Муқаддас Китобда пардоз-андоз ва тақинчоқлар ҳақида нима дейилган?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобда бу мавзу батафсил кўриб чиқилмаган бўлса-да, унда пардоз-андоз қилиш ва тақинчоқлар тақиш қораланмаган. Аммо Муқаддас Китоб биринчи навбатда ташқи кўринишга урғу бермаяпти, балки «эскирмайдиган кийим», яъни «сокин ва мулойим руҳга» эга бўлишга ундаяпти. (1 Бутрус 3:3, 4)
Ўзига зеб бериш қораланмаган
Муқаддас Китобда тилга олинган художўй аёллар ҳам ўзларига зеб беришган. Иброҳимнинг келини, яъни Исҳоқнинг хотини Ривқо бурунга тақиладиган тилла сирға, олтин билагузук ва бошқа қимматбаҳо тақинчоқларни таққан. Буларнинг барини унга бўлажак қайнатаси совға қилганди. (Ибтидо 24:22, 30, 53) Шунга ўхшаб Эстер Форс империясининг маликаси этиб тайинланишидан олдин унга «пардоз берилган». (Эстер 2:7, 9, 12) Ҳойнаҳой, пардоз беришда «упа-эликлардан» ҳам фойдаланилган. (Ўзбекистон Библия Жамияти)
Муқаддас Китобдаги мисолларда зеб-зийнат ижобий маънода қўлланилган. Масалан, яхши маслаҳат берадиган инсон «қулоқ соладиган [киши] учун тилла сирға» кабидир. (Ҳикматлар 25:12) Шу сингари Худо Исроил халқига бўлган муносабатини хотинини билагузук, маржон ва зирак билан безаган эрнинг муносабатига ўхшатган. Бу зеб-зийнатлар Исроил халқини ниҳоятда «чиройли» қилган. (Ҳизқиё 16:11–13)
Пардоз-андоз ва тақинчоқлар борасида нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр: Муқаддас Китобда 1 Бутрус 3:3 оятида «ўрилган сочлар, тилла тақинчоқлар» қораланган.
Тўғри фикр: Муқаддас Китобнинг матн таркиби шуни кўрсатяптики, чиройли ташқи кўриниш ёки зеб-зийнатлар тақишдан кўра, ички гўзаллик муҳимроқ аҳамиятга эга. (1 Бутрус 3:3–6) Муқаддас Китобнинг бошқа оятларида ҳам бу ўз аксини топади. (1 Шоҳлар 16:7; Ҳикматлар 11:22; 31:30; 1 Тимўтийга 2:9, 10)
Нотўғри фикр: «Кўзига сурма суртган» ёвуз малика Изабелнинг мисолидан пардоз-андоз қилиш нотўғри эканини кўрса бўлади. (4 Шоҳлар 9:30)
Тўғри фикр: Изабел ташқи кўриниши учун эмас, балки сеҳр-жоду билан шуғуллангани ҳамда кўпларни ўлдиргани учун ҳукм қилинган. (4 Шоҳлар 9:7, 22, 36, 37)