Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Нега ибодат қилишим керак?

Нега ибодат қилишим керак?

Бир ҳисоботга кўра, Америкада ёши катта одамларнинг 80 фоизи ибодат қилади, аммо уларнинг фақат ярми буни ҳар куни қилади. Баъзилар қуйидагича ўйлаши шубҳасиз: «Ибодат шунчаки ўзингизни яхшироқ ҳис этишга ёрдам берадими ёки бундан кўпроқ нарсани англатадими?»

 Ибодат бу нима?

Ибодат бу барча нарсанинг Яратувчиси билан чинакамига мулоқот қилишдир. Бу нимани англатиши ҳақида ўйлаб кўринг! Яҳова одамлардан анча юксак, аммо «У ҳар биримизга яқиндир». (Ҳаворийлар 17:27) Дарҳақиқат, Муқаддас Китобда қуйидаги ажойиб таклиф ёзилган: «Аллоҳга яқинлашинглар, шунда У ҳам сизларга яқинлашади». (Ёқуб 4:8)

Худога қай йўсин яқинлаша оласиз?

  • Бунинг бир йўли — ибодат, яъни Худо билан гаплашиш.

  • Бошқа бир йўли — Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш, шунда Худо сиз билан «гаплашади».

Бундай икки тарафлама мулоқот — ибодат ва Каломни тадқиқ қилиш — Худо билан бўлган муносабатларингизни мустаҳкамлайди.

«Энг улуғ Шахс билан гаплашиш одам эга бўлиши мумкин бўлган улкан шараф». (Жереми)

«Ибодатда ич-ичимдагини Яҳовага айтганимда, ўзимни Унга яқинроқ ҳис қиламан». (Миранда)

 Худо тинглайдими?

Худога ишонсангиз ва Унга ибодат қилсангиз ҳам, У чиндан ҳам сизни тинглашига ишониш қийин бўлиши мумкин. Аммо Муқаддас Китобда Яҳова «ибодатларни Эшитгувчи» Худо деб айтилган. (Забур 65:2) Шунингдек, у ерда «барча ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар» деган чорлов бор. Нега деганда, «У сизларга ғамхўрлик қилади». (1 Бутрус 5:7)

Ўйлаб кўринг: яқин дўстингиз билан мунтазам мулоқот қилиш учун вақт ажратасизми? Худо билан бўлган муносабатларингизда ҳам худди шундай йўл тутсангиз бўлади. Унга доим ибодат қилиб, Яҳова дея мурожаат қилинг. (Забур 86:5–7; 88:9) Дарҳақиқат, Муқаддас Китоб «тинмай ибодат қилишга» ундамоқда. (1 Салоникаликларга 5:17)

«Ибодат мен ва самовий Отам ўртасидаги мулоқотдир. Унга қалбимдагини тўкиб соламан». (Моисес)

«Онам ёки яқин дўстим билан бўлганидек, Яҳовага ҳам ичимдагиларни айтаман». (Карен)

 Нима ҳақида ибодат қилсам бўлади?

Муқаддас Китобда: «Ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар»,— деб айтилган. (Филиппиликларга 4:6)

Бу, барча муаммоларингиз ҳақида айтиш кераклигини англатадими? Ҳа! Ахир Муқаддас Китобда: «Ғам-ташвишингни Яҳовага ташла, Унинг Ўзи сенга таянч бўлади»,— дейилган. (Забур 55:22)

Албатта, ибодатда нуқул муаммоларингиз ҳақида айтмайсиз. 23 ёшли Чантил шундай деди: «Агар Яҳовадан фақат ёрдам сўрасам, бу унча яхши дўстлик бўлмас эди. Фикримча, миннатдорчилик билдириш муҳим. Кўп нарса учун Худога раҳмат айта оламан».

Ўйлаб кўринг: ҳаётингиздаги қайси нарсалар учун миннатдорсиз? Бугун Яҳовага қайси учта нарса учун миннатдорчилик билдира оласиз?

«Ҳатто оддий нарса, масалан, чиройли гулдан завқ олиш Яҳовага ибодат қилиб, раҳмат айтишга ундаши мумкин». (Анита)

«Яҳованинг қайси ижоди сизни лол қолдириши ёки қайси оят қалбингизга таъсир қилиши устида мулоҳаза юритиб, бу учун Яҳовага миннатдорчилик билдиринг». (Брайн)