Асосий материалларга ўтиш

2014 йилги мажлис ҳисоботи

Шоҳлик бошқарувининг 100 йиллиги!

2014 йилги мажлис ҳисоботи

2014 йил 4 октябрь куни 19 000 киши «Қўриқчи Минораси Муқаддас Китоб ва букламалар Жамияти (Пенсильвания)» томонидан ўтказилган 130- йиллик мажлисга йиғилишди. Мажлис АҚШнинг Нью-Жерси штати Жерси-Сити шаҳридаги Яҳова Шоҳидларининг Анжуман Залида бўлиб ўтди. Дастур шунингдек, бошқа жойларга Интернет орқали жонли эфирга узатилди.

Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаш аъзоси Марк Сандерсон, дастур раиси сифатида хизмат қилди. Нутқининг кириш қисмида биродаримиз Сандерсон, бу йилги мажлис тарихий аҳамиятга эга эканлигига урғу берди. Чунки мазкур мажлисда Масиҳий Шоҳлик ўрнатилганининг 100 йиллиги нишонланди.

Биродаримиз Сандерсон Шоҳликнинг 100 йиллик бошқаруви давомида қўлга киритилган учта муҳим ютуқни айтиб ўтди:

  • Умумжаҳон ваъзгўйлик фаолияти. Яҳованинг мадади билан, Унинг халқи Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни тинмасдан ваъз қиляпти. 1914 йилда ваъзгўйлар сони бир неча минг кишини ташкил этарди. Аммо 2014 хизмат йилига келиб, уларнинг сони саккиз миллиондан ошиб қолди. Яҳова бу иш амалга ошди, демагунича биз ғайрат ила ваъз қилишни давом эттирамиз.

  • Шоҳлик фуқароларининг гуруҳ сифатида ҳимояланиши. Диний ҳамда сиёсий раҳбарлар бизга қаттиқ қаршилик қилишган, ҳатто Яҳованинг Шоҳидларини бутунлай йўқ қилишга уриниб кўришган. Аммо Яҳова Ўз хизматчиларини гуруҳ сифатида ҳимоя қилган. Америка Қўшма Штатлари Олий суди ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида эришилган бир нечта юридик ғалабалар, бугунга қадар Яҳова бизни ҳимоялаб келаётганидан далолат бермоқда.

  • Келиб чиқиши турлича бўлган инсонларнинг бирлашиши. Худонинг Шоҳлиги келиб чиқиши, миллати ҳамда тили турлича бўлган кишиларни бирлаштириб, кўплаб қийинчиликларни енгишга ёрдам берди. Бу Шоҳлик уларни Худо хизматчиларнинг бирлашган гуруҳи сифатида ташкиллаштирди. Биродаримиз Сандерсон: «Бу мўъжиза фақат Тангри Яҳованинг қўли билан содир бўлиши мумкин»,— деб таъкидлади. У, ушбу тарихий мажлисда иштирок этиш барча учун катта шараф эканини меҳмонларга яна бир бор айтиб ўтди.

«Яҳованинг дўсти бўлинг» туркумидаги мультфильмлар.

Йиллик мажлиснинг кейинги дастур қисмида, болажонлар учун мўлжалланган кўп сериали мультфильмлар ҳақида гап борди. Мана икки йилдан ошиқ вақт давомида барчамиз бу мультфильмлардан баҳра олмоқдамиз. Аввал, биродаримиз Сандерсон бутун дунё бўйлаб болажонлардан олинган видео-интервьюни тақдим этди. Видеода болажонлар мазкур мультфильмлардан олган сабоқлари учун миннатдорчилик билдиришди. Уларнинг самимий ва чин юракдан айтган сўзлари барча меҳмонларнинг қалбини забт этди.

