Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Биласизми?

Биласизми?

Қадимда қўлланилган алоэ (сабур) қанақа бўлган?

Алоэ (Сабур) Алоэ дарахтидан олинарди

Муқаддас Китобга кўра, либослар ва ётоқларни хушбўй қилиш учун алоэдан фойдаланишарди (Забур 44:9; Юҳанно 19:39; Гўзал қўшиқ 4:14). Муқаддас Китобда тилга олинган ушбу алоэни (сабурни) алоэ дарахтидан (Aquilaria тури) олишган бўлса керак. Дарахтнинг ёғочи чириётганда хушбўй мой ва қатрон чиқаради. Кейин ёғочни кукунга айлантириб, уни «алоэ» деб аташарди.

Муқаддас Китобда Исроил чодирлари «Эгамиз ўтқазган алоэ» билан таққосланган (Саҳрода 24:5, 6). Эҳтимол, бундай таққослашга алоэ дарахтнинг шохлари тарвақайлаб ўсгани сабаб бўлгандир. Бундай дарахтнинг баландлиги 30 метргача етиши мумкин. Гарчи бу дарахт ҳозирги пайтда Исроилда йўқ бўлса ҳам, бир китобда ёзилишича, «бу ва бошқа унча танилмаган дарахтлар серҳосил ва аҳолиси кўп бўлган Иордан водийсида ўсганлиги борасидаги фикрни рад этиб бўлмайди» («A Dictionary of the Bible»).

Қуддусдаги маъбадда қанақа қурбонликлар қабул қилинарди?

Қарийб 2 000 йил муқаддам тайёрланган Қуддусдаги маъбаддан топилган сопол муҳр

Тавротга биноан, маъбадда келтириладиган барча қурбонликлар юқори сифатли бўлиши керак эди. Худо нуқсонли қурбонликларни қабул қилмасди (Чиқиш 23:19; Левилар 22:21–24). Милодий биринчи асрдаги яҳудий ёзувчиси Филон александрияликнинг сўзларига кўра, ўша пайтдаги руҳонийлар ҳайвонларнинг «ҳеч бир доғию нуқсони» йўқлигида ва ҳар томонлама соғлом эканида амин бўлиш учун уларни «бошидан оёғигача» яхшилаб текшириб чиқишарди.

Э. П. Сандерс исмли илоҳиётшуноснинг таъкидлашича, ҳойнаҳой ўша пайтдаги маъбад назоратчилари «ҳайвонларни ва қушларни қурбонлик учун сотадиган кишиларга фақат руҳонийларнинг текширувидан ўтган ҳайвонларни сотишга рухсат беришарди». Бундай ҳолларда, сотувчи қурбонликка келтириладиган ҳайвоннинг бенуқсонлигини тасдиқлайдиган тилхатни харидорга тақдим этиши керак эди.

2011 йилда маъбад яқинида археологлар айнан бундай тилхатни топишган. Бу тилхат, милоддан аввалги биринчи асрдан то милодий 70 йилгача бўлган даврга оид танга ўлчамидаги сопол муҳр эди. Унда «Ҳалоли фақат Худо учун», деб таржима қилинган оромийча иккита сўз ёзилган. Маъбад назоратчилари бундай муҳрни қурбонликка келтириладиган ҳайвонларга ёки диний мақсадда ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотларига қўйилиши керак, деб ҳисоблашарди.