Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳақиқий бирлик — бунга қандай эришса бўлади?

Ҳақиқий бирлик — бунга қандай эришса бўлади?

«Дин бизни бирлаштирадими ёки ажратадими?» Бу савол бир газетанинг ўқувчиларига берилган эди («The Sydney Morning Herald»). Ушбу саволга жавоб берганларнинг кўпчилиги, яъни 89 фоиз одамларнинг фикрича, дин одамларни бир-биридан ажратиб қўяди.

ДИНЛАРАРО тотувлик ғоясининг тарафдорлари эса бу масалага бошқача қарашади. «Динлараро ёшлар бирлашмаси»нинг асосчиси Эбу Патель шундай фикр билдирди: «Раҳм-шафқат қилишга чорламайдиган... атроф муҳитнинг ифлосланиши билан ташвишланмайдиган... инсонпарварликка ундамайдиган диннинг ўзи йўқ».

Чиндан ҳам, буддавийлар, католиклар, протестантлар, ҳиндулар, мусулмонлар ва бошқа конфессияларнинг кўплаб вакиллари вақти-вақти билан камбағаллик билан курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ерости миналарни тақиқлаш ёки атроф муҳит билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратиш мақсадида бирлашишади. Улар ҳамжиҳатликка эришиш ва бир-бирига далда бериш ниятида турли динлараро учрашувлар ўтказишади. Диний хилма-хиллик улар учун тўсиқ эмаслигини кўрсатиш учун улар бирга ибодат қилишади, шамлар ёқиб маросимлар ўтказишади, мусиқий томошалар, фестиваллар ва бошқа шунга ўхшаш тадбирлар уюштиришади.

Динларнинг шу тарзда бирлашуви ўзаро нафратга чек қўйиши мумкинми? Хўш, динлараро тотувлик, бу Аллоҳнинг дунёни яхши томонга ўзгартириш усулими?

БИРЛИК — НИМА ЭВАЗИГА?

Динлараро ташкилотларнинг энг йирикларидан бири ғурур билан шуни таъкидлаяптики, уларнинг аъзолари орасида 200 дан ортиқ динларнинг вакиллари бор ва у ўз фаолиятини 76 мамлакатда олиб бормоқда. Унинг мақсади — «кундан-кунга динлараро ҳамкорлик мустаҳкам бўлишига ёрдам беришдир». Буни айтиш осон, қилиш эса қийин. Масалан, ташкилот асосчиларининг сўзларига кўра, бу ҳужжатни тузишганда, уни имзолаётган турли конфессиялар ва диний гуруҳ вакилларининг ҳис-туйғуларини инобатга олиб, ундаги сўзларни эҳтиёткорлик ила танлашларига тўғри келган. Нега? Масалалардан бири — Аллоҳни низомга киритиш-киритмаслик эди. Натижада, Худони умуман тилга олмасликка қарор қилишган.

Қизиқ, агар Тангрини инобатга олишмаса, унда диннинг бунга қандай алоқаси бор? Бундай динлараро ташкилотлар дунёвий хайрия ташкилотлари ва фондлардан нимаси билан фарқ қилади? Айнан шу сабабли юқорида тилга олинган конфессиялар бирлашмаси ўзини диний эмас, шунчаки «ҳамкорликка ундовчи ташкилот» қилиб кўрсатяпти.

ЯХШИ ХИСЛАТЛАРНИ НАМОЁН ЭТИШГА УНДАШНИНГ ЎЗИ ЕТАРЛИМИ?

«Дунёда кенг тарқалган динларнинг ҳаммаси севги ҳамда раҳм-шафқатни ривожлантиришга ва кечиримли бўлишга ўргатади»,— дейди динлараро тотувликнинг асосий тарафдорларидан бири бўлмиш Далай-лама. «Энг асосийси,— деб давом этади у,— бу фазилатлар турмуш тарзимизга таъсир қилиши керак».

Дарҳақиқат, севги ҳамда раҳм-шафқатни намоён этиш ва кечиримли бўлиш жуда муҳим. Ахир Исо  пайғамбарнинг ўзи ҳам қуйидаги маслаҳатни берган: «Хуллас, одамлар сизларга қандай муносабатда бўлишини хоҳласангиз, сизлар ҳам уларга шундай муносабатда бўлинг» (Матто 7:12). Унда наҳотки ҳақиқий имоннинг мақсади, шунчаки яхши фазилатларни намоён этишга ундаш бўлса?

Аллоҳнинг хизматчиси бўлмиш Павлус ўзларини художўй деб билган замондошлари ҳақида шундай деган: «Худонинг хизматида уларнинг ғайрати борлигига ўзим шоҳидман, аммо бу ғайрат аниқ билимга мувофиқ эмас». Хўш, уларнинг муаммоси нимада эди? Павлуснинг сўзларига кўра, «улар Тангрининг одиллигини билмай, ўзларининг одиллигини ўрнатмоқчи бўлишган» (Римликларга 10:2, 3). Худо улардан нимани талаб қилаётганини аниқ билмаганлари учун уларнинг ғайрати ва имони бефойда эди (Матто 7:21–23).