Кейин мана шу мультфильмларнинг янги серияси намойиш этилди. Бу видео «Яҳова сизга жасоратли бўлишга ёрдам беради» деб номланади. Мазкур 12 дақиқали мультфильм, Нўмонннинг хотинига Яҳова ҳақида жасорат ила айтиб берган исроиллик қизча тўғрисидаги воқеага асосланган (4 Шоҳлар 5:1–14). Ушбу видео 20 дан ошиқ тилларда мавжуд бўлиб, 2014 йил 6 октябрь, душанба куни jw.org сайтига жойлаштирилди.

«JW Language».

Биродаримиз Сандерсон смартфон ҳамда планшетлар учун мўлжалланган янги илова чиққани тўғрисида эълон қилди. Мазкур илова, хизматини кенгайтиришни истовчи Яҳованинг Шоҳидларига янги тил ўрганишга кўмаклашади. Ушбу илова 4 000 дан зиёд сўз ва иборалардан ташкил топган бўлиб, 18 та тилда мавжуд. Яқинда эса, бу иловага қўшимча сўз, ибора, ваъзгўйлик хизмати учун муқаддима ва ҳоказолар киритиш режалаштирилмоқда.

JW Интернет телевидениеси.

Меҳмонлар, Яҳова Шоҳидлари томонидан ташкиллаштирилган янги Интернет телевидение ҳақида эшитишганида жуда ҳам қувониб кетишди. Мазкур телевидениеда ҳозирча кўрсатувлар фақатгина инглиз тилида намойиш этилади. Бу телевидение АҚШнинг Нью-Йорк штати Бруклиндаги Бош идорамизда жойлашган бўлиб, унда видеоларимиз, мусиқаларимиз ва Муқаддас Китобнинг бадиий қироатлари тақдим этилади. Бундан ташқари, ҳар ойи Етакчи кенгашнинг аъзоси ёки шу кенгашнинг қўмиталаридаги ёрдамчиларидан бири янги дастурларни олиб боради.

Биродаримиз Сандерсон мазкур телевидениеда намойиш этилган биринчи дастурнинг қисқача лавҳасини тақдим этди. Мазкур дастурни Етакчи кенгашнинг аъзоси Стивен Летт олиб борди. Дастурда янги телестудиянинг тайёрлаш жараёни қандай кечгани ҳақида айтиб берилди. JW Интернет телевидениеси 2014 йил 6 октябрда ишга туширилиб, уни tv.ps8318.com манзили бўйича топса бўлади.

«Шоҳлик бошқарувининг 100 йиллиги ва унинг натижалари».

Етакчи кенгаш аъзоси Сэмюэл Хёрд, сон жиҳатдан ўсишимизга ҳамда ваъзгўйликда яхшиланишимизга Худонинг Шоҳлиги қандай ёрдамлашганини кўрсатувчи видеони шарҳлаб берди. Меҳмонлар тарихий видеоматериаллар, саҳналаштирилган воқеалар ҳамда узоқ вақтдан бери Яҳова Шоҳиди бўлганларнинг интервьюсини томоша қилиб, «Яратилиш фотодрамаси»нинг ишлаб чиқарилгани ва кенг кўламда намойиш этилгани, фонографлар, шоҳидлик бериш учун карточкалар, информацион маршлар, карнай ўрнатилган машиналар ҳамда ваъзгўйликка тайёрлайдиган турли хил мактаблар борасида аниқроқ тасаввурга эга бўлишди.

Шоҳлик илк 100 йиллик бошқаруви давомида эришган натижалари борасида мулоҳаза юритишдан қанақа фойда олишимиз мумкин? Агар бу ҳақда мулоҳаза юритсак, Шоҳлик ҳақиқатдан ҳам мавжудлигига бўлган ишончимиз ва у келажакда нималарни амалга оширишини кўриш истагимиз кучаяди.

Топиниш учун қўшиқлар.

Етакчи кенгаш аъзоси Дэйвид Сплэйн «Худованд Яҳовани тараннум этинг» китобининг инглиз тилидаги нашри қайтадан кўриб чиқилиши режалаштирилаётгани ҳақида эълон қилиб, барчани қувонтирди. Унинг муқоваси ва атрофи «Янги дунё таржимаси» каби кумушранг бўлади. Бундай сифатли материаллардан фойдаланиб, қўшиқлар топинишимизда салмоқли ўринни эгаллашини кўрсатамиз.

