МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ
Каломга асосланган аниқ ва мантиқий жавоблардан лол қолдим
-
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1948
-
МАМЛАКАТИ: ВЕНГРИЯ
-
ЎТМИШДА: ҲАЁТНИНГ МАЗМУНИ ҲАҚИДАГИ САВОЛЛАРГА ЖАВОБЛАР ИЗЛАГАН
ОЛДИНЛАРИ:
Мен Венгриянинг Секешфехервар шаҳрида туғилганман. Бу қадимий шаҳар бўлиб, унинг тарихи бер неча минг йилни ўз ичига олади. Афсуски, Иккинчи жаҳон уруши бу шаҳарда қолдирган асоратлар ҳали-ҳануз эсимда.
Болалик давримдан бошлаб мени бобом билан бувим катта қилишган. Уларни, айниқса, бувижоним Элизабетни ширин хотиралар билан эслаб тураман. Бувижоним менга Худога бўлган кучли имонни пайванд қилган. Уч ёшлигимдан бошлаб бувижонимнинг ортидан намунали ибодатни такрорлардим. Лекин деярли ўттиз ёшимгача бу ибодатнинг маъносини тушунмасдим.
Болалигимнинг илк йилларида бобом ва бувим менга ғамхўрлик қилишди. Чунки ота-онам уй олиш ниятида туну кун ишларди. Лекин икки ҳафтада бир марта, шанба кунлари, бутун оила бўлиб бирга овқатланардик. Мен бу пайтларни жуда ёқтирардим.
1958 йили ота-онамнинг орзуси рўёбга чиқди: улар уй сотиб олишга муваффақ бўлишди. Мен жудаям бахтли эдим. Ниҳоят, ота-онам билан бирга яшайдиган бўлдим. Лекин қувончим узоққа чўзилмади. Ярим йилдан кейин отам саратон касаллигидан вафот этди.
Қалбим тилка-пора бўлганди. Худога шундай ибодат қилганим ҳалигача эсимда: «Худо, сендан отамни сақлаб қолишни сўрагандим-ку! Мен унга муҳтожман. Нега ибодатларимга жавоб бермадинг?» Отам қаердалигини билишни жудаям истардим. «У ҳозир осмондами ёки бутунлайин йўқ бўлиб кетдими» деб ўйлаб қолардим. Дадаси бор болаларга ҳасад қилардим.
Кўп йиллар давомида деярли ҳар куни қабристонга борардим. Дадамнинг қабри ёнида чўккалаб, шундай ибодат қилардим: «Ёлвораман, Худойим, дадам қаерда эканини билишимга ёрдам бер. Ҳаётнинг мазмунини ҳам тушунишимга ёрдам бер».
Ўн уч ёшимда немис тилини ўрганишга қарор қилдим. Немис адабиёти турли-туман ва жуда бой бўлгани учун, эҳтимол, ундан саволларимга жавоб топа оламан, деб ўйладим. 1967 йили ўша пайтлари шарқий Германиянинг бир қисми ҳисобланган Ена шаҳрида ўқий бошладим. Мен немис файласуфларининг, айниқса, инсон нега яшаётгани борасида ёзганларнинг китобларини иштиёқ билан ўқирдим. Баъзи фикрлар менга ёқди, аммо уларнинг ҳеч биридан саволларимга қониқарли жавоб топа олмадим. Шу боис ибодат қилишда давом этдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ:
1970 йили Венгрияга қайтдим. У ерда бўлажак рафиқам Розани учратдим. Ўша даврида Венгрияда коммунистлар бошқарарди. Турмуш қурганимиздан кўп ўтмай, Роза билан Австрияга кўчиб ўтишга мажбур бўлдик. Лекин кейинчалик Австралиянинг Сидней шаҳрига кўчиб ўтдик. У ерда тоғам яшарди.
