Асосий материалларга ўтиш

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Болгарияда

Хизмат қилишга хоҳиш билдирганлар. Болгарияда

 Болгариядаги Яҳованинг Шоҳидлари Худо ва Муқаддас Китоб тўғрисидаги ҳақиқатни бўлишиш билан банд. 2000 йилдан бери дунёнинг турли жойларида яшовчи юзлаб Шоҳидлар ёрдам бериш учун Болгарияга кўчиб ўтган. Бошқа мамлакатга кўчишнинг қандай қийинчиликлари бор? Нега бу ҳаракат қилишга арзийди? Келинг, Болгарияга кўчган баъзи имондошларимизнинг фикрларига эътибор берайлик.

Мақсад қўйиш

 Англиялик Даррен шундай бўлишди: «Биз ҳамиша ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилишни хоҳлардик. Дон билан турмуш қургач, Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни рус тилида ваъз қилиш учун Лондонга кўчдик. Бир неча марта бошқа мамлакатга кўчмоқчи эдик. Лекин турли сабабларни деб бундай қила олмаётгандик. Охири бунга умид ҳам қилмай қўйдик. Бироқ битта дўстимиз вазиятимиз ўзгарганини кўришга ёрдам бериб, орзуимизга етишимиз мумкинлигини айтди». Шундай қилиб, Даррен билан Дон ваъзгўйларга эҳтиёж катта бўлган мамлакатни қидира бошлади. Улар Болгарияни танлади ва 2011 йилдан бери у ерда хизмат қиляпти.

Даррен ва Дон

 Баъзиларда чет элда хизмат қилиш истаги бўлмаган. Лекин бу қадамни қўйган биродару опа-сингилларимизнинг ўрнаги уларни ҳам бундай қилишга ундаган. Масалан, Италияда яшаган Жейда ва Люка жуфтлигини олайлик. Жейда шундай деб бўлишди: «Жанубий Америка ва Африкада хизмат қилишдан бахтиёр бўлган ғайратли ваъзгўйларни учратдим. Уларнинг хурсандчилиги ва айтганлари менга қаттиқ таъсир қилди ва маънавий мақсадларимни қайта кўриб чиқишга ёрдам берди».

Люка ва Жейда

 Томас ва Вероника иккита фарзанди — Клара ва Матиас билан 2015 йили Чехия Республикасидан Болгарияга кўчди. Қизиқ, уларни бундай қилишга нима ундади? Томас шундай деди: «Биз бошқа мамлакатга кўчган қариндошларимиз ва имондошларимизнинг ўрнаги ҳамда уларнинг воқеалари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрдик. Уларнинг қувончи қалбимизни забт этди. Биз биргалашиб уйда бу ҳақида гаплашардик». Ушбу бахтиёр оила ҳозир Болгариянинг Монтана шаҳрида хизмат қиляпти.

Клара, Томас, Вероника ва Матиас

 Линда опамиз ҳам Болгарияга кўчиб ўтган. У шундай деди: «Кўп йиллар олдин Эквадорга боргандим ва хизмат қилиш учун у ерга кўчган ваъзгўйлар билан танишгандим. Бу менда эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш истагини уйғотди». Петтери ва Надя исмли финляндиялик жуфтлик ҳам бошқаларнинг мисоллари ҳақида фикр юритишган. Улар қуйидагича деди: «Жамоатимизда баъзи тажрибали ваъзгўйлар одамларга маънан ёрдам бериш учун бошқа жойга кўчиб ўтган. Улар доим хизматнинг бу тури ҳақида қувонч билан фикр билдиришган. Уларнинг айтишича, бу ҳаётидаги энг зўр дамлар экан».

Линда

Надя ва Петтери

Пухта режалаштириш

 Чет элда хизмат қилишни хоҳлаганлар ҳамма нарсани яхшилаб режалаштириши зарур. (Луқо 14:28–30) Бельгияда яшаган Нели қуйидагиларни эслайди: «Кўчиш ҳақида жиддий ўйлай бошлаганимда бу ҳақда ибодат қилиб, мақолалар излай бошладим. Кейин уларни тадқиқ қилиб, кўчишга тайёр бўлиш учун нималар қилишим кераклиги борасида режа туздим».