Шунингдек, Сплэйн биродаримиз ҳамду сано китобига бир нечта янги қўшиқлар киритилиши ҳақида эълон қилди. Аммо бу янги қўшиқларни куйлаш учун қайта кўриб чиқилган китобнинг чоп этилишини кутмаймиз. Сабаби, бу янги қўшиқлар тайёр бўлиши биланоқ jw.org сайтига жойлаштирилади.

Байтил оиласи учта янги қўшиқнинг куйланишини олдиндан машқ қилиб, йилги учрашувда уларни куйлаб беришди. Сплэйн акамиз «Ўрнатилган Шоҳлик келсин!» номли қўшиқни куйлаган хорга дирижёрлик қилди. Бу қўшиқ Шоҳлик ўрнатилганининг 100 йиллигига бағишланган. Хор қўшиқни куйлаб бўлганидан кейин, меҳмонлар ҳам улар билан бирга ушбу қўшиқни қайтадан куйлашди. Кейинчалик меҳмонлар хор билан биргаликда «Бизга жасорат ато эт» номли бошқа бир янги қўшиқни куйлашди.

Интервью.

Сўнг меҳмонлар видео томоша қилишди. Бу видеода, ўнлаб йиллар давомида Байтилда хизмат қилаётган учта жуфтликдан Геррит Лёш интервью олган. Жуфтликлар йиллар давомида қанақа ўзгаришларнинг гувоҳи бўлишганини айтиб беришди. Бундай ўзгаришлар Худонинг халқи олға қадам ташлаётганининг исботидир. Лёш биродаримиз ташкилий ўзгаришлар бўлиши, Муқаддас Китобда олдиндан ёзилганини айтди ва барчани Яҳованинг ташкилоти билан ҳамқадам бўлишга ундади (Ишаё 60:17).

«Тимсол ва у келажакда нимани тасвирлаши».

Бу нутқни Сплэйн биродаримиз сўзлади. Мазкур нутқда нега адабиётларимизда олдингидек тез-тез тимсол ва у нимани тасвирлаши ҳақида сўз бормаётганининг сабаби тушунтирилди.

Илгари адабиётларимизда Муқаддас Китобда қаламга олинган кўпгина художўй эркагу аёллар бугунги кунда яшаётган масиҳийларнинг турли гуруҳига ишора қилади, деб айтиларди. Шунингдек, Муқаддас Китобда ёзилган бир нечта воқеалар Худонинг замонавий хизматчилари билан содир бўладиган ҳодисаларнинг башоратли тимсоли, деб ўйлардик. Тан олиб айтиш керакки, бундай изланишлар қизиқарли бўлиши мумкин. Унда нега охирги пайтлар адабиётларимизда тимсол ва у нимани тасвирлаши борасида камдан-кам чоп этилмоқда?

Муқаддас Китобдан кўриняптики, баъзи қаҳрамонлар ёки баъзи воқеалар келажакда кимнингдир ёки ниманингдир тимсоли бўлган. Муқаддас Китобда тимсол ва у нимани тасвирлаши борасида аниқ ёзилган бўлса, биз буни бажонидил қабул қиламиз. Биродаримиз Сплэйн: «Бошқа томондан, агар Муқаддас Китобда бу борада ҳеч нарса айтилмаган бўлса, биз ҳам бу ҳақда нимадир айтишдан эҳтиёт бўламиз»,— деб айтди. Биз Худонинг Каломида ёзилганлардан йўқ нарсани излашдан қочишимиз даркор. Мойланганмизми ёки ер юзида яшаш умидига эгамизми, агар тимсол ва у нимани тасвирлашига ҳаддан ташқари кўп эътибор беришни бошласак, Муқаддас Китобда ёзилган ҳодисалардан амалий сабоқлар олишни назардан четда қолдиришимиз мумкин (Римликларга 15:4) a.

