Юнус 4:1–11

  • Юнуснинг ғазаби қайнаб, ўзига ўлим тилади (1–3)

  • Яҳова Юнусга раҳм-шафқат бобида сабоқ берди (4–11)

    • «Ғазабланишга ҳақлиман деб ўйлайсанми?» (4)

    • Қовоқ мисолидаги дарс (6–10)

4  Юнусга бу сира ҳам ёқмай, ғазаби қайнаб кетди. 2  Шунда у Яҳовага ибодат қила бошлади: «Эҳ Яҳова, ўз юртимдаёқ шундай бўлишидан қўрққан эдим! Таршишга қочиб кетмоқчи бўлганимнинг сабаби ҳам шу эди+. Чунки Сен раҳмдил* ва шафқатли, сабр-тоқатли* ва меҳр-садоқатга бой Худо+ эканингни, фалокат ёғдириш ниятингдан қайтишингни билардим. 3  Эй Яҳова, ўтинаман, жонимни* олиб қўя қол, чунки яшаганимдан кўра ўлганим яхшироқ»+. 4  Яҳова эса ундан: «Ғазабланишга ҳақлиман деб ўйлайсанми?» — деб сўради. 5  Сўнг Юнус Ниневиядан чиқиб, шаҳарнинг шарқ томонига бориб ўтирди. У ўзига бир чайла ясади-да, унинг соясида ўтириб, шаҳар билан нима юз беришини кузатди+. 6  Кейин Тангри Яҳова Юнуснинг бошига соя бўлсин, азобини енгиллатсин деб, қовоқ* ўстирди. Юнус уни кўриб ниҳоятда қувониб кетди. 7  Бироқ эртаси куни тонг отганда, ҳақ Тангри бир қуртни юборди ва бу қурт қовоқни кемира бошлади. Охири қовоқ қуриб қолди. 8  Қуёш кўтарилганда Худо шарқдан гармсел юборди. Қуёш Юнуснинг бошини шу қадар қаттиқ қиздирдики, у ҳушидан кета бошлади. Шунда Юнус ўзига ўлим тилаб: «Яшаганимдан кўра, ўлиб кетганим яхшироқ»+,— деди. 9  Худо Юнусдан: «Битта қовоқни деб ғазабланишга ҳақлиман деб ўйлайсанми?» — дея сўради+. У: «Албатта ҳақлиман! Ғазабланганимдан ҳатто ўлишга ҳам тайёрман»,— деб жавоб берди. 10  Аммо Яҳова шундай деди: «Сен ўзинг меҳнат қилиб ўстирмаган, бир кечада ўсиб чиқиб, бирпасда қуриб қолган қовоққа шунча ачиняпсанми?! 11  Буюк Ниневия+ шаҳрида эса талайгина ҳайвонларни ҳисобга олмаганда, яхшини ёмондан* ажрата олмайдиган 120 000 дан зиёд одам бор-ку! Нега Мен уларга раҳм қилмаслигим керак?!»+

Изоҳлар

Ёки «марҳаматли».
Ёки «ғазабланишга шошмайдиган».
Ёки «ҳаётимни».
Бошқа вариант «канакунжут».
Ёки «ўнг қўлини чап қўлидан».