Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ. БОЛА ТАРБИЯСИ

Фарзандингизга таслим бўлмасликни ўргатинг

Фарзандингизга таслим бўлмасликни ўргатинг

 «Бу қўлимдан келмайди,— деб йиғлайди кичкинтойингиз.— Жуда ҳам қийин экан. Уни ҳеч қачон ўргана олмайман». У қийин вазифани бажара олмагани учун таслим бўлмоқчи. Ўғлингизнинг қийналаётганини кўриш сиз учун оғриқли. Лекин у қийинчиликларни енгишни ўрганишини хоҳлайсиз. Хўш, болангизга ёрдам беришга ошиқишингиз керакми ёки таслим бўлишига йўл қўйишингиз керакми? Балки фарзандингизга таслим бўлмасликни ўргатарсиз?!

Нимани билишингиз керак?

 Сабр-бардош муҳим. Ота-она фарзандига қийинчиликларни енгиб ўтиш учун керакли қобилиятларни ривожлантиришни ўргатса, у мактабда яхши ўқиши, бахтлироқ ва соғломроқ бўлиши ҳамда атрофдагилар билан яхшироқ муносабатга эга бўлиши мумкин. Аксинча, ота-она фарзандини қийинчиликлару муваффақиятсизликлардан ҳимоя қилса, у депрессияга тушиши, ўзини қобилиятсиз ҳис қилиши ва вояга етган киши сифатида ҳаётда мамнуният ҳиссини камроқ туюши мумкин.

 Сабр-бардошни кучайтирса бўлади. Ҳатто ёш болалар ҳам қийинчиликларни енгиш ва муаммоларни ечиш қарорида қатъий бўла олади. Бир тадқиқотга кўра, 15 ойлик чақалоқлар катталар осонлик билан эмас, балки қийинчилик билан муваффақиятга эришганини кўрганида, улар ҳам қийин вазифани қилиб кўришга уринади.

 «Қизларимга оёқ кийимнинг ипини қандай боғлашни ўргатганимни эслайман. Бу бир кунда ўрганадиган нарса эмас. Улар ҳар куни оёқ кийимининг ипини қандай боғлашни эслашнинг ўзига 10–15 дақиқа кетарди. Кейин уларга ёрдамлашардим. Уларнинг ўрганишига бир неча ой керак бўлди, баъзида қизларим йиғларди. Бироқ охири бу уларнинг қўлидан келди. Агар ўзимнинг ҳаётимни осонлаштиришни истаганимда, уларга ипсиз оёқ кийим олиб берардим. Аммо баъзида биз ота-она сифатида фарзандларимизга сабр-бардошли бўлишни ўргатиш учун ўзимиз сабр-бардошли бўлишимиз керак». (Колин)

 Сабр-бардошни заифлаштириш мумкин. Баъзи ота-оналар ўзи билмаган ҳолда боласининг сабр-бардош қилиш қобилиятини сусайтиради. Қанақасига? Улар фарзанди ўзи ҳақида ёмон фикрга бормаслиги учун уни ҳар қандай қийинчилик ёки муваффақиятсизликдан ҳимоялаш ниятида «қутқаришга» ошиқади. Лекин бундай ёндашишнинг салбий тарафи ҳам бор. Ёзувчи Жессика Лаҳе шундай деди: «Ҳар сафар боламизни... қийинчиликдан қутқарганимизда, гўёки унга: “Сенинг қўлингдан келмайди. Қобилиятсизсан ва ишончимизга нолойиқсан”,— деб айтгандай бўламиз». («The Gift of Failure») Бунинг оқибатида болалар бирон қийинчиликка дуч келганида, катталар уларни қутқаришига ишониб, тезда таслим бўлиши мумкин.

Болангизни қийин вазифадан «қутқаришнинг» ўрнига унга сабр-бардошли бўлишни ўргата оласиз

Нима қила оласиз?

 Меҳнатсеварликка унданг. Ота-оналар фарзандларига уларнинг ёшига яраша ишларни бериб, сабр-бардошли бўлишни ўргата олади. Мисол учун, 3–5 ёшгача бўлган болалар ювилган кийимларни тахлаши ва ўйинчоқларини йиғиштириши мумкин. Ёш болалар харид қилинган озиқ-овқатларни жойлаштиришда, дастурхон ёзиб, уни йиғиштиришда ва ахлатларни ташлашда, унча катта бўлмаган жойларни тозалашда ёрдам бериши мумкин. Ўсмирлар эса қийинроқ юмушларда, масалан, тозалаш, таъмирлаш ва тузатиш ишларини бажариши мумкин. Болалар доим ҳам уй ишларини қилишни истамаслиги мумкин. Бироқ ота-оналар уларга ёшлигидан уйга ғамхўрлик қилиш масъулиятини топширишса, болалар бундан фойда олади. Қандай фойда ҳақида гап кетяпти? Болалар меҳнатсеварликка ўрганади ва бу уларга вояга етганда, қийин ишни бажаришда тезда таслим бўлмасликка ўргатади.