Нели (ўнгда)

 Польшалик Кристиан ва Ирмина мана тўққиз йилдан кўпроқ вақт мобайнида Болгарияда яшаяпти. Уларнинг айтишича, кўчишдан олдин Польшадаги болгар тилида гапирадиган гуруҳга қатнаш фойдали бўлган. Гуруҳдагилар уларга далда бериб тилни ўрганишга кўмаклашган. Кристиан ва Ирмина қуйидагича бўлишди: «Ўзингизни Яҳовага тайёрлик ила тақдим этсангиз, У эҳтиёжларингизга ғамхўрлик қилади. Бу нақадар ажойиб! Яҳовага бажонидил: “Мен бораман! Мени юбор!” — деб айтганингиздан кейин хаёлингизга келтирмаган ишларни ҳам қила оласиз». (Ишаё 6:8)

Кристиан ва Ирмина

 Швейцарияда яшаган Рето билан Корнелия жуфтлиги кўчишга тайёрланиш ва пул тўплаш учун ҳаётини соддалаштиришга интилди. Улар шундай деди: «Болгарияга кўчишдан бир йил аввал у ерга бир ҳафтага бордик. Бу мамлакат ҳақида бироз маълумотга эга бўлдик. Шунингдек, у ерда тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб хизмат қилган бир жуфтлик бизга амалий маслаҳатлар берди». Рето ва Корнелия ўша маслаҳатларни инобатга олган ҳолда Болгарияда 20 йилдан зиёд вақт давомида хизмат қиляпти.

Корнелия билан Рето ва уларнинг иккита ўғли Лука ва Янник

Қийинчиликлар билан курашиш

 Бошқа мамлакатга кўчиб ўтганлар янги ва ҳатто қийин шароитларга мослашишига тўғри келади. (Ҳаворийлар 16:9, 10; 1 Коринфликларга 9:19–23) Кўплар учун янги тилни ўрганиш қийин кечади. Юқорида тилга олинган Люка шундай деди: «Йиғилишларда ўз сўзларимиз билан шарҳ бериш доим қувонч келтиради. Аммо мен билан хотинимга болгар тилида оддий бир шарҳ тайёрлаш жуда қийин эди. Ўзимизни болалардай ҳис қилардик. Ростини айтсам, болгариялик болалар биздан анча яхшироқ шарҳ берарди».

 Германиялик Равиль қуйидагича бўлишди: «Болгар тили мен учун қийин бўлди. Лекин ўзимга: “Ҳамма нарсани юрагингга яқин олма, хатоларинг устидан кулишга тайёр бўл”,— дердим. Қолаверса, бу қийинчиликни муаммо эмас, балки муқаддас хизмат деб билишга ҳаракат қилардим».

Равиль ва Лилли

 Юқорида тилга олинган Линда шундай деди: «Янги тилни ўрганиш қобилиятим йўқ. Қолаверса, болгар тили ҳам қийин. Кўп марта таслим бўлгим келган. Одамлар билан гаплаша олмасангиз ва улар нима деяётганини тушунмасангиз, ўзингизни ёлғиз ҳис қиласиз. Маънавийлигимни мустаҳкамлаш учун она тилимда тадқиқ ўтказардим. Охири қадрли биродару опа-сингилларимизнинг ёрдами билан бу қийинчиликни енга олдим».

 Соғинч яна бир қийинчилик. Чет элда хизмат қилиш учун борганлар уйдагиларини, яқинларини ва дўстларини соғинади. Болгарияга эри Яннис билан кўчган Ева шундай деб бўлишди: «Бошида ўзимни ёлғиз ҳис қилардим. Бу билан курашиш учун дўстларимизу қариндошларимиз билан доим қўнғироқлашиб турардик. Бу ерда ҳам янги дўстлар орттирдик».

Яннис ва Ева

 Бошқа қийинчиликлар ҳам бор. Швейцариялик Роберт ва Лиана қуйидагича деди: «Тил ҳамда маданият биз учун катта қийинчилик. Қолаверса, у ердаги қаҳратон қишга тайёр эмас эдик». Аммо ижобий ҳамда ҳазилкаш бўлиш ушбу жуфтликка 14 йилдан бери Болгарияда садоқат ила хизмат қилишга ёрдам беряпти.

Роберт ва Лиана

Баракалар

 Лилли опамизга эҳтиёж катта бўлган жойда хизмат қилиш ёқиб қолди. У буни ҳаммага тавсия қиляпти. Лилли шундай деди: «Болгарияга кўчганимда, Яҳовани бошқа томондан билиб олдим. Бу ерда бошқаларга ёрдам бериш имкониятларим жуда кўп. Бу имонимга имон қўшяпти ҳамда қувонч ва мамнуният келтиряпти». Унинг эри Равиль ҳам шундай фикрда. У қуйидагича бўлишди: «Бу энг зўр ҳаёт йўли. Болгарияда турли мамлакатлардан келган ғайратли ваъзгўйлар билан танишиш имконияти бор. Улар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўргатишда жуда тажрибали. Улардан кўп нарсани ўргандим».

 Кўпларнинг тайёрлик руҳи туфайли «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... бутун дунё бўйлаб ваъз қилиняпти». (Матто 24:14) Болгарияга кўчиб ўтганлар Яҳова уларнинг кўнглидаги орзуларига етказиб, барча режаларига ривож беришига амин бўлишди. (Забур 20:1–4)