Луқо баён этган хушхабар 10:1–42

  • Исо 70 та шогирдини юборади (1–12)

  • Тавба қилмаган шаҳарлар ҳолига вой (13–16)

  • Исонинг 70 та шогирди қайтиб келади (17–20)

  • Исо камтар кишилар учун Отасини улуғлайди (21–24)

  • Меҳрибон самариялик ҳақида масал (25–37)

  • Исо Марта ва Марямникига боради (38–42)

10  Ўшандан кейин Ҳазратимиз яна 70 та шогирдни тайинлаб, уларни ўзи борадиган ҳар бир шаҳар ва ҳар бир жойга иккитадан жўнатди+. 2  Сўнг Исо уларга қуйидагича деди: «Ҳосил чиндан ҳам мўл, фақат ишчилар оз. Ана шу сабабдан ҳосилни йиғиш учун ишчиларни юборсин деб, ҳосил Эгасига илтижо қилинглар+. 3  Энди боринглар. Мен сизларни юборяпман, аммо сизлар худди бўрилар орасидаги қўзилардай бўласизлар+. 4  Ўзларингиз билан ҳамён ҳам, егулик солинган халта ҳам, қўшимча сандал ҳам олманглар+. Йўлда ҳеч ким билан қучоқлашиб саломлашманглар. 5  Бирон-бир уйга кирганингизда: “Ассалому алайкум*+,— деб айтинглар. 6  Агар у ерда тинчликсевар киши бўлса, саломингиз* у билан қолади. Борди-ю, бўлмаса саломингиз ўзингизга қайтиб келади. 7  Ўша уйда қолиб+, сизларга тақдим этилган нарсаларни еб-ичинглар+, чунки ишчи ўз меҳнатига ярашасини олишга сазовор+. Уйдан уйга кўчиб юрманглар*. 8  Қайси бир уй ёки шаҳарга кирсангизлар ва у ерда сизларни қабул қилишса, олдингизга қўйилган нарсаларни енглар. 9  Шунингдек, ўша ердаги касалларни даволаб, уларга: “Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди”+,— дея айтиб юринглар. 10  Бироқ сизлар кирган шаҳар сизларни қабул қилмаса, унда катта кўчаларга чиқиб, шундай денглар: 11  “Мана, ҳатто шаҳрингизнинг чангини ҳам оёқларимиздан қоқиб, ўзларингизга қолдиряпмиз+. Аммо шуни билиб қўйингларки, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди”. 12  Сизларга айтиб қўяй, Ҳукм кунида* бу шаҳардан кўра Садўмнинг аҳволи енгилроқ бўлади+. 13  Ҳолингга вой, эй Ҳоразин! Ҳолингга вой, эй Байтсайда! Чунки сизларда кўрсатилган қудратли ишлар Тир билан Сидонда кўрсатилганида эди, улар жулга ўраниб, кулга ўтириб, аллақачон тавба қилган бўларди+. 14  Шу сабабли, Ҳукм кунида сизлардан кўра Тир билан Сидоннинг аҳволи енгилроқ бўлади. 15  Сен эса, эй Кафарнаҳум, наҳотки осмонгача юксала олсанг? Йўқ, сен мозорга* тушасан! 16  Сизларни тинглаган, мени тинглаган бўлади+. Сизларни инкор этган, мени ҳам инкор этган бўлади. Мени инкор этган эса мени Юборганни инкор этган бўлади»+. 17  Сўнгра ўша 70 та шогирди хурсанд бўлиб қайтди ва унга: «Ҳазрат, сизнинг исмингизни тилга олганимизда, ҳатто жинлар ҳам бизга бўйсунишяпти»+,— деб айтди. 18  Исо эса уларга шундай деди: «Мен Шайтоннинг осмондан чақмоқдай тушганини кўрдим+. 19  Мана, мен сизларга илонлару чаёнларни эзиб ташлаш учун ҳамда душманнинг бутун кучи устидан ҳокимият берганман+. Ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди. 20  Лекин жинлар сизларга бўйсунишганига эмас, балки исмларингиз осмонда ёзилганига хурсанд бўлинглар»+. 21  Шу заҳоти Исо қувончга ва муқаддас руҳга тўлиб, шуларни айтди: «Эй Ота, еру осмоннинг Рабби, ҳамманинг олдида Сени улуғлайман. Чунки Сен буларни доною зукколардан яшириб+, болаларга очиб бердинг. Ҳа, Ота, зеро Сен шуни маъқул топдинг+. 