Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Иброҳим пайғамбар қанақа инсон бўлган?

Иброҳим пайғамбар қанақа инсон бўлган?

Иброҳим пайғамбар қанақа инсон бўлган?

ЖАҲОН динларида чуқур из қолдирган кишилар кўп эмас. Яҳудий, ислом ва христиан динларида Иброҳим * пайғамбарни чуқур ҳурмат қилишади. Муқаддас Ёзувларда унга алоҳида ўрин ажратилган бўлиб, кучли имоннинг намунаси ҳисобланади. Масалан, Инжилда у «имони борларнинг отаси», деб номланган (Римликларга 4:11).

Нега одамлар Иброҳим пайғамбарни шунчалик эъзозлашади? Сабабларидан бири, фақат Иброҳим пайғамбар Муқаддас Ёзувларда Халилуллоҳ, яъни Худонинг дўсти деб номланган (Ишаё 41:8; Ёқуб 2:23).

Лекин бунга қарамай Иброҳим бизга ўхшаган оддий бир киши эди. У, биз каби муаммоларга дуч келган ва уларни муваффақият билан енгиб ўтган. Уларни қандай уддалай олганини билмоқчимисиз? Келинг, Муқаддас Китобда ушбу машҳур одам ҳақида нима ёзилганини кўриб чиқайлик.

Унинг келиб чиқиши

Иброҳим Халилуллоҳ милоддан аввалги 2018- йилда Ур шаҳрида таваллуд топган (Ибтидо 11:27–31). Бу катта ва фаровон шаҳар эди. Шунингдек, бу шаҳар бутпарастликка ботиб кетганди. Эҳтимол, Иброҳим пайғамбарнинг отаси Тераҳ ҳам ўша ҳар хил бутларга сиғинувчилардан бири бўлган (Ёшуа 24:2). Аммо Иброҳимнинг ўзи ўша жонсиз бутларга сиғинишдан кўра танҳо Аллоҳ Яҳовага * топинишни танлаган.

Иброҳим Халилуллоҳнинг бундай қарор чиқаришига нима туртки бўлган? Иброҳим алайҳиссалом Нуҳ пайғамбарнинг Сом деган ўғли билан бир вақтда яшаган. Ўшанда Сом 150 ёшда эди. Агар Иброҳим ўша мўйсафид киши билан мулоқот қилган бўлса, бу унга қандай таъсир қилган экан? Иброҳим пайғамбар буюк Тўфонда омон қолиш нима эканлигини шахсан Сомдан эшитган бўлса керак. Бундан ташқари, у Сомни ва оиласини сув тошқинидан сақлаб қолган Тангри Яҳовага топиниш қанчалик муҳимлигини билиб олгандир.

Иброҳим ҳақ Таоло ҳақида Сом орқали билиб олганми ёки бошқа йўл биланми, у бу билимларни қадрларди. Қалбларни синовчи Худованд Яҳова Иброҳимни текширганда, унинг фазилатларини кўрган ва унга янада яхши инсон бўлиб улғайишига ёрдам берган (Ҳикматлар 17:3; 2 Солномалар 16:9).

Унинг турмуши

Иброҳим пайғамбар фаровон ва қизиқарли умр кечирарди. Тўғри, у кўп қийинчиликлар кўрган, лекин ҳаёти мазмунсиз эмасди. Унинг бошидан ўтган баъзи нарсаларни кўриб чиқайлик.

Иброҳим алайҳиссалом Ур шаҳрида истиқомат қилганда, Аллоҳ унга бу юртни тарк этиб, Ўзи кўрсатган ерга боришни амр этган. Гарчи Иброҳим билан Сора тафсилотларни, яъни қаерга боришни ва нима учун Худо уларга кўчиб кетишни буюрганини билишмаган бўлса ҳам, итоат этишган. Оқибатда улар қолган умрини мусофир бўлиб Канъон юртида чодирларда ўтказишган (Ҳаворийлар 7:2, 3; Ибронийларга 11:8, 9, 13).

Ҳазрати Иброҳим билан хотини Сора фарзандсиз бўлишганда, Худованд Яҳова Иброҳимдан буюк халқ келиб чиқишини ваъда қилган. Шунингдек, Аллоҳ ер юзидаги барча насллар Иброҳим орқали барака топишини айтиб ўтган (Ибтидо 11:30; 12:1–3). Кейинчалик Тангри Яҳова ваъдасини тасдиқлади. У Иброҳимнинг насли осмондаги юлдузларга ўхшаган кўп бўлишини айтган (Ибтидо 15:5, 6).