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Ҳар қандай меҳнатнинг фойдаси бор». (Ҳикматлар 14:23)

 «Болангизга уни шунчаки банд қиладиган иш бериб вақтни кетказманг. Буни ҳеч ким, ҳатто бола ҳам ёқтирмайди. Уларга арзигулик вазифалар беринг. Агар болангиз кичкина бўлса, унинг бўйи етадиган мебелдаги чангларни артишни айтинг. Машинани юваётган бўлсангиз, унинг пастки қисмларини ювишга рухсат беринг. Кейин эса бу ишни фарзандингиз қилганини айтинг». (Крис)

 Фарзандингиз қийин вазифаларни бажарганида, унга йўл-йўриқ беринг. Баъзида фарзандингиз вазифани қандай қилиб якунлашни билмагани туфайли осонликча таслим бўлиши мумкин. Шундай экан, фарзандингизга янги кўникмани ўргатаётганда, қуйидаги усулни қўллашга интилинг. Биринчидан, вазифани фарзандингиз олдида бажаринг. Кейин эса биргаликда қилинг. Сўнг фарзандингиз вазифани бажараётганда уни кузатинг ва унга асқатадиган маслаҳатлар беринг ва ниҳоят фарзандингизга вазифани ўзи бажаришини айтинг.

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Мен сизларга нима қилган бўлсам, сизлар ҳам шундай қилинглар дея ўрнак кўрсатдим». (Юҳанно 13:15)

 «Тажрибамдан шуни айта оламанки, фарзандларимиз сабр-бардошли бўлишини истасак, биз ота-оналар яхши ўрнак кўрсатишимиз керак. Боламиз қайси фазилатларни ривожлантиришини хоҳласак, ўзимиз ҳам ўша фазилатни намоён этишимиз керак». (Доуг)

 Фарзандингизга ҳамма қийинчиликка дуч келишини ва муваффақиятсизликка учрашини тушунишига ёрдам беринг. Ўзингиз ҳам бирон нимани бажаришда қийналганингиз, лекин таслим бўлмаганингиз учун фойда олганингиз тўғрисидаги вазиятларни айтиб беринг. Болангизга янги нарсаларни ўрганиш қийин экани табиийлигини ва хатолар унга ўрганишга ёрдам беришини тушунтиринг. Агар у муваффақиятсизликка учраса, унга бўлган севгингиз камаймаслигига уни ишонтиринг. Мушаклар улардан фойдаланилгани сайин мустаҳкамлагани каби, болангиз қийинчиликларни бошдан кечиришига йўл қўйсангиз, сабр-бардошли бўлишга ўрганади. Шундай экан, фарзандингиз бирон қийинчиликка дуч келганида, шу заҳоти вазиятга аралашишнинг ўрнига, у ўша қийинчиликдан ўтиши учун унга бироз вақт беринг. Бир китобда шундай ёзилган: «Эҳтимол, қўлидан келмайдиган вазифани бажаришга уриниб кўриш ёш киши учун шахсиятни ривожлантиришнинг энг аъло йўлидир». («How Children Succeed»)

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Киши учун ёшлик чоғида қийинчиликларни бошдан кечириш яхшидир». (Еремиёнинг марсияси 3:27)

 «Болангиз бирон муаммони ўзи ҳал қилишига йўл қўйишнинг ёмон жойи йўқ. Асосийси у ота-онаси ёнида эканини ва унга ёрдам беришга тайёрлигини билиши лозим. Вақт ўтгани сайин, қийинчиликларни енгиш у учун осон бўлиб боради. Фарзандингиз янги қобилиятга эга бўлади ва сабр-бардош қилиш арзигулик эканини кўради». (Жордан)

 Фарзандингизни ақли эмас, ҳаракатлари учун мақтанг. Айтайлик, «Тестни зўр ечибсан, ақлингга балли!» эмас, балки «Тестни зўр ечибсан, ўқиш учун кўп ҳаракат қилганинг билан фахрланаман!» дейишингиз мумкин. Нима учун болани ақли эмас, ҳаракатлари учун мақташ муҳим? Агар болаларни ақли учун мақтасак, «Бирон нима қийин бўлса ёки нотўғри кетса, улар шу заҳоти ўзидан шубҳалана бошлайди»— деб бўлишди доктор Карол Двек. У яна шундай деди: «Агар ота-она боласига бирон нима совға қилишни истаса, уни қийинчиликларни севишга, хато қилишдан қўрқмасликка, ҳаракат қилишдан завқ олишга, бирон ниманинг янги усулларини излашга ва ўрганишдан тўхтамасликка ўргатиш энг аълосидир. Шунда болалар мақтовнинг қули бўлмайди». («Mindset»)

 Муқаддас Китобдаги принцип: «Одам... мақталганда синалади». (Ҳикматлар 27:21)