«Сиз ҳушёр турасизми?»

Бу нутқни биродаримиз Летт сўзлаб, ўнта қиз ҳақидаги масални тушунтириб берди (Матто 25:1–13). Ҳозирги пайтда бизга маълумки масалдаги куёв — Исонинг, қизлар эса мойланган масиҳийларнинг тимсолидир (Луқо 5:34, 35; 2 Коринфликларга 11:2). Бу масал охирги кунларнинг энг авж нуқтаси бўлмиш буюк қайғу пайтига тегишли. Исо масалда ақлсиз қизлар ҳақида гапираётиб, унинг кўпгина мойланган хизматчилари садоқатсиз бўлишига ва уларнинг ўрнига бошқаларни ташлашига ишора қилмаган. Исо бу масални огоҳлантириш сифатида келтирган. Қизларнинг бештаси ақлли, бештаси ақлсиз бўлгани сингари, ҳар бир мойланган масиҳий ҳам тайёрликни намоён этишни ҳамда ҳушёр туришни ёки садоқатсиз бўлишни ўзлари танлашади.

Биз Худонинг Каломида ёзилганлардан йўқ нарсани қидиришдан қочишимиз даркор. Бундай ёндашувни инобатга олган ҳолда, мазкур масалнинг икир-чикиригача башоратли маъносини изламаймиз. Аксинча, масалнинг амалий томонларига эътибор қаратсак, оқилона йўл тутган бўламиз. Хоҳ мойланганлар, хоҳ «бошқа қўйлар» бўлайлик, барчамиз «ҳушёр туриб», бошқалар олдида нуримиз порлашига ҳаракат қилишимиз лозим (Юҳанно 10:16; Марк 13:37; Матто 5:16). Ҳеч ким бизнинг ўрнимизга садоқатни сақлаб қола олмайди. Ҳар биримиз маънан ҳушёр туриб ва хизматда фаол бўлиб, ҳаётни танлашимиз зарур (Қонунлар 30:19).

«Талантлар ҳақидаги масал».

Кейинги нутқни Етакчи кенгаш аъзоси Энтони Моррис сўзлади. Бу нутқда биродаримиз тингловчиларга талантлар ҳақидаги масалнинг ойдинлашган баъзи томонларини айтиб берди (Матто 25:14–30). Биламизки, масалдаги хўжайин (Исо) келажакда қайтиб келганида қулларига (унинг ер юзидаги мойланган издошлари) самовий ҳаётни ато этиб, уларни мукофотлайди. Исо ярамас ва дангаса қул билан нима бўлиши ҳақида гапирганида, аксарият мойланган масиҳийлар охирзамон пайтида садоқатсиз бўлиб чиқишини башорат қилмаган. Аксинча, у мойланганларни ғайратли бўлишлари ва ярамас қул намоён этган руҳ ҳамда ҳаракатлардан қочишлари кераклигини айтиб огоҳлантирган.

Бу масалдан қандай сабоқ олишимиз мумкин? Масалдаги хўжайин қулларига қимматбаҳо нарсани ишониб топширди. Шунга ўхшаб, Ҳазрати Исо шогирдларига унинг назарида қимматбаҳо хазина бўлмиш ваъзгўйлик ҳамда шогирд орттириш ишини ишониб топширган. У ваъзгўйликда қўлимиздан келганча иштирок этиб, тиришқоқ бўлишимизни кутади. Моррис акамиз меҳмонларни Шоҳлик ишида ғайрат ила қатнашаётгани учун мақтади.

«Яқинда Худонинг халқига ким ҳужум қилади?»

Етакчи кенгаш аъзоси Жеффри Жексон дастурнинг якунида қизиқарли нутқ сўзлади. Жексон биродаримиз келажакда Магўг юртидаги Гўг (Яъжуж-Маъжуж) Худонинг халқига ҳужум қилиши ҳақида гапирди (Ҳизқиё 38:14–23).

