Табиий офатлар Худо бераҳм эканини исботлаяптими?
БАЪЗИ ОДАМЛАРНИНГ ФИКРИ: «Худо дунё устидан бошқаряпти экан, демак, табиий офатларни У келтиряпти, шунинг учун Уни бераҳм деса бўлади».
МУҚАДДАС КИТОБДА НИМА ДЕЙИЛГАН: «Бутун дунё эса ёвуз Шайтоннинг ҳукмидадир» (1 Юҳанно 5:19). Сиз бунга ишонасизми? Бир ўйлаб кўринг: агар Шайтон дунё устидан бошқараётган бўлса, демак у инсонларга таъсир қилиб, ўзига ўхшаган худбин, очкўз ва калтабин бўлишларига ҳисса қўшяпти. Бу, инсон ер юзидаги атроф-муҳит устидан яхши бошқара олмаётганининг сабабини тушунишга ёрдам бермаяптими? Кўп мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар инсон атроф-муҳитга лоқайд бўлишда давом этса, бир кунмас бир кун бундай ҳаракатлар табиий офатлар юз беришига ёки уларнинг кучайиб боришига олиб келиши мумкин.
Унда нега Худо Шайтоннинг таъсир қилишига йўл қўйяпти? Бу саволга жавоб топишда одамзод тарихининг тонгида содир бўлган воқеаларни кўриб чиқиш ёрдам беради. Ўша пайтда илк инсонлар Худонинг ҳукмронлигига қарши исён кўтаришди. Одамзоднинг аксар қисми ўша пайтдан бери уларнинг измидан юряпти. Инсоният Аллоҳнинг ҳукмронлигини рад этиб, Унинг душмани Шайтон қўлига тушиб қолди. Шунинг учун Исо Шайтонни «бу дунёнинг ҳукмдори» деб атаган (Юҳанно 14:30). Хўш, Шайтон абадий ҳукмронлик қиладими? Асло!
Шайтон дастидан бўлаётган азоб-уқубатларга Тангри Яҳова * бефарқ эмас. Аслида, одамлар қийналаётганини кўриш Худо учун оғир ботади. Масалан, Исроил халқи оғир кунларни бошдан кечирганида Аллоҳ нималарни ҳис қилгани ҳақида Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Улар [исроилликлар] қийналганларида, У [Худо] ҳам азоб чекди» (Ишаё 63:9). Худога минг қатла шукурки, У яқинда Шайтоннинг ёвуз ҳукмронлигига чек қўяди! Аллоҳ Ўз азизини, мангу турадиган Исо Масиҳни адолатли Шоҳ сифатида тайинлади.
БУ СИЗГА ҚАНДАЙ ТЕГИШЛИ: Шайтоннинг ҳукмронлиги одамларни табиий офатлардан ҳимоялай олмаган бўлса ҳам, Ҳазрати Исо бошқарадиган пайтда бу амалга ошади. Бир куни Исо кучли бўрон пайтида шогирдларини ҳимоя қилган. Муқаддас Китобда бу ҳақда қуйидагича ёзилган: «[Исо] шамолга дўқ урди-да, денгизга: “Жим бўл! Тинчлан!” — деди. Шунда шамол тиниб, чуқур сукунат чўкди». Шогирдлар эса: «Бу қандай одамки, ҳатто шамол ҳам, денгиз ҳам унга бўйсуняпти-я?!» — дея ажабланишди (Марк 4:37–41). Бу воқеа Исо Шоҳ бўлганда, бутун итоаткор одамзодни ҳимоя қилишига бизни ишонтирмоқда (Дониёр 7:13, 14).
^ абз. 5 Муқаддас Китобда Худонинг шахсий исми — Яҳова деб ёзилган.