ДИНЛАРАРО ТОТУВЛИККА БЎЛГАН МУҚАДДАС КИТОБ НУҚТАИ НАЗАРИ

Исо алайҳиссалом: «Тинчликпарварлар бахтлидир»,— деб айтган эди (Матто 5:9). Ва унинг сўзлари ишлари билан ҳамиша ҳамоҳанг бўлган, чунки у зўравонлик қилмаган ва турли динга мансуб одамларга тинчлик ҳақидаги хабарни ваъз қилиб юрган (Матто 26:52). Бу хабарга яхши муносабат билдирганларни эса севги риштаси бирлаштирарди (Колосаликларга 3:14). Бироқ Исо пайғамбарнинг мақсади, художўй одамлар ўзаро тотувликда яшаши учун турли динларни ҳамкорликка ундаш бўлганми? У турли динларнинг топиниш маросимларида қатнашганми?

Фарзий ва саддуқийлар мазҳабидаги дин раҳбарлари жон-жаҳди билан Исо пайғамбарга қаршилик кўрсатишган ва уни ҳатто ўлдирмоқчи бўлишган. У эса бунга қандай муносабат билдирган? Ҳазрати Исо ўз шогирдларига шундай деган: «Қўяверинглар уларни. Улар — кўр йўлбошчилардир» (Матто 15:14). Ҳа, Исо пайғамбар бундай одамлар билан ҳеч қачон ҳамжиҳат бўлмаган.

Қадимий Коринф шаҳридаги имонлилар жамоатининг мисолини кўриб чиқайлик. Бу жамоат аъзолари турли динларга ва маданиятларга мансуб эдилар. Хўш, у ердаги художўй кишилар ўзларини қандай тутишлари керак эди? Худонинг хизматчиси Павлус уларга шундай ёзган: «Имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа қўшилманглар». У нима учун шундай деган? Павлус уларга қуйидаги асосларни келтирган эди: «Масиҳ билан Шайтон ўртасида қандай бирлик бўла олади? Ёки Ҳазратимизга ишонган киши билан унга ишонмайдиган одам орасида қандай шериклик бўлиши мумкин?» Кейин у уларга шундай маслаҳат берган: «Шу боис, уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар» (2 Коринфликларга 6:14, 15, 17).

Муқаддас Китоб динлараро тотувликка эришиш йўлида қилинаётган ҳаракатларда қатнашишга қарши экани яққол кўриниб турибди. Балким сиз: «Ҳақиқий бирликка қандай эришса бўлади?» — деб сўрарсиз.

ҲАҚИҚИЙ БИРЛИККА ҚАНДАЙ ЭРИШИШ МУМКИН?

Қурилиш корхоналарининг кўплаб ишчилари бор. Агар қурувчилар қурилиш режасидан фойдаланишга норози бўлишса, бу қурилишни қандай битиришади?

Худди шу меъёрни бугунги кундаги динлараро тотувликка эришиш йўлида қилинаётган ҳаракатларга ҳам қўлласа бўлади. Улар ҳамкорлик қилиш ва ўзаро ҳурмат кўрсатишга интилаётгани мақтовга сазовор бўлса ҳам, ушбу ҳаракатларнинг иштирокчилари орасида қандай «режадан» фойдаланиш кераклиги борасида якдиллик йўқ. Натижада, маънавият ва таълимотга оид саволлар ҳалигача мунозарали масала бўлиб қолмоқда.

Аллоҳнинг Каломида ёзилган меъёрларни энг аъло «режага» ўхшатса бўлади. Биз бу китобда ёзилган йўл-йўриқларга амал қилиб яшашимиз керак. Ушбу китобни Худонинг Каломи деб тан олган одамлар турли ирқ ва дин вакилларига нисбатан нафратни енгиб, тинчликда ва бирликда яшашни ўрганишди. Аллоҳ Яҳова Зафаниё пайғамбар орқали қуйидаги башоратни айтган: «Ўшанда Мен халқларга соф тил ато этаман, токи улар Яҳова исмини чақириб, Унга елкама-елка хизмат қилишсин». Бундай бирликнинг асоси — «соф тил», яъни Аллоҳнинг адолатли меъёрларидир (Зафаниё 3:9, ЯДТ; Ишаё 2:2–4).

Биз сизни Яҳова Шоҳидларининг Йиғилиш Залига чин юракдан таклиф қиляпмиз. У ерда ҳукм сураётган тинчлик ва бирликни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин (Забур 132:1).