22  Отам менга барча нарсани топширди. Ўғилни Отадан бошқа ҳеч ким билмайди, Отани ҳам Ўғилдан+ ва Ўғил кимга очиб беришни хоҳласа, ўша кишидан бўлак ҳеч ким билмайди»+. 23  Кейин Исо шогирдларига ўгирилиб, алоҳида шундай деди: «Сизлар кўраётган нарсаларни кўрганлар бахтлидир+. 24  Сизларга айтиб қўяй, кўпдан-кўп пайғамбарлару шоҳлар сизлар кўраётган нарсаларни кўришни орзу қилишган, лекин кўра олишмаган+. Сизлар эшитаётганларни эшитишни хоҳлашган, бироқ эшита олишмаган». 25  Шундан сўнг бир Таврот тафсирчиси Исони синаш ниятида ўрнидан туриб: «Устоз, абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?»+ — деб сўради. 26  Исо унга жавобан: «Тавротда нима ёзилган? Ўқиганларингиздан нимани тушундингиз?» — деди. 27  Ўша киши Исога жавоб бериб деди: «“Тангрингиз Яҳовани* бутун қалбингиз, бутун жонингиз*, бутун қувватингиз ва бутун онгингиз билан севинг”+ ҳамда “яқинингизни ўзингизни севгандай севинг”»+. 28  Шунда Исо: «Тўғри жавоб бердингиз. Шундай йўл тутсангиз, абадий ҳаётга эга бўласиз»+,— деб айтди. 29  Лекин бу киши ўзининг одиллигини кўрсатиш ниятида+ Исодан: «Хўп, менинг яқиним ким?» — дея сўради. 30  Унга жавоб бериб, Исо қуйидагиларни айтди: «Бир одам Қуддусдан Ерихога кетаётиб, йўлда қароқчиларга дуч келибди. Улар унинг кийимини ечиб, ўзини роса уриб, чала ўлик қилиб кетишибди. 31  Ўша йўлдан бир руҳоний ҳам бораётган экан. Бу кишини кўрибди-ю, аммо йўлнинг нариги томонига ўтиб кетаверибди. 32  Шунга ўхшаб бир леви ҳам ана шу ерга етганда, ўша кишини кўриб, уни четлаб ўтибди. 33  Бир самариялик+ йўловчи бу жойдан ўтаётиб, уни кўриб қолибди ва унга раҳми келибди. 34  Унинг ёнига келиб, яраларига мой ва шароб қуйиб, боғлабди. Кейин уни уловига миндирибди-да, меҳмонхонага олиб келиб, унга ғамхўрлик қилибди. 35  Эртаси куни эса икки динор* чиқариб, меҳмонхонанинг эгасига берибди-да: “Унга яхши қаранг, агар кўпроқ сарф-харажат қилсангиз, келганимда тўлайман”,— деб айтибди. 36  Нима деб ўйлайсиз, бу учовидан қай бири қароқчиларнинг қўлига тушган кишининг яқини ҳисобланади?»+ 37  Шунда у жавоб бериб: «Унга раҳм-шафқат кўрсатган киши-да!»+ — деди. Кейин Исо унга: «Боринг, сиз ҳам шундай йўл тутинг»+,— деб айтди. 38  Улар йўлда кетишаётганда, Исо битта қишлоққа кирди. У ерда Марта+ исмли бир аёл уни меҳмонга таклиф қилди. 39  Унинг Марям деган синглиси ҳам бор эди. Ўша синглиси Исонинг оёқлари олдига ўтириб, уни тинглаётганди. 40  Марта эса тайёргарчилик билан жуда овора эди. Шунда у Исонинг ёнига келиб: «Ҳазрат, синглим ҳамма ишни менга ташлаб қўйганига наҳотки парво қилмасангиз? Унга айтинг менга ёрдам берсин»,— деди. 41  Исо унга жавобан деди: «Эҳ Марта, Марта, шунча оворагарчиликка не ҳожат? 42  Ўзи кўп нарса керак эмас, битта нарса ҳам етади. Марям эса энг яхшисини танлади+ ва бу ундан тортиб олинмайди».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «Уйингизга тинчлик бўлсин».
Сўзма-сўз «тинчлигингиз».
Яъни улар ўзлари учун қулайроқ турар жой қидириб юрмасликлари керак эди.
Юн. ҳадес, яъни инсониятнинг умумий қабри. Луғатга қ.