтатиб шундай деган: «Энди билдим, сен ҳақиқатан Худодан қўрқар экансан. Сен ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг» (Ибтидо 22:12). Ҳаттоки, баъзи инсонларнинг ёмон хулқ-атвори дастидан Аллоҳнинг кўнгли «ранжиган» пайтлар ҳам бўлган. Агар Худованд уларнинг шундай йўл тутишини олдиндан билган бўлса, хафа бўлишининг нима кераги бор? (Забур 77:40, 41; 3 Шоҳлар 11:9, 10).

Шундай экан, чексиз донолик манбаи бўлган Худо, келажакни билиш қобилиятидан илк жуфтликнинг гуноҳ қилишини кўриш учун фойдаланмаган. Зеро Аллоҳ ҳаммасини олдиндан билганида инсониятни атайин азоб-уқубатлар учун яратиб, кейин эса улар қийналишини томоша қилармиди?

«Аллоҳнинг Ўзи севгидир»

Худонинг ашаддий душмани бўлмиш Шайтон Адан боғидаги исённинг, жумладан гуноҳ ва ўлимнинг сабабчиси бўлган эди. Бекорга у «қотил» деб аталмаган. Чунки у, «ёлғончи ва ёлғоннинг отаси» экани исботланди (Юҳанно 8:44). Ўзи ғараз ниятли бўлгани учун меҳрибон Яратувчимизни ҳам ёмон отлиққа чиқармоқчи эди. Одамзоднинг гуноҳларида Яҳовани айблаш Шайтонга хосдир.

Яҳова Таоло Одамато билан Момоҳавони севгани туфайли, уларнинг гуноҳ қилишини олдиндан кўришни истамаган. Зеро севги Худонинг энг асосий фазилатларидан биридир. Инжилда ҳам: «Аллоҳнинг Ўзи севгидир»,— деб ёзилган (1 Юҳанно 4:8). Севги бу салбий эмас, ижобий фазилатдир. Бу хислат, бошқаларда фақат яхшилик излашга чорлайди. Шубҳасизки, севгига бой Тангри Яҳова, илк инсон жуфтлигига яхшиликни тилаган.

Гарчи Худо одамларни мукаммал қилиб яратган бўлса-да, улар нотўғри танлов қилишганида ҳам меҳрибон Аллоҳимиз бундан тушкунликка тушмайди ёки уларга шубҳа билан қарамайди. Аксинча У, инсонларга ҳаёт учун зарур бўлган нарсаларни тақдим этиб, уларни хавф-хатардан огоҳлантириб туради. Шу сабабли Худованд, одамлардан Унга қарши исён кўтаришини эмас, балки чин юракдан итоатли бўлишларини кутади. У, Одамато билан Момоҳаво ҳам Унга садоқатли қолишлари мумкинлигини билар эди. Зеро номукаммал бўлган Иброҳим, Аюб, Дониёр ва Худонинг бошқа кўплаб хизматчилари буни исботлай олишган.

Ҳазрати Исо: «Тангри учун имконсиз нарса йўқ»,— деб айтган эди (Матто 19:26). Бу сўзлар барчамизга тасалли беради. Яҳова севги, адолат, донолик ва куч-қудрат каби асосий фазилатларини намоён этаётгани билан ўз вақтида гуноҳ ва ўлимнинг оқибатларини бартараф қилишга қурби ҳам, хоҳиши ҳам борлигини кўрсатяпти (Ваҳий 21:3–5).

Кўриниб турганидек, Тангри Яҳова илк жуфтликнинг гуноҳ содир этишини олдиндан кўра билишни истамаган. Тўғри, ҳозирги пайтда итоатсиз инсонлар ўз қилмиши билан Худованд Яҳовани ранжитмоқдалар. Лекин бу вақтинчалик вазият Унинг ер ва одамзодга нисбатан ниятини амалга ошишига тўсқинлик қила олмайди. Эҳтимол сиз ҳам Худонинг ушбу нияти амалга ошишидан қандай фойда олишингиз мумкинлиги ҳақида кўпроқ билишни истаётгандирсиз *?

[Изоҳ]

^ абз. 23 Аллоҳнинг ерга нисбатан нияти тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 3- бобига қаранг.

[30- саҳифадаги матн парчаси]

Чексиз донолик Эгаси Яҳова илк жуфтликни роботлар каби яратмаган эди

[31- саҳифадаги матн парчаси]

Аллоҳ, Одамато билан Момоҳаво Унга садоқатли қолишлари мумкинлигини биларди