Воиз 12:1–14

  • Ёшлик чоғингда Парвардигорни ёдда тут (1–8)

  • Воизнинг хулосаси (9–14)

    • Дононинг сўзлари говронга ўхшайди (11)

    • Аллоҳдан қўрқ (13)

12  Ёшлик чоғингда Улуғ Парвардигорингни ёдда тут!+ Қайғули кунлар келмасидан+, «ҳаётнинг қизиғи йўқ» дейдиган йиллар келмай туриб, 2  қуёш, ой ва юлдузлар нури сўнмасидан+, булутлар яна жала олиб* келмасидан аввал Уни ёдда тут! 3  Ўша кун келганда уй қўриқчилари қалтирай бошлайди, кучли кишилар букчайиб қолади, сони камайганидан аёллар янчимай қўяди, деразадан қараган хонимлар қоронғиликни кўради+. 4  Ўшанда кўчага чиқадиган эшиклар ёпилади, тегирмон товуши эшитилмай қолади, одам қуш сайрашидан уйғониб кетади, қўшиқчи қизлар овози базўр эшитилади+. 5  Баландликлар қўрқитади, кўча ваҳимага солади. Бодом гуллайди+, чигиртка оёғини зўрға судрайди, кавар* мевалари ёрилади, чунки инсон доимий масканига йўл олади+, азадорлар кўча бўйлаб кетади+. 6  Кумуш арқон узилмасидан, олтин коса синмасидан, булоқ бошидаги кўза дарз кетмасидан, қудуқнинг чиғири синмасидан аввал Уни ёдда тут! 7  Шунда тупроқ ўз олинган ерига қайтади+, ҳаёт нафаси* эса уни тортиқ этган Аллоҳга қайтади+. 8  «Беҳуда, беҳуда! — демоқда воиз+. — Ҳаммаси беҳуда!»+ 9  Воиз доноликка эга бўлибгина қолмай, олган билимларини халққа ўргатди+. У мулоҳаза юритиб, астойдил изланди, натижада кўп ҳикматлар+ тўплади. 10  Воиз ёқимли сўзларни+ топишга ва ҳақиқат сўзларини аниқ ёзишга интилди. 11  Дононинг сўзлари говронга*+, тўплаган ҳикматлари эса маҳкам қоқилган михларга ўхшайди. Буларнинг барини берган — бир чўпондир. 12  Бундан ташқари, ўғлим, огоҳ бўл: кўп китоб ёзишнинг охири йўқ, кўп ўқиш ҳам одамни чарчатади+. 13  Барча айтилган сўзларнинг хулосаси шудир: Аллоҳдан қўрқ+, Унинг амрларига риоя қил+, чунки бу, инсоннинг бурчидир+. 14  Аллоҳ ҳар ишни — ҳар бир яширин ишни, хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, ҳукм қилади+.

Изоҳлар

Бошқа вариант «билан».
Иштаҳа очадиган мева тури.
Ёки «руҳи».