Илгари адабиётларимизда Гўг бу, самодан пастга отилганидан кейин Шайтон Иблисга берилган ном деб тушунтириларди. Бироқ Жексон акамиз нега бундай тушунча бир қатор саволларни келтириб чиқарганига диққат қаратди. Мисол учун, Гўг мағлуб бўлганида, Яҳова уни «турли йиртқич қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ўлжа» қилиб беришини айтган (Ҳизқиё 39:4). Шунингдек Яҳова, «Гўг ва унинг тўдаси учун» ер юзида қабристон тайёрлашини башорат қилган (Ҳизқиё 39:11). Бироқ қандай қилиб руҳий мавжудотлар билан бундай ҳодисалар юз бериши мумкин? Ахир Шайтон 1 000 йилга тубсизликка қамалади. У на ўлжа бўлади, на қабристонга кўмилади (Ваҳий 20:1, 2). Бундан ташқари 1 000 йилликнинг охирида Шайтон тубсизликдан озод этилади ва «ернинг тўртта бурчагидаги халқларни — Яъжуж билан Маъжужни йўлдан оздириб, уларни жангга йиғиш учун чиқади» (Ваҳий 20:7, 8). Агар Шайтон Гўг бўлса, у ўзини-ўзи йўлдан оздирмайди-ку.

Жеффри Жексон Магўг юртидаги Гўг Шайтонни эмас, балки келажакда Худонинг хизматчиларига ҳужум қиладиган халқлар иттифоқини тасвирлашини тушунтириб ўтди. Гўгнинг ҳужуми, «Сурия шоҳи [«шимол шоҳи», ЯДТ]» ҳужуми ва «ер юзи подшоҳлари» ҳужуми алоҳида-алоҳида ҳужумларни тасвирламайди (Дониёр 11:40, 44, 45; Ваҳий 17:12–14; 19:19).

«Сурия шоҳи [«шимол шоҳи», ЯДТ]» кимни тасвирлайди? Биз олдиндан хулоса қилишни истамаймиз. Қандай бўлишидан қатъий назар, келажакда содир бўладиган бу ҳодисалар борасидаги тушунчамиз аниқлашаётганини кўриш имонимизни мустаҳкамлайди. Биз Худонинг халқига ҳужум қилинишидан қўрқмаймиз. Сабаби, Магўг юртидаги Гўг ҳужум қилганида мағлубиятга учраб, бутунлай йўқ қилинишига ҳамда Худонинг халқи абадий қолишига аминмиз b.

Хотима.

Марк Сандерсон биродаримиз «Янги дунё таржимаси»нинг чўнтакка сиғадиган нашри чоп этилганини эълон қилди. Шунингдек, Муқаддас Китобнинг аудио ёзувлари чиқишини айтиб ўтди. Бу аудио ёзувларда Муқаддас Китобдаги ҳар бир қаҳрамонга алоҳида овоз берилади. Бу аудио ёзувлар Инжилнинг Матто китобидан бошлаб jw.org сайтига қўйилади.

Сандерсон акамиз 2015 йилги оят Забур 105:1 га асосланганини айтди. Оятда шундай деб ёзилган: «Эгамизга шукрона айтинг, У яхшидир!» Марк биродаримиз барчани Яҳовага ҳар куни шукрона айтиш учун сабаб излашга ундади.

Дастур якунида «Яҳова — Сенинг исмингдир» номли учинчи янги қўшиқ куйланди. Етакчи кенгашнинг еттита аъзоси ҳам саҳнага чиқиб, хор ҳамда меҳмонлар билан биргаликда бу ажойиб қўшиқни куйлашди. Чинакам тарихий учрашувнинг бундай якунланиши айни муддао бўлди!

a Бу ва кейинги иккита нутқ «Қўриқчи минораси»нинг 2015 йил, 15 март сонида чоп этиладиган мақолаларга асосланган.

b Бу нутқ «Қўриқчи минораси»нинг 2015 йил, 15 май сонида чоп этиладиган мақолага асосланган.