Матто баён этган хушхабар 8:1–34

  • Мохов соғаяди (1–4)

  • Юзбошининг имони (5–13)

  • Исо кўпларни Кафарнаҳумда даволайди (14–17)

  • Исога эргашиш (18–22)

  • Исо бўронни тинчитади (23–27)

  • Исо жинларни қувиб чиқаради (28–34)

8  Исо тоғдан тушгач, орқасидан тумонат халойиқ эргашди. 2  Шу пайт унинг олдига бир мохов киши яқинлашди-да, тиз чўкиб: «Ҳазратим, сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— деди+. 3  Шунда Исо қўлини унга теккизиб: «Албатта истайман! Пок бўлинг»+,— деди. Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлди+. 4  Сўнг Исо унга: «Бу ҳақда ҳеч кимга айтманг+. Аммо бориб ўзингизни руҳонийга кўрсатинг+ ва Мусо пайғамбар буюргани бўйича қурбонлик келтиринг+. Бу уларга шоҳидлик бўлсин»,— деди. 5  Исо Кафарнаҳум шаҳрига кирганида, бир юзбоши унинг олдига келди ва ёлвориб+: 6  «Тақсир, хизматкорим уйда шол бўлиб жуда қийналиб ётибди»,— деди. 7  Исо унга: «Мен бориб уни соғайтираман»,— деб айтди. 8  Юзбоши унга жавобан шундай деди: «Тақсир, уйимга киришингизга мен нолойиқман. Бир оғиз сўз айтсангиз бас, хизматкорим соғайиб кетади. 9  Чунки мен ҳам ҳокимиятга тобе инсонман ва менинг ҳам қўл остимда аскарларим бор. Улардан бирига: “Кет!” — десам, кетади. Бошқасига: “Кел!” — десам, келади ва бирон хизматкоримга: “Шуни қил!” — десам, қилади». 10  Бу сўзларни эшитгач, Исо ҳайратда қолиб, орқасидан эргашиб келаётганларга шундай деди: «Ишонаверинг, бунчалик кучли имонни Исроилдаги ҳеч кимсада кўрмадим+. 11  Лекин сизларга айтиб қўяй, шарқу ғарбдан кўплар келиб Осмон Шоҳлигида Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлашади+. 12  Шоҳлик ўғиллари эса ташқарига, қоронғиликка отиладилар. У ерда йиғлаб, тишларини ғижирлатишади»+. 13  Бундан кейин Исо юзбошига: «Бораверинг. Сиз ишонгандай бўлсин»+,— деди. Хизматкор шу ондаёқ соғайиб кетди+. 14  Исо Бутруснинг уйига келганида, унинг қайнанаси+ иситмалаб ётганини кўрди+. 15  Исо унинг қўлига тегиши биланоқ+ иситмаси тушди ва аёл ўрнидан туриб унга хизмат қила бошлади. 16  Кеч киргач, Исонинг олдига жинга чалинган кўп кишиларни олиб келишди. У жинларни бир сўз билан қувиб чиқариб, ҳамма касалларни даволади. 17  Шу тариқа Ишаё пайғамбар орқали: «У касалликларимизни ўзига олди, дардларимизни кўтариб кетди»+,— деб айтилган сўзлар бажо бўлди. 18  Исо атрофидаги халойиқни кўриб, нариги томонга сузиб ўтишни буюрди+. 19  Шу пайт бир уламо унинг ёнига келиб: «Устоз, сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман»+,— деди. 20  Бироқ Исо унга: «Тулкиларнинг уяси, қушларнинг ини бор, Инсон Ўғлининг* эса турар жойи ҳам йўқ»+,— деб айтди. 21  Бундан сўнг шогирдларидан бири унга: «Ҳазратим, аввалига бориб отамни кўмиб келишимга ижозат беринг»+,— деди. 22  Исо бўлса унга: «Менинг орқамдан юринг. Ўликлар ўз ўликларини кўмсин»+,— деб айтди. 23  Исо қайиққа ўтирганида, шогирдлари ҳам орқасидан қайиққа тушишди+. 24  Тўсатдан денгиз қаттиқ мавж ура бошлаб, қайиқ тўлқинлар оғушида қолди. Исо эса ухлаётган эди+. 25  Шогирдлар ёнига келиб, уни уйғотишди-да: «Ҳазрат, бизни қутқаринг, ҳалок бўляпмиз!» — дейишди. 26  Исо эса уларга: «Эҳ, имони сустлар, намунча қўрқмасангизлар?!»+ — деди-да, ўрнидан туриб, шамол билан денгизга дўқ урди. Шу заҳоти чуқур сукунат чўкди+. 27  Шогирдлари ҳайратланиб: «Бу қандай одамки, ҳатто шамол ва денгиз унга бўйсуняпти-я?!» — дейишди. 28  Исо денгизнинг нариги томонидаги гадараликлар ўлкасига келганида, қабрлар орасидан жинга чалинган икки киши чиқиб, унга рўбарў бўлди+. Улар шу қадар ваҳший эдики, ҳеч ким бу йўлдан ўта олмасди. 29  Бу иккови: «Эй Худонинг Ўғли, бизда нима ишинг бор?+ Бизни муддатидан аввал+ қийнагани келдингми?»+ — дея ҳайқира бошлади. 30  Улардан узоқроқда катта чўчқа подаси ўтлаб юрган эди+. 31  Шунда жинлар Исога: «Агар бизни қувиб чиқармоқчи бўлсанг, унда чўчқа подасига юбор»,— деб ёлворишди+. 32  Исо уларга: «Боринглар!» — деган эди ҳам, улар бу одамлардан чиқиб, чўчқа подасига кириб олдилар. Ўшанда чўчқаларнинг бари жарликдан денгизга сакраб, чўкиб ўлди. 33  Чўчқабоқарлар эса шаҳарга қочиб боришди-да, ҳамма нарсани, шунингдек, жинга чалинган кишилар билан нима юз берганини ҳам айтиб беришди. 34  Бутун шаҳар аҳолиси эса Исонинг қаршисига чиқди. Уни кўргач, юртларини тарк этишни сўрашди+.

Изоҳлар