4- дарс
Исо Масиҳ ким?
1. Исо қандай вужудга келган?
Исо Худонинг илк ижоди. Одамлардан фарқли равишда у ер юзига келишидан аввал осмонда фаришта бўлиб яшаган. (Юҳанно 8:23) Исо самода аёлнинг воситасисиз вужудга келган. Унга ҳаётни Аллоҳ ато этгани боис, у рамзий маънода «Худонинг Ўғли» деб аталган. (Матто 16:16) Исо, шунингдек, «Калом» деб танилган, боиси у Тангрининг вакили бўлиб хизмат қилган. (Юҳанно 1:14) Қолаверса, Аллоҳ унга махсус бир вазифа топширгани учун у Масиҳ ёки мойланган шахс. Ҳикматлар 8:22, 23, 30; Колосаликларга 1:15, 16 ни ўқинг.
2. Исо нима учун ер юзига келган?
Худо Ўғлининг ҳаётини Марям исмли яҳудий бокира қизнинг бачадонига ўтказган. Бу Исонинг ер юзида отаси бўлмаганини кўрсатяпти. (Луқо 1:30–35) Исо қуйидаги сабабларга кўра ер юзига келган: 1) Аллоҳ тўғрисида ҳақиқатни ўргатиш учун, 2) ҳатто қийинчиликларга дуч келганда ҳам Худонинг иродасини бажаришда бизга ўрнак кўрсатиш мақсадида ва 3) мукаммал ҳаётини «тўлов» сифатида тақдим этиш учун. Матто 20:28 ни ўқинг.
3. Нега биз тўловга муҳтожмиз?
Тўлов — ўлим хавфи остида турган одамни қутқариш учун тўланадиган ҳақни англатади. (Чиқиш 21:29, 30) Аллоҳ одамлар кексайишини ва ҳаётдан кўз юмишини истамаган. Буни қаердан биламиз? Худо Одаматога, агар у гуноҳга қўл урса ўлишини айтган. Демак, у гуноҳ қилмаганида ҳеч қачон ўлмасди. (Ибтидо 2:16, 17; 5:5) Муқаддас Китобга биноан, Одамато туфайли дунёда ўлим «пайдо бўлган». Шу йўсин, Одамато гуноҳни, жумладан, гуноҳ учун жазо бўлмиш ўлимни барча авлодларига мерос қилиб қолдирган. Одаматодан мерос бўлиб ўтган ўлим жазосидан халос бўлиш учун биз тўловга муҳтожмиз. Римликларга 5:12; 6:23 ни ўқинг.
Ким биз учун тўловни тақдим этиб, ўлимдан халос эта олади? Одам ўлганда фақатгина ўз гуноҳлари учун тўлов тўлайди. Ҳеч бир номукаммал киши бошқа инсонларнинг гуноҳи учун тўлов бера олмайди. Забур 49:7–9 ни ўқинг.
4. Исо нима учун ўлган?
Исо пайғамбар мўъжизавий тарзда дунёга келгани сабаб, биз каби номукаммал бўлмаган. У мукаммалдир ва ҳеч қандай гуноҳ қилмаган. Шу боис, Исо ўзининг эмас, бошқаларнинг гуноҳлари учун ўзини фидо қилган. Аллоҳ эса Ўғлини ер юзига юбориб, бизга Ўз севгисини намоён этган. Исонинг ўзи ҳам Худога бўйсуниш ва гуноҳларимиз учун ҳаётини қурбон қилиш билан бизни севишини кўрсатган. Юҳанно 3:16; Римликларга 5:18, 19 ни ўқинг.
5. Ҳозир Исо Масиҳ нима билан банд?
Исо ер юзида яшаганида касалларни даволарди, ўлганларни тирилтирарди ва қийинчиликка тушган кишиларга кўмаклашарди. Бу билан у итоаткор инсонлар учун келажакда нималар қилишини кўрсатди. (Матто 15:30, 31; Юҳанно 5:28) Исо ўлганидан сўнг, Худо уни қудратли фаришта қилиб тирилтирди. (1 Бутрус 3:18) Кейин эса у Тангрининг ўнг томонига ўтириб, Отаси унга бутун ер юзи устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини берадиган вақтни кутди. (Ибронийларга 10:12, 13) Ҳозир Исо Масиҳ осмонда Шоҳ сифатида ҳукмронлик қилмоқда ва унинг издошлари бутун дунё бўйлаб бу хушхабарни эълон этишмоқда. Дониёр 7:13, 14; Матто 24:14 ни ўқинг.
Яқин орада Исо Шоҳ сифатида қудратидан фойдаланиб барча азоб-уқубатларни ва уларга сабабчи бўлаётганларни йўқ қилади. Исога ишонадиган ва унга қулоқ соладиган ҳар бир киши ер юзидаги жаннатда яшайди. Забур 37:9–11 ни ўқинг.