Иброҳимнинг ёши 99 га Сораники эса 90 га бориб қолганда, Худованд Яҳова уларда ўғил пайдо бўлишини ваъда қилган. Инсоний нуқтаи назар билан қараганда бу имконсиздир, аммо Иброҳим билан Сора кейинчалик тушунишганидек, Аллоҳ Яҳова «учун имконсиз нарса» йўқ (Ибтидо 18:14). Орадан бир йил ўтиб, ёши 100 га тўлганда, Иброҳим ўғил кўрди ва исмини Исҳоқ қўйди (Ибтидо 17:21; 21:1–5). Худо айнан Исҳоқ орқали инсониятга чексиз қут-баракалар ёғилишини ваъда қилди.

Йиллар ўтиб, Худованд Яҳова Иброҳимдан ғалати бир нарса талаб қилди: У Иброҳимнинг севикли ўғли Исҳоқни, гарчи у ҳали ёш бўлиб, уйланмаган ва фарзанд кўрмаган бўлса-да, қурбон қилишини сўради *. Ўғлидан айрилиб қолиш унга жуда оғир ботганига қарамай, Иброҳим Яҳованинг айтганини қилиб, Исҳоқни қурбонликка бағишлашга тайёр эди. Агар керак бўлса Худо ваъдасини бажариш учун Исҳоқни тирилтиришга қодир эканлигига Иброҳим қаттиқ ишонарди (Ибронийларга 11:19). Иброҳим ўғлини энди қурбон қилмоқчи бўлганда, Аллоҳ уни тўхтатиб Исҳоқнинг ҳаётини сақлаб қолди. Сўнг Иброҳимни тўла итоаткорлиги учун мақтади. Шунда Тангри Яҳова Иброҳимга берган ваъдасини такроран айтди (Ибтидо 22:1–18).

Иброҳим Халилуллоҳ 175 йил умр кўриб, ҳаётдан кўз юмди. Муқаддас Китобга кўра, у «нуроний ёшда, кексайиб, оламдан ўтди» (Ибтидо 25:7, 8). Шундай қилиб Иброҳим алайҳиссалом Худонинг яна бир ваъдаси, хусусан жуда кексайиб, ота-боболарининг ёнига хотиржам кетиши ҳақидаги ваъдаси амалга ошганини кўрди (Ибтидо 15:15).

Унинг мероси

Иброҳим алайҳиссалом шунчаки диний ёки тарихий шахс бўлмаган. Унинг ҳаёти ҳақидаги ҳикоя то бугунга қадар бизлар учун ибрат бўлиб келмоқда (Ибронийларга 11:8–10, 17–19). Келинг, Иброҳим Халилуллоҳнинг ажойиб фазилатларидан тўрттасини кўриб чиқайлик. Даставвал, эътиборимизни унинг беқиёс имонига қаратамиз.

[Изоҳлар]

^ абз. 2 Илгари Иброҳимни Ибром, рафиқасини эса Сорай, дея аташарди. Кейинчалик Худо Ибромнинг исмини Иброҳим, маъноси «кўпчиликнинг отаси», Сорайнинг исмини Сора деб ўзгартирди, маъноси «малика» (Ибтидо 17:5, 15). Ушбу туркумдаги мақолаларда биз уларни шунчаки Иброҳим ва Сора деб атаймиз.

^ абз. 6 Муқаддас Китобнинг асл нусхасига биноан Яҳова — Аллоҳнинг исмидир.

[4- саҳифадаги рамка]

Муқаддас Китобдан муҳим ўрин олган шахс

Тавротдаги Ибтидо китобининг биринчи ўнта бобида Ҳобил, Ханўх ва Нуҳ каби бир қатор имонли кишиларнинг ҳаёти баён этилган. Бироқ кейинги 15 та боби эса битта инсоннинг — Иброҳим пайғамбарнинг ҳаётига бағишланган.

Боз устига, Иброҳим Халилуллоҳ билан боғлиқ ҳикояларда Муқаддас Китобдаги муҳим иборалар биринчи марта учрайди. Мисол учун, ушбу зотнинг ҳаёти тўғрисидаги баёнотда...

▪ биринчи марта Худо Қалқон, яъни Ўз хизматчиларининг Ҳимоячиси сифатида тасвирланган (Ибтидо 15:1; Амрлар 33:29; Забур 113:17; Ҳикматлар 30:5).

▪ биринчи марта Эгамизга ишониш тўғрисида ёзилган (Ибтидо 15:6).

▪ биринчи марта пайғамбар сўзи учрайди (Ибтидо 20:7).

▪ биринчи марта ота-онанинг меҳри ҳақида баён этилган (Ибтидо 22:2).