Австралияда тезда иш топдим. Бир куни ҳамкасбим барча саволларимга Муқаддас Китобдан жавоб топишим мумкинлигини айтди. У менга Муқаддас Китоб таълимотлари тушунтирилган бир нечта китобни берди. Мен уларни бир ўтиришда ўқиб чиқдим ва ундан-да кўпроқ билишни истадим. Шунинг учун ўша китобни нашр этганларга, яъни Яҳованинг Шоҳидларига ёзиб, кўпроқ адабиёт жўнатишларини сўрадим.
Биринчи тўй кунимизда бизникига австриялик ёш Яҳованинг Шоҳиди келди. У ўзи билан мен буюртма қилган адабиётни олиб келиб, Муқаддас Китоб тадқиқини таклиф қилди ва мен рози бўлдим. Билим олишга жудаям чанқоқ эдим, шунинг учун ҳафтада икки марта тадқиқ ўтардик ва тадқиқларимиз тахминан тўрт соат давом этарди.
Шоҳидлар Муқаддас Китобдан кўрсатган нарсалар мени лол қолдирди. Улар Худонинг исми Яҳова эканини менинг венгер тилидаги Муқаддас Китобимдан кўрсатишганида қойил қолдим. Черковга 27 йил мобайнида борган бўлсам-да, у ерда Худонинг исми бир марта ҳам тилга олинмаган. Каломга асосланган аниқ ва мантиқий жавоблардан лол қолдим. Қолаверса, Муқаддас Китобдан ўлганлар ҳеч нарсани билмаслигини ва улар гўёки қаттиқ ухлаб ётган одамга ўхшашлигини билиб олдим. (Воиз 9:5, 10; Юҳанно 11:11–15) Шунингдек, Муқаддас Китобга кўра, янги дунёда ўлим бошқа бўлмаслигини билиб олдим. (Ваҳий 21:3, 4) Қолаверса, янги дунёда отамни кўришга умид қиляпман, чунки ўшанда «тирилиш» бўлади. (Ҳаворийлар 24:15)
Роза ҳам Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга бажонидил рози бўлди. Биз маънан тез ўсардик ва тадқиқ учун мўлжалланган адабиётни атиги икки ой ичида тамомладик. Йиғилишларнинг ҳеч бирини қолдирмасдик. Яҳова Шоҳидларининг севгиси, ҳамжиҳатлиги ва бир-бирига ёрдам беришга тайёрлиги бизга кучли таъсир қилди. (Юҳанно 13:34, 35)
1976 йили Роза иккаламизга Австралияга кўчиб ўтишга рухсат беришди. Кўчиб ўтишимиз билан у ердаги Шоҳидлар билан боғландик. Улар орасида ўзимизни уйдагидек ҳис қилардик. 1978 йили эса ўзимиз ҳам Яҳованинг Шоҳидлари бўлдик.
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?
Ахийри, мени узоқ вақт давомида ташвишлантирган саволларимга жавоб олдим. Яҳова билан дўстона муносабатларни ривожлантириб, энг зўр Отага эга бўлдим. (Ёқуб 4:8) Келажакдаги янги дунёда эса ўзимнинг ҳақиқий отамни кўра оламан. (Юҳанно 5:28, 29)
1989 йили Роза иккаламиз Венгрияга қайтишга қарор қилдик. Чунки дўстларимиз, оила аъзоларимиз ва бошқалар билан эътиқодимиз ҳақида бўлишмоқчи эдик. Юзлаб одамларга Муқаддас Китоб асосида таълим бериш шарафига муяссар бўлдик. Уларнинг етмишдан зиёди, жумладан, азиз онам Яҳованинг хизматчисига айланди.
Саволларимга жавоб топиш учун 17 йил давомида ибодат қилдим. Яна 39 йил ўтди ва мен ҳали ҳануз ибодат қиляпман. Фақат ибодатларимда шундай дейман: «Жажжи болакайнинг ибодатларига жавоб берганинг учун раҳмат, самовий